“Инновацион педагогика” қўшма факультети ташкил этилди
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Беларусь давлат педагогика университети билан ҳамкорликда “Инновацион педагогика” қўшма факультети ташкил этилди. Мазкур факультетдаги логопедия йўналишига 100 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши кўзда тутилмоқда. Келгусида коррекцион педагогика, дефектология, инклюзив таълим, психология, мактабгача таълим йўналишларига ҳам қабул режалаштирилган. Қўшма факультет талабалари 1-, 2-, 3-курсларда Ўзбекистонда, 4-курсда эса Беларусда таҳсил олади. Талабалар учун 150 номдаги ўқув адабиётлари Беларусдан етказиб берилиши, қолаверса, икки давлат профессор-ўқитувчилари ҳаммуаллифлигида янги ўқув адабиётларини яратиш белгиланган.
— Икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда, — дейди Беларусь давлат педагогика университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Александр Жук. — Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида яқин йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди, ҳукумат ва вазирликлар ўртасида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Беларусь Республикаси Таълим вазирлиги ўртасида идоралараро олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим ҳам ана шундай ҳужжатлардан биридир. Икки халқ ўртасидаги мустаҳкам алоқаларнинг намунаси сифатида бугун Тошкент давлат педагогика университетида ўзбек-беларусь таълим маркази очилди, қўшма факультет фаолиятига тамал тоши қўйилди. Келгусида магис¬трлар тайёрлаш, илмий стажировкалар ташкил этиш, малака ошириш соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишга келишилди.
— Айни кунда таълим ҳам глобаллашиб бормоқда, — дейди Тошкент давлат педагогика университети ректори Шавкат Шарипов. — Бу эса хорижий олий таълим муассасалари билан янада чуқурроқ интеграциялашувни, шу орқали таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, кадрлар рақобатбардошлигини таъминлашни тақозо этади. Икки дипломли дастур(doubledeqree)лар мана шу жараёнлар натижасидир. Янги қўшма факультетда дарс ўтиш учун хорижлик мутахассислар жалб этилади. Алмашув дастурлари йўлга қўйилади. Беларусь давлат педагогика университетидан ташриф буюрган мутахассислар билан давра суҳбати жараёнида икки давлат ўртасида малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, илмий-тадқиқот соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби муҳим йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдик.
Шунингдек, Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида ҳам ахборот технологиялари соҳасига ихтисослашган қўшма факультет ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди. Унга кўра, келгуси ўқув йилидан бошлаб ахборот технологияларининг дастурий таъминоти, мобиль тизимларини дастурлаш, сунъий интеллект йўналишларида талабалар ўқишга қабул қилинади.
Санобар ЖУМАНОВА