Француз тили — дунё илм-фани ва маданий меросига яна бир эшик

Француз тили ўзига хос жозибага эга. Бугун бу тил 29 мамлакат учун расмий тил мақомида бўлса, 54 давлат аҳолиси иккинчи тил сифатида французчани яхши билади. Дунёда француззабонлар сони 270 миллион киши. БМТ иш юритадиган тиллардан бири ҳам французча.
Мамлакатимизда бу тилни ўрганувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлаётир. Халқ таълими тизимида 1–6-синф ўқувчилари чет тиллар бўйича янги давлат таълим стандартлари асосида таълим оляпти. Бу синфлар учун француз тили дарсликлари замон талаблари асосида яратилди. Француз тили ўқитувчилари Францияда қисқа муддатли курсларда малака оширди.
Юртимиздаги 17 олий таълим муассасасида француз тили мутахассислари, педагоглар тайёрланади ва тил ўргатилади. 2018-2019 ўқув йилида республикамизда француз тилини ўқитишга бўлган эътибор сезиларли даражада ўзгарди. Масалан, Ўзбекистон Миллий университети, Бухоро ва Самарқанд давлат университетларида лингвистика (француз тили) мутахассислиги бўйича қабул йўлга қўйилди. Филология ва тилларни ўқитиш (француз тили) бакалавриат йўналишида қабул квотаси 3 бараварга ошди. Бундан ташқари, француз тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганиш, ўрта мактабларда француз тили фани ўқитилиши, француз тилидан замонавий дарслик ва ўқув қўлланмалар яратилиши жонланди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети бу борада таянч олий таълим муассасаси ҳисобланиб, француз филологияси факультетида айни чоғда саккиз юздан ортиқ талаба таълим олади.
— Университетимиз ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан буён Франциянинг турли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган, — дейди мазкур олий таълим муассасасининг хал¬қаро алоқалар бўлими мутахассиси Улуғбек Бекмуродов. — Айниқса, 2014 йили Версаль Академияси билан имзоланган икки томонлама ўзаро англашинув меморандуми ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ўтган йилларда факультетимизнинг салкам тўқсон фоиз профессор-ўқитувчилари ушбу академиянинг қисқа муддатли курсларида малака оширди. Ундан ташқари, Erasmus+ халқаро дастури доирасида ҳам кўплаб ўқитувчи-талабаларимиз турли курсларда ўқиб қайтди. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам франциялик мутахассисларни жалб этган ҳолда тилни ўқитиш тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотларга яқиндан кўмаклашмоқда. Масалан, ўтган йили профессор Александр Гроше ҳамда Климантин Желярд хонимлар университетимизда бўлиб, француз тили фани ўқув дастури ва ўқув режаларини такомиллаштириш юзасидан ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Бу ўқув йилида эса Лувен Мари хоним талабаларга дарс бермоқда.
Янги ўқув йили бошида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Франциядаги Сержи-Понтуаз университетининг Таълим ва ўқитувчилар тайёрлаш олий мактаби ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шартномада таълим дастурларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик, мутахассислар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот соҳаларида ўзаро кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
— Бу олий мактабда бошланғич ва умумий ўрта таълим муассасалари учун ўқитувчилар тайёрланади, — дейди Улуғбек Бекмуродов. — Янги шартнома доирасида ҳам қатор истиқболли лойиҳалар кўзда тутилди. Жумладан, бошланғич ва умумий ўрта таълимда фаолият юритувчи француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, малака ошириш курслари машғулотларини олиб борувчи тьюторлар тайёрлаш, тьюторлар учун мўлжалланган инновацион педагогик ресурсларни ривожлантириш, ҳамкорликда тўгараклар юритиш, француз тили ўқитувчиларини тайёрлашга оид дастурлар ишлаб чиқиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Миллий университети хорижий филология факультетининг “Француз филологияси” кафедраси ҳам 2013 йилдан буён Франциянинг Тур, Артуа, Туатье ва Гренобиль университетлари билан ҳамкорлик ўрнатган.
— Бу йил Сорбонна ҳамда Анже университетлари билан шартномалар имзоланди. Янги ўқув йилида Сорбонна университети профессори Франц Воерли, Анже университети профессори Лендвин Тортерю ва Руан университети ўқитувчиси Клемансин Жилар хорижий филология факултети талабалари ва магистрларига CEFR стандартининг С1 даражаси бўйича дарс бериш билан бирга тил тўгаракларида ҳам машғулотлар олиб боряпти, — дейди “Француз филологияси” кафедраси мудири, профессор Раҳима Ширинова. — Хорижлик ҳамкасбларимиз кафедрага ёш олимлар илмий ишларини янада такомиллаштириш борасида ўз фикр-мулоҳазалари билан кўмаклашади. Шунингдек, улар билан ҳаммуаллифликда 2 та дарслик, 3 та ўқув қўлланма, 2 та аудиовизуал электрон луғат яратилди.
Ҳозирги кунда олий таълим муассасасида Экс-Марсель, Бордо, Оверни ва бошқа француз университетлари билан академик алмашинув, қўшма факультет очиш ва икки томонлама диплом бериш дастури бўйича музокаралар бормоқда.
— Француз тили ўрганувчилари ўртасида ҳар йили Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Халқаро “Франкофония” танлови ўтказилади, — дейди тарих факультети 4-курс талабаси Шуҳрат Келдиёров. — 2015–2017 йиллари бу тадбир университетимизда бўлиб ўтди. Ўтган ўқув йили танловда 1-ўринни қўлга киритдим. Мукофот сифатида Францияда бир ойлик курсда француз тили ва маданияти бўйича ўз билимларимни бойитдим. Келгусида магистратура бўйича Сарбонна университетида ўқишни ният қилганман.
Университетлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилишида “Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамиятининг ҳам ҳиссаси бор. Жамият 1998 йилда ташкил топган бўлиб, Ўзбекистон ва Франция давлатлари ўртасида санъат, маданият, илм-фан ва таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади. Сўнгги уч йилда Франциянинг Артуа, Пуатье, Тур, Ницца университетлари мутахассислари Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент давлат юридик университетида фаолият олиб борди.
— Шу йил июнь ойида Тошкент шаҳридаги ОТМлар француз тили ўқитувчилари учун “Чет тилларни ўқитишда халқаро тажрибанинг ўрни” мавзусида семинар ўтказилди, — дейди жамият директори Р.Ширинова. — Семинарда ЎзМУда фаолият олиб борган Сорбонна университетидан профессор Франц Воерли ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Олим ўтган ойда ЎзМУнинг хорижий филология факультети “Француз филологияси” кафедрасидаги ўқув жараёнига ҳам жалб этилди. Франциянинг Анже университетидан Людвин Тортерю де Сазийи хоним ЎзМУ, ЎзДЖТУ ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида келгуси 7 ой давомида ўқув машғулотларини олиб боради.
Охирги уч йилда Франциянинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда “Француз тили” аудио дарслиги (Камий Лаураен, Артуа университети), “Миллий-маданий сўзлар луғати” (Жонатан Ле Конт, Тур университети), “Оғзаки нутқ кўникмалари” (Александр Гроше) дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди. Бундан ташқари, иқтидорли талабаларнинг ўзбек шоирлари А.Орипов ва Э.Воҳидовнинг шеърларидан француз тилига қилган таржималари француз мутахассислари таҳрири остида нашр қилинди.
Аброр УМАРҚУЛОВ