BULAC кутубхонаси
Президентимизнинг шу йил 8-9 октябрь кунлари Францияга расмий ташрифи Ўзбекистон — Франция ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди. Бу ҳамкорлик доирасида ҳар икки давлат олий таълим муассасалари томонидан ҳам турли келишувлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида Париждаги Шарқ тиллари ва цивилизацияси миллий институти ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасида турли семинарлар ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, биргаликда илмий-тадқиқотлар олиб бориш борасида ўзаро шартномалар имзоланди.
Шарқ тиллари ва цивилизацияси миллий институти Франциядаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири. Мазкур муассасада
дунёнинг турли томонидан келган ўн мингга яқин талаба таълим олади. Эндиликда янги йилдан бошлаб, тил ихлосмандлари учун ўзбек тили ҳам ўргатилади.
— Институтимиз ўзбек тили ва маданияти чуқур ўрганиладиган, тадқиқ қилинадиган мамлакатимиздаги ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади, — дейди институт президенти Мануэль Франк хоним. — Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан имзоланган ҳамкорлик шартномалари бу борадаги фаолиятимизда катта самара беради. Ўзбек тили Марказий Осиёда энг кенг тарқалган тил бўлиб, бу тил орқали нафақат Ўзбекистон, балки қўшни халқлар маданиятини ҳам яқиндан ўрганиш имкони бор.
Мазкур олий таълим муассасаси қошидаги BULAC (Bibliothиque universitaire des langues et civilisations) кутубхонаси франциялик кўплаб китобсеварларнинг севимли маскани. Беш мингдан зиёд олим бу ерда доимий изланади. Бир вақтнинг ўзида йигирма беш мингдан ортиқ талаба ва ўқувчи кутубхона манбаларидан фойдаланиши мумкин. Мавжуд 1,5 миллиондан ортиқ китоб фондининг беш юз мингтаси Осиё минтақасига тегишли адабиётлар. Уларнинг ўн мингтаси эса мамлакатимиз ўтмишига дахлдор энг ноёб қўлёзмалар саналади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юртимиз тарихи, илм-фани, маданияти бўйича тадқиқот олиб бораётган олимлар, ёш изланувчилар ва талабалар, аввало, ана шу китобларга мурожаат қилади.
— Кутубхонамизда Француз миллий кутубхонасидан сўнг Шарқ қўлёзмаларининг энг катта тўплами мавжуд, — дейди BULAC кутубхонасининг илмий директори Бенжамин Гишар. — Бу ерда қадим босма нашрларнинг жуда йирик фонди жой олган. Француз илмий жамоатчилиги Ўзбекис¬тонга Шарқ цивилизация чорраҳасидаги юрт сифатида доимо қизиқиш билан қарайди. Кутубхонамиз тадқиқотчилари томонидан шарқнинг буюк алломалари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп мақолалар чоп этиб борилади.
Эътиборлиси Хоразм вилояти, Қўшкўпир туманида туғилиб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, сўнг Франциядаги Сорбонна университетида таълим олган Дониёр Рўзметов BULAC кутубхонасининг Марказий Осиё фо раҳбарлик қилади. У айни пайтда Париж Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институтида “Марказий Осиё давлатларида туризм, ёдгорликлар ва миллий ўзлик” мавзусидаги докторлик ишини якунлаш арафасида.
— Одатда кутубхоналар соҳаларга, масалан, иқтисод, сиёсат, тарихга бўлинса, бу кутубхона давлатларга, ҳудудларга бўлинади, — дейди Дониёр Рўзметов. — Кутубхона фондида Муҳаммад ал-Хоразмий, Маҳмуд аз-Замаҳшарий, Абу Райҳон Беруний, Имом ал-Бухорий, Алишер Навоий каби улуғ алломаларимизнинг қўлёзма китоблари ва уларнинг француз шарқшунослари томонидан лотин, француз, инглиз, немис тилларига таржима қилинган илк таржималари бор. Мазкур китобларнинг турли даврларда чоп этилган нусхалари француз оммаси, хусусан, илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланувчи олимлар учун бой манба бўлиб хизмат қиляпти.
Мазкур кутубхонага “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумида чоп этилган китоб ва альбомлар топширилди. Бу бебаҳо туҳфа Франция илмий доира вакилларининг Буюк Ипак йўли марказида жойлашган юртимиз, жаҳон илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган боболаримиз мероси, Шарқ жавоҳирлари ҳақидаги тасаввурларини янги далиллар, янги қарашлар билан бойитади.
Назира МАМБЕТШАРИПОВА,
Аброр УМАРҚУЛОВ