Эътироф ишонч ва қувват бағишлайди
Мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига, уларнинг чуқур билим олиб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва чет тилларни мукаммал эгаллашига қаратилаётган эътибор туфайли ўзбекистонлик йигит-қизлар халқаро танлов ва фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашмоқда. Совринли ўринлар соҳиби бўлиб, ўзларига билдирилаётган юксак ишонч ва ғамхўрликни оқлаётир. Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети магистранти, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендианти Шомурод Шопўлатов ҳам шундай изланувчан ёшлар сирасига киради.
Шу йил март ойида Москва шаҳридаги Миллий тадқиқотлар университетида IX халқаро математика фани олимпиадаси ўтказилди. Икки кун давом этган нуфузли беллашувда жаҳоннинг кўплаб олий таълим муассасаларидан келган 250 нафардан ортиқ талаба ўз Ватани шарафини ҳимоя қилиш учун бор билим ва иқтидорини намойиш этди.
Фан олимпиадасида юртимиз ёшлари ҳам муносиб қатнашди. Айниқса, Шомурод Шопўлатовнинг мисолларга осон ва ноодатий усулларда жавоб топиши, масалаларни тегишли формулалар ёрдамида тезкор ечиши иштирокчи ва ҳакамларни ҳайратда қолдирди. У олимпиада якунида кумуш медалга сазовор бўлиб, ота-онаси ва устозлари билдирган ишончни оқлади...
Шомурод болалигидан математикага ўзгача меҳр билан улғайди. Олти ёшида мактабга суҳбатга борганида саволларнинг ҳаммасига жавоб беради. Шундан сўнг болакайдан одам расмини чизиб бериш сўралади. Комиссия аъзолари инсон қўли ўрнига қуш қаноти расмини чизган кичкинтойга 1-синфга ҳали тайёр эмас, деган хулоса беришади. Шунда Шомуроднинг онаси: «Ўғлимнинг расм чизишга ҳали уқуви йўқдир, бироқ математикадан билими яхши. Ишонмасангиз, 2-, 3-синф ўқувчилари учун мўлжалланган мисоллардан бериб кўринг», дейди. Ниҳоят, охирги синов — берилган мисол ва масалаларга иккиланмай жавоб берган Шомурод мактабга қабул қилинади.
Шомурод севимли фани — математикани дастлаб бошланғич синф ўқитувчиси Ҳулкар Иброҳимовадан ўрганади. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ турли кўрик-танлов ва беллашувларда қатнашиб, билимини мустаҳкамлайди. Сўнг лицей ва университетда ҳам ёқтирган фани бўйича пухта таълим олиб, Карим Раҳимов, Азимбой Саъдуллаев каби жонкуяр устозлардан кўп нарса ўрганади. Астойдил ўқиб-ўрганиши муваффақиятларга эшик очди. Шомурод фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириш баробарида, талабалар ўртасида ўтказилган фан олимпиадаларида бир неча бор ғолиб чиқди. 2015 йили унинг билими муносиб эътироф этилиб, Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендияси билан тақдирланди.
Интилганга — толе ёр. Иқтидорли йигитнинг саъй-ҳаракатлари эътиборсиз қолгани йўқ. «Математика фанидан сараланган тестлар», «Геометрияга оид олимпиада масалалари ва уларнинг ечимлари таҳлили» номли услубий қўлланмалар, илмий мақолалар, фундаментал лойиҳалар муаллифи 2017-2018 ўқув йилида магистратура мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига муносиб топилди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёш авлодга юксак ишонч билдириб, ўқиб-ўрганишимиз учун кенг имкониятлар яратаётган айни пайтда «Олма пиш, оғзимга туш», деб қўл қовуштириб ўтириш бизга ярашмайди, — дейди Шомурод Шопўлатов. — Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун тинимсиз меҳнат қилиш олдимга қўйган қатъий мақсадим. Интилишларим боис давлат стипендияси билан тақдирландим. Бу зиммамга алоҳида масъулият юклайди. Эътибор ва эътирофга муносиб бўлишга доим интиламан. Бу йўлда халқимизнинг, давлатимиз раҳбарининг ишончи менга куч-қувват бағишлайди. Ҳозир физика-математика фанлари доктори, академик А.Саъдуллаев раҳбарлигида «Субгармоник функциялар ва поляр тўпламлар» мавзусида илмий изланиш билан бандман. Ниятим — физика-математика соҳасида, динамик системалар йўналишида тадқиқот олиб бориб, мамлакатимизнинг тараққиётига ҳиссамни қўшиш.
Дилором КОМИЛЖОНОВА