Олмалиқда Россиянинг “МИСиС” университети филиали очилди
Олмалиқ шаҳрида Россиянинг Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Россия фан ва олий таълим вазири Михаил Котюков, Ўзбекистон олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, “МИСиС” ректори Алевтина Черникова ва бошқалар иштирок этди.
“МИСиС” ректори Алевтина Черникованинг таъкидлашича, ушбу филиал талабалари бакалавриат ва магистратура босқичларини Россияда давом эттириш имконига эга бўлади. Шунингдек, Москва орқали онлайн режимда дарс машғулотлари ҳам ўтказилади. Мазкур университетни битирган талабалар IELTS сертификатига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, филиал Президентнинг 2018 йил 11 майдаги ПҚ-3714-сон Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган.
“МИСиС” филиалига Навоий давлат кончилик институтининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган биноси ва Олмалиқ саноат касб-ҳунар коллежининг биноси текин фойдаланиш учун берилганди.
2018/2019 ўқув йилида филиал учун ажратилган квота миқдори 150 кишини ташкил қилади. Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда “МИСиС” МТТУ томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар бўйича амалга оширилади.