Олий таълим соҳасидаги йирик форум
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида кўплаб муҳим анжуманлар, форум ва тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон – Россия таълим форуми улар орасида алоҳида аҳамият касб этади.
Илк маротаба ташкил этилаётган "Янги иқтисодиёт учун – янги кадрлар" мавзусида мазкур форум икки мамлакатнинг олий таълим тизими, илм-фан, инновацион технологиялар соҳаси мутасаддилари, олимлар, профессорлар, педагогик жамоатчилик, ёш тадқиқотчиларни ўз атрофига жамлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов, олий таълим вазири И.Мажидов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори А.Мараҳимов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Б.Ходиев ва бошқалар кейинги йилларда янгиланиш жараёнлари таълимнинг барча бўғинлари, жумладан, олий таълимда ҳам ўз ифодасини
Россия Федерацияси Президентининг ҳудудлараро ва хорижий мамлакатлар билан маданий алоқалар бошқармаси бошлиғи Владимир Черновнинг таъкидлашича, ўтган чорак аср мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар наинки сиёсий-стратегик жиҳатдан, балки ўзаро манфаатли, ишончли, самимий ҳамкорлик асосида кенг йўлга қўйилди. Бунда ўзаро келишув ҳужжатларининг имзоланиши баробарида уларни ҳаётга жорий этиш ҳам муҳимдир. Бу эса ўзаро мулоқотнинг мустаҳкамланиши билан бевосита боғлиқ.
– Бу форум ўзаро манфаатли режаларни биргаликда амалга ошириш имконини беради, – дейди Россия Федерацияси фан ва олий таълим вазири Михаил Котюков. – Бугунги кунда ўзбекистонлик талабалар ҳам Россия олий таълим даргоҳларида таҳсил олмоқдалар. Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик жадал ва кўп қиррали характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса кадрлар тайёрлашни сифат ва миқдор жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Россия ректорлар уюшмаси президенти, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори Виктор Садовничийнинг айтишича, мазкур форум Ўзбекистон ва Россия олий таълим, илм-фан соҳасидаги муҳим воқеадир. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳаётга жорий этилаётган Ҳаракатлар стратегияси мамлакат тараққиётида зўр импульс бермоқда. Ўзбекистонда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгани халқнинг миллий анъаналарига ҳамоҳанглиги билан диққатга сазовор. Мамлакатда буюк алломалар номидаги ихтисослаштирилган ўқув муассасалари ташкил этилаётгани, жумладан, Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат очилгани эътиборга моликдир. Ушбу форум икки давлат олий таълим даргоҳлари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришда янги даврни очиши муқаррар.
– Бундай нуфузли даврадаги учрашув олий таълим даргоҳлари орасидаги янги алоқалар, ҳамкорликдаги режалар, қўшма дастурларни амалга ошириш имконини беради, – дейди Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори Анатолий Торкунов. – Ўзбекистоннинг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан биргаликда кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Форумда икки давлат олий ўқув муассасалари ўртасида қўшма факультетлар, Россиянинг етакчи университетларининг юртимиздаги филиалларини ташкил этиш, қўшма лойиҳалар, талабалар алмашинуви, педагоглар малакасини ошириш, маҳорат сабоқлари ва бошқа ҳамкорликдаги чора-тадбирлар бўйича кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро, Фарғона давлат университетлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувлари, давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ўртасидаги келишув, Тошкентда Москва давлат халқаро муносабатлар институти филиалини очишга оид мазкур ўқув муассасаси билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасидаги келишув ва бошқа ҳужжатлар шулар сирасига киради.
Таълим анжумани иштирокчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда, "Рус тили – илмий-маърифий соҳада рақобатбардошлик омили сифатида", "Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигининг устувор тизимида техник таълим", "Иқтисодиётнинг муҳим йўналишлари учун кадрлар тайёрлашнинг шакли ва механизмлари", "Олий мактабда илм ва инновациялар" каби мавзулар асосида соҳага доир мавзуларни муҳокама этдилар.
Форум якуни бўйича Ўзбекистон ва Россия олий таълим тизимидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича якуний резолюция қабул қилинди.
Манба:www.uza.uz