Таълим ва илм-фан кўприги
18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон — Россия таълим форуми бўлиб ўтди. “Янги иқтисодиёт учун — янги кадрлар” форуми мазкур йўналишда дастлабки йирик тадбир бўлиб, икки давлатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Форумда иккала давлат Президентлари администрациясининг масъул ходимлари, ҳукумат раҳбарлари, таълим вазирликлари, олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди. Хусусан, Россиянинг 80 дан зиёд етакчи олий таълим муассасалари ректорлари қатнашди.
Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов миқёси ва аҳамияти ниҳоятда салмоқли бўлган форум иштирокчиларини қизғин қутлади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда “инсон капитали” ва таълимни ривожлантиришга катта инвестиция киритилаётганини таъкидлади. Юртимизда ҳар йили 600 мингдан зиёд ёшларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, бор-йўғи 10 фоизи талаба бўлаётгани таълим хизматларига талаб ва эҳтиёжнинг юқорилигини кўрсатади. Шу боис сўнгги йилларда қабул квоталари оширилди, 13 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди. Олий таълим қамровини ошириш мақсадида халқаро алоқалар мустаҳкамланди. Жорий йилнинг ўзида хорижий олий таълим муассасалари билан 8 та филиал, 22 та қўшма факультет, 46 та икки томонлама қўшма дастурларни жорий қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. Хал¬қаро ҳамкорликни янада кучайтириш, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, юқори малака ва кўникмага эга мутахассисларни камолга етказиш мақсадида мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари, қўшма факультетлар очиш, “икки диплом” таълим дастурлари, илмий марказ ва лабораториялар ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон ҳамкорликка тайёр ва очиқ.
Янги ташкил этилган филиал ва қўшма факультетлар учун солиқ ва божхона имтиёзлари берилиб, ўқув бино ва корпуслари ажратилади, тегишли шарт-шароитлар яратилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг таъкидлашича, ўқув дастурларини такомиллаштириш, қўшма факультетлар, икки диплом берувчи таълим дастурлари, етакчи университетлар филиалларини ташкил этиш, олий таълим муассасалариаро замонавий илмий-тадқиқот мажмуаларини ривожлантириш, магистратура ва докторантура босқичларида юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, талабалар конференциялари, тафаккур синовлари, фестиваллар, спорт мусобақалари ташкил этиш орқали ёшларнинг кенг мулоқоти ва фикр алмашинувига йўл очиш кабилар Россия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликнинг асосий истиқболли йўналишларига киради.
— Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ўтказилаётган бугунги форум ҳар иккала давлат, иккала халқнинг илмий салоҳиятини намоён этиш, илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш соҳаларида тажриба алмашишга қаратилган, — дейди М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори, Россия ректорлар иттифоқи президенти Виктор Садовничий. — Россияда 800 дан зиёд олий таълим муассасаси фаолият юритади. 4 миллиондан ортиқ талаба таҳсил олади. Ўзбекистон таълим соҳасидаги муҳим ҳамкорларимиздан. Ўзбекистон олий таълим муассасаларида илмий салоҳият ниҳоятда юқори. Айниқса, ўзбек математика мактабини алоҳида эътироф этиш керак. Шундай экан, нега илмий мактабларни бирлаштирмаслигимиз, ўзаро тажриба алмашмаслигимиз керак? Қолаверса, ўзбекистонлик ёшлар Россия олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ариза топширувчи хорижликлар орасида сон жиҳатидан етакчилик қилади. Бу ҳам Ўзбекистонда ёшларнинг илм олишга иштиёқи юқорилиги, таълим хизматларига талаб катталигини кўрсатади. Бугунги форум икки мамлакат олий таълим муассасаларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш баробарида ректорларнинг ўзгаришга юз тутаётган таълим фалсафаси, замонавий ўқитишда педагогнинг роли, дарсликларга қўйиладиган талаблар каби долзарб мавзулар юзасидан фикр алмашувида муҳим аҳамият касб этади.
Форумда Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдаги долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри, очиқ мулоқот тарзида биргаликда муҳокама қилиш имконига эга бўлди. Сўзга чиққанлар умумий тарих ва муштарак маданият таълим соҳасидаги мус¬таҳкам ҳамкорлик ва барқарор тараққиётни кафолатлашини таъкидлади. Ялпи йиғилишда меморандум, ҳамкорлик битими, шартномаларни имзолаш маросими ҳам ўтказилди.
Форум ялпи йиғилишидан сўнг муҳокамалар “Рус тили — илмий-таълимий соҳада рақобатбардошлик омили”, “Рус-ўзбек ҳамкорлигида техник таълимнинг аҳамияти”, “Иқтисодиётнинг муҳим соҳалари учун кадрлар тайёрлаш шакл ва механизмлари”, “Олий мактабда фан ва инновация” мавзуларида шўъбаларда давом этди.
Ректорларнинг чиқишида Ўзбекистон малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш борасида Россия Федерацияси билан стратегик аҳамиятга эга ҳамкорлик алоқаларини олиб бораётганига алоҳида урғу берилди. Жумладан, Россиянинг М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Г.В.Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети каби нуфузли олий таълим муассасаларининг Тошкент шаҳридаги ҳамда Россия “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали фаолияти хусусида сўз юритилди. Форум доирасида шу йил фаолият бошлаган, 150 нафар талабани ўз бағрига олган Олмалиқ шаҳридаги филиалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Россия “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС” ректори Алевтина Черникова филиалда таълим жараёни кон-металлургия ишлаб чиқариш соҳаси билан интеграциялашган ҳолда олиб борилишини таъкидлади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги тўртта олий таълим муассасасида Россиянинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда икки томонлама диплом бериш бўйича қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Москва шаҳридаги Миллий ядро тадқиқотлар университетининг Москва муҳандислик-физика институти билан магистратура бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан шартнома имзоланди.
Шунингдек, С.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти билан Тошкент шаҳрида институт филиалини очиш ва кинематография соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш, малакасини ошириш ва тажриба алмашувини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Энг муҳими, форум доирасида имзоланган 150 га яқин шартномаларга кўра Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар асосида талабаларни ўқитиш, факультет ва кафедралар филиалини ташкил қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш учун замин ҳозирланди.
— Мамлакат тараққиётида таълим ва фан ҳаракатга келтирувчи куч вазифасини бажаради, — дейди Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов. — Ҳар иккала мамлакатда таълим ва фан ривожига ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани қувонарли. Форум фақат ўқув эмас, илмий ҳамкорлик алоқаларини ҳам мустаҳкамламоқда Айни кунда университетимиз таркибида учта илмий-тадқиқот институти, нанотехнология маркази, қирқта лаборатория фаолият юритмоқда, юздан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Форум доирасида илмий муассасаларимиз яна кўпайди — М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети билан ҳамкорликда “Ломоносов — Мирзо Улуғбек” илмий ўқув маркази ташкил этилди.
— Тошкент кимё-технология институти Россиянинг 15 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик олиб боради, — дейди институт ректори Шуҳрат Муталов. — Бу алоқалар янги босқичга чиқиш арафасида турибди. Форум доирасида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг филиалини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Филиалда иқтисодиётимизнинг реал секторлари учун зарур бўлган кадрлар хал¬қаро стандартлар асосида тайёрланади.
Тадбирнинг иккинчи куни ҳамкорларнинг мулоқоти ўтказилди. Олий таълим муассасаларига ташриф уюштирилди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида А.С.Пушкин номидаги рус тили ва маданияти маркази очилди. Рус халқи маданиятини ўзида мужассам этган мўъжаз марказда келгусида шеърият кечалари, маданий учрашувлар, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ташкил этиш режалаштирилган.
— Форум ректорлар учун мулоқот майдони вазифасини бажарди, — дейди Оренбург давлат университети ректори Жанна Ермакова. — Самарали музокаралар натижасида Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш институти билан ҳамкорлик шартномаларини имзоладик. Жараёнда талабаларнинг илмий ва инновацион форумларини ўтказиш, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш борасида келишувларга эришилди. Умуман, форум икки давлат олий таълим муассасалари учун мулоқот кўприги вазифасини бажарди.
Икки кун давом этган форум муваффақиятли якунланди. Тадбир сўнгида Ўзбекистон — Россия таълим форуми якуний резолюцияси қабул қилинди.
Санобар ЖУМАНОВА