Муштарак мақсадлар йўлида
18–20 октябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Россия таълим форуми икки томонлама манфаатли алоқалар ўрнатиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун қулай имконият бўлди.
Миқёси ва мазмунига кўра ғоят муҳим бўлган мазкур тадбир доирасида россиялик ҳамкорлар билан бир қатор келишувларга эришилди. Жумладан Самарқанд давлат университети билан Россиянинг Ульянов давлат университети, Н.И.Лобачевский номидаги Миллий тадқиқот Нижегород давлат университети, Х.М.Бербеков номидаги Кабардин-болқор давлат университети ўртасида ҳамкорлик битими, Адигей давлат университети, Жанубий Ураль давлат университети билан таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу шартномалар ўзбек ёшларининг Россиядаги олий таълим муассасаларида ўқиши, СамДУда россиялик талаба ва тадқиқотчиларнинг кўпайишига хизмат қилади.
Шу кунгача ҳам университетимиз Қозон федерал университети, Санкт-Петербург электротехника университети, Шимолий Кавказ федерал университети билан ҳамкорлик олиб бораётган эди.
Бугунги глобаллашув даврида хал¬қаро алоқаларни ривожлантириш жуда муҳим. Барча университетлар дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари даражасига кўтарилиш, меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлашга ҳаракат қилмоқда. Табиийки, ҳеч бир олий таълим муассасаси бу жараёнлардан алоҳида ривожланолмайди. Жаҳон илм-фани ва таълимига интеграциялашув мураккаб жараён бўлиб, муайян вақт ва моддий воситаларни талаб этади.
Халқаро ҳамкорлик ўрнатиш учун Россиядаги ОТМлар истиқболли шерик ҳисобланади. Бизни олдин умумий бўлган таълим тизими бирлаштириб туради. Ўзини оқлаган ҳамкорлик алоқалари мавжуд. Бу қўшма таълим дастурларини қийинчиликсиз амалга оширишга асос бўлади. Иккала мамлакат таълим тизими учун умумий бўлган анъаналардан бири фундаменталликдир. Халқаро ҳамкорликда университетимиз илмий алоқаларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Талабалар, докторантлар, ўқитувчилар алмашиш дастури орқали таълим қамровини кенгайтириш ниятидамиз. Бу ёзги мактаблар, малака ошириш шаклида ташкил этилади.
Университетимиз илмий соҳада тенг ҳамкорлик олиб боришга тайёр. Айни кунда муассасамизда 14 факультет ва 65 кафедра фаолият олиб бормоқда, 38 йўналиш ва 45 ихтисослик бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. АРМнинг 4 миллион ададлик кутубхона фонди рақамли шаклга ўтказилмоқда. Китоблар орасида нодир манбалар, ноёб қўлёзмалар мавжуд.
Муассасамизда фаннинг устувор йўналишлари бўйича янги лабораториялар ташкил этилмоқда. Уларда қуёш энергетикаси, замонавий электроника учун зарур материаллар, юқоримолекуляр бирикмалар, яримўтказгичли ва нанотаркибли металларни синтез қилиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, доривор ўсимликлар таъсирини аниқлаш, биотехнологик ишлаб чиқариш, турли касалликларни даволаш учун тиббиёт препаратлари яратиш бўйича ҳам тадқиқотлар ўтказилади.
Россия олий таълим муассасалари билан эришилган келишувлар университетимизнинг илмий салоҳиятини юксалтиради, уни интеллектуал мулк бозорининг тўла ҳуқуқли субъектига айлантиради.
Рустам ХОЛМУРОДОВ, Самарқанд давлат университети ректори