Заковат ва дўстлик тантанаси
Шарқу Ғарбни ўзаро боғлаган, буюк цивилизациялар туташган юртимиз ҳудудида илм-фан, маданият азалдан ривожланган. Айниқса, ўрта асрларда она заминимиздан етишиб чиққан минглаб олиму шоирлар, буюк мутафаккирларнинг математика, физика, кимё, астрономия, тиббиёт, тарих, адабиёт каби кўплаб соҳаларга оид асарлари бутун башариятнинг маънавий мулкига айланган.
Ўша даврдаги энг буюк мутафаккир олимлардан бири Муҳаммад ал-Хоразмийдир. Бугун бутун дунё фойдаланадиган ҳисоб-китоб амаллари, замонавий технологиялар фаолияти ана шу бобокалонимиз яратган қоидаларга асосланади. Бутун дунё Хоразмийнинг илм-фан ривожи йўлидаги ҳиссасини юксак қадрлайди, уни вояга етказган заминга алоҳида эҳтиром билан қарайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқида Ўзбекистонда ал-Хоразмий хотирасига бағишлаб, ёш математиклар ўртасида халқаро олимпиада ўтказишни таклиф қилган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 26 августдаги қарорида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиадани ташкил этиш белгиланди.
Шу йилнинг 28-30 октябрь кунлари Урганч шаҳрида илк маротаба талабалар ўртасида математика фанидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги I халқаро олимпиада ўтказилди. Унда дунёнинг 20 давлатидан 56 та университет жамоаси ўз билимини синовдан ўтказди.
Олимпиаданинг асосий тадбири Урганч шаҳридаги "Ёшлик" спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Беллашувнинг очилиш маросимида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Хоразм вилояти хокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Математика институти директори Шавкат Аюпов сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади. Шунингдек, Пиза университети профессори, Бартолоцци мукофоти соҳиби Марко Абате халқаро олимпиада қатнашчиларига онлайн табрик йўллади.
— Ўрта асрларнинг илк даврида Шарқда амалга оширилган буюк илмий кашфиётлар ҳақида гапирар эканмиз, замонавий математика, тригонометрия ва география фанлари тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад ал-Хоразмий номини биринчилар қаторида тилга оламиз. У ўнлик ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берди ва амалиётга татбиқ этди. Бу эса математика ва астрономия фанлари ривожида кескин бурилиш ясади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Математика институти директори Шавкат Аюпов. — Ал-Хоразмий алгебра фанига асос солди, илмий маълумот ва трактатларни баён этишнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиқди. У астрономия, география ва иқлим назарияси бўйича кўплаб илмий асарлар муаллифидир. Буюк алломанинг дунё илм-фани ривожидаги хизматлари умумэътироф этилиб, Шарқ олимлари орасида фақат унинг номи ва асарлари "алгоритм" ва "алгебра" каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада нафақат буюк аждодимиз номини абадийлаштириш, балки ёшларимизнинг математикага оид билимини ривожлантириш, чет эллик тенгдошлари билан фикр, тажриба алмашиш имконини беради.
Олимпиада низомига кўра иштирокчиларга алгебра, математик таҳлил, геометрия, комбинаторика йўналишларига оид 5 та математик масала ва уларни ечиш учун 5 соат вақт берилди. Ҳар бир масала енгил, ўрта, оғир даража асосида баҳоланди. Жараённи математика бўйича жаҳондаги таниқли экспертлар, МДҲ мамлакатларининг профессор-ўқитувчилари ва юртимиздаги тажрибали олимлар, маҳоратли ўқитувчилар кузатиб борди.
— Ўзбекистонда қурилиш, транспорт коммуникациялари соҳасидаги ютуқлар ҳақида кўп эшитганман. Юртингизда сўнгги йилларда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатиб, ўзбек ёшлари учун улкан имкониятлар яратилаётганига гувоҳ бўлдим, — дейди Ереван давлат университети профессори Вазгин Микайилян. — Ушбу халқаро фан олимпиадасининг ташкил этилиши ҳам илм-фан соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлардан далолат. Олимпиадани кузатиб амин бўлдимки, Ўзбекистон ёшлари математика фани бўйича ҳақиқатан ҳам аждодларига муносиб тарзда ўз салоҳиятини кўрсатмоқда. Бу беллашув Ал-Хоразмий қолдирган илмий меросни чуқур ўрганадиган бўлғуси математикларни кашф этишга ҳисса қўшади.
Халқаро фан олимпиадаси иштирокчилари Хива шаҳридаги Ичанқалъа, Урганч шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий майдонига ташриф буюриб, қадимий обидаларимизни томоша қилди. Экскурсия, айниқса, хорижлик ёшларда катта таассурот қолдирди.
— Аввал ҳам математика бўйича халқаро фан олимпиадаларида қатнашганман. Тенгдошларим, хусусан, ўзбекистонлик ёшларнинг билим даражасидан хабардорман. Шу боис, ушбу фан олимпиадасига жиддий тайёргарлик кўрдим, — дейди Беларусь давлат университети талабаси Анна Бобровка. — Бундай нуфузли беллашувларда билимни синовдан ўтказиш баробарида кўплаб дўстлар орттириш ҳам мумкин. Англиялик Бенедик Домбос, болгариялик Эмилян Иванов, қозоғистонлик Мақсад Қувонишбой, россиялик Данило Белоусов, ўзбекистонлик Сардор Бозоров, Толибжон Исмоилов каби тенгдошларим билан яқиндан танишдим. Кейинчалик ҳам улар билан интернет орқали боғланиб туришга келишиб олдик.
Махтумқули Фиғоний номидаги Туркманистон давлат университети талабаси Мурод Чашминов ҳам ушбу олимпиадада асрларга тенгдош обидаларни айланиб, унутилмас таассуротларга эга бўлгани ҳақида тўлқинланиб сўзлади.
— Бу диёрда камолга етган кўплаб алломаларнинг ижоди ва фаолиятидан яхши хабардорман. Хусусан, астрономия асосчиси, беназир кашфиётлари билан жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек, мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг илмий ва бадиий мероси бутун инсониятнинг бебаҳо мулкидир. Алгебра фанига асос солган Ал-Хоразмий ҳам ана шундай буюк алломалар қаторида тилга олинади, — дейди Мурод Чашминов. — Ана шундай жаҳон илм-фани даҳолари етишиб чиққан заминга келиш, бу ердаги бутун инсониятни ўзига чорловчи бетакрор меъморий обидаларни томоша қилиб, маънавий қувват олиш орзум эди. Ниятим амалга ошди. Бунда, албатта, устозларимнинг хизмати катта.
Олимпиада якунларига кўра 14 нафар талаба олтин, 23 нафар талаба кумуш ва 29 талаба бронза медалига сазовор бўлди.
Халқаро олимпиадада энг яхши натижани Хитойнинг Пекин университети, Эроннинг Шариф технология университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари қайд этди.
Олтин медалга сазовор бўлганлар орасида Ўзбекистон Миллий университети талабалари — Сардор Бозоров, Дониёр Ёздонов, Толибжон Исмоилов каби иқтидорли ёшларнинг борлиги кишини қувонтиради.
— Юртимизда биз ёш авлодга юксак ишонч билдирилиб, ўқиб-ўрганишимиз учун катта имконият яратилган. Чет эллик тенгқурларимиз билан билимимизни синовдан ўтказиш учун мана шундай нуфузли беллашувлар ўтказилмоқда. Доим ютуқларга эришган тенгдошларимни кузатиб: "Мен ҳам шундай муваффақиятга эришоламан", дея астойдил ҳаракат қиламан, — дейди олимпиада ғолиби Толибжон Исмоилов. — Муваффақиятнинг масъулияти катта, албатта. Ниятим — физика-математика соҳасида йирик тадқиқот олиб бориб, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш.
Интилганга толе ёр. Ёшларнинг билими, саъй-ҳаракатлари эътиборсиз қолмайди. Халқаро олимпиадада ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик талабаларга математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратурага квотадан ташқари давлат гранти асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири