Мамлакатимиз ёшлари салоҳияти
дунё мутахассислари эътирофига сазовор бўлди
Шу йилнинг 27 июль — 2 август кунлари Болгариянинг Влагоевград шаҳрида талабалар ўртасида бўлиб ўтган математика фани бўйича 22-Халқаро олимпиадада иштирок этган ҳамюртларимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик тўйига тўёна билан қайтишди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси аъзолари — механика-математика факультети 2-курс талабаси Ҳакимбой Эгамберганов олтин , 3-курс талабаси Беҳзод Қурбонбоев кумуш медални қўлга киритди.
Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон мустақиллигининг юксак натижаси ва ютуғи ҳисобланмиш Кадрлар тайёрлаш миллий дастури самараси ўлароқ, одамларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқараши ўзгарди, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги, ўз келажагига бўлган ишончи ортди. Энг муҳими, ўз фикрига, ўзининг қарашлари ва қатъий гражданлик позициясига эга, ҳар томонлама етук ва мустақил фикрлайдиган, ҳам жисмонан, ҳам ақлан ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод дунёга бўйлашаяпти. Ёшларга берилаётган юксак эътибор ва яратилаётган қулай шароитлар туфайли улар жаҳон майдонида нафақат спорт, санъат, балки илм-фан йўналишида ҳам ўзларининг ноёб истеъдоди ва салоҳиятини тўла намоён этишаяпти. Мактаб ва академик лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларининг юксак натижалари барчани бирдай қувонтириб, юртдошларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада оширмоқда, уларнинг руҳини кўтармоқда.
Яқинда Хитой Халқ Республикасида мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган математика фани бўйича халқаро мусобақада вакилларимизнинг муносиб иштироки ва эришган ютуқларини эшитгач, қалбимизда пайдо бўлган сурур ва фахр ҳисси ҳали тарк этмасидан яна бир жамоанинг худди шундай ютуғи бўйимизни осмон қадар юксалтирди. Жамоани қутлаш, уларнинг ҳаяжонига шерик бўлиш мақсадида Ўзбекистон Миллий университети механика-математика факультетига йўл олдик...
— Математика фани бўйича Халқаро олимпиада энг нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Миллий университети жамоаси сардори, университетнинг математик анализ кафедраси ассистенти Карим Раҳимов. — Унда элликдан ортиқ давлатнинг етмиш беш университетидан жами уч юз йигирма тўрт нафар талаба иштирок этди. Ушбу мусобақада талабалар Ҳакимбой Эгамберганов, Беҳзод Қурбонбоев ҳамда сардор сифатида мен илк бор қатнашдик. Мусобақа икки кун давом этди. Ҳар куни бештадан масала тақдим этилди. Масалалар алгебра ва сонлар назарияси, геометрия, математик анализ, комплекс анализ ва комбинаторика соҳаларидан тузилган. Кунлик натижаларни таҳлил қилиб, хатоларни ўргандик ва уларни бошқа такрорламасликка, бор салоҳиятимиздан тўғри фойдаланишга ҳаракат қилдик. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётганди. Аммо Ҳакимбойнинг комбинаторикага оид масаласига ҳакамлар томонидан ноль балл қўйилгани бизни ажаблантирди. Ҳакимбойдан бунинг сабабини сўрасам, барчасини тўғри ечганман, дейди. Кўзлари ёниб, ўзига бўлган ишончи яққол акс этиб турарди. Сўнг апелляцияга бердик. Натижада масала тўғри ечилгани, ечимга шу вақтга қадар фанда қўлланилмаган янгича усулда ёндашилгани исботланди.
Ҳакимбой Эгамберганов ЎзМУ қошидаги Сирожиддинов номидаги академик лицейни тамомлаган. Математика фанига болаликдан қизиққан Ҳакимбойнинг салоҳияти ва иқтидори мазкур ўрта махсус таълим муассасасида янада сайқал топди. У 2014 йили Олмаота шаҳрида математика бўйича ўтказилган X халқаро Жаутиков олимпиадасида мамлакатимиз ёш математиклари орасида илк бор олтин медални қўлга киритди.
— Илк иштирокимиз бўлгани учун аввалига бизга шунчаки билимини синаб кўришга келган оддий жамоага қарагандек муносабатда бўлишди, — дея сўзини давом эттирди Карим Раҳимов. — Апелляциядан кейин Ҳакимбойнинг масалага янгича усулда ёндашганини билишгач, биз билан астойдил қизиқиб қолишди. Айниқса, натижалар эълон қилингандан сўнг олимпиада ташкилотчилари биз билан алоҳида суҳбат қилишди, юртимизда таълим тизими, ёшларга эътибор, математика фанининг ўқитилиши каби турли масалаларда ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. Чунки уларнинг айтишича, неча йиллардан буён иштирок этиб, ҳали ҳам бирор натижага эришмаган давлатлар вакиллари борлиги, биз эса биринчи уринишдаёқ олтин ва кумуш медалга эга бўлганимиз уларни ҳайратлантирганди. Уларга мамлакатимизда билим олиш, иқтидорларни кашф қилиш, ёшларнинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароитлар, имкониятлар яратилгани тўғрисида сўзлаб бердик. Суҳбат якунида жамоамизни математика фани бўйича бўладиган турли халқаро олимпиадаларда ҳам иштирок этишга таклиф қилишди.
Айтиш жоизки, Карим Раҳимов 2011-2012 ўқув йили университетнинг магистратура босқичини тамомлаб, факультетда педагогик фаолиятини бошлади ва ўзига хос янгиликка қўл урди, иқтидорли талабаларни ёш математиклар тўгарагига жалб эта бошлади. Машғулотлар эса инглиз тилида олиб борилди. Бу халқаро олимпиада сари қўйилган қутлуғ қадамлар эди.
— Тайёргарлик жараёнида энг аввал шу кунгача бўлган математика фани бўйича Халқаро олимпиада масалаларини обдон ўрганиб чиқдик, — дейди Карим Раҳимов. — Масалаларни тўлиқ ўрганиб, қўшимча масалалар устида ишладик. Ниҳоят, саккиз нафар талабадан руҳий-психологик, мантиқий ва ижодий фикрлаш жиҳатдан ўзига ишонган энг кучлилари танлаб олинди. Натижа кутилганидек бўлди.
— Албатта биз математика бешигини тебратган Муҳаммад Хоразмийдек алломанинг авлодларимиз, — дейди Ҳакимбой Эгамберганов. — Улуғ аждодларимизнинг муносиб давомчилари бўлиш иштиёқи ҳар масала ечиш олдидан мени янада руҳлантиради. Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга қаратаётган юксак эътибори, мактаб, академик лицей, шунингдек, университетимизда таълим олиш учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар илм-фанга меҳримизни тобламоқда, жаҳонда мамлакатимизнинг шон-шарафини мустаҳкам ҳимоя қилишга чорламоқда.
Келгусида тўгарагимиз фаолиятини янада кенгайтирамиз ва такомиллаштирамиз. Ҳозир тўгарак электрон сайтини яратаяпмиз. Янги ўқув йилидан у ҳам ишга туширилади. Мақсадимиз нафақат университетимиз балки барча олий таълим муассасаларининг математикага қизиқувчи талабалари, шунингдек, математика фани чуқурлаштириб ўтиладиган академик лицейлар ўқувчиларини сайт ёрдамида бир жойга жамлаб, фаннинг янги чўққиларини забт этадиган ёшларнинг ўзлигини намоён қилишига кўмаклашишдир.
Аброрбек УМАРҚУЛОВ
-->