Нострификация тартиби қандай?
Қизим Лутфия Бобожонова 2009 йили Қўрғонтепа (Тожикистон) давлат университетини битириб, Сариосиё туманидаги 62-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. Аммо мактаб маъмурияти 2011 йил сентябрь ойидан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилди. Сабабини сўрасак, Тожикистонда ўқиганини айтишди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 20 январдаги қўшма қарорига мувофиқ, “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, рўйхатдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олган фуқароларнинг дипломи махсус синовларсиз нострификация қилиниши белгиланган. Унга кўра, нострификация қилиш учун фақат дипломнинг ҳақиқийлиги текширилади.
Ушбу мезонлар бўйича туман халқ таълими бўлимига мурожаат этганимизда, улар тан олмади. Наҳотки, 5 йил давомида фарзандимнинг хорижий давлатда контракт асосида ўқигани ҳисобга олинмаса?
Сафарқул БОБОЖОНОВ Сариосиё тумани
— Республикамизда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида низом” асосида амалга оширилади. Мазкур низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги 1992 йил 1 январдан сўнг берилган ҳужжатларни тан олиш ҳамда уларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартибини белгилайди.
Бугунги кунда фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида мазкур хизмат Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилмоқда. Аммо фуқаро Лутфия Бобожонова хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатини нострификациялаш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига мурожаат қилмаган. Шунинг учун ўз ҳудудидаги (Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар давлат хизматлари маркази) давлат хизматлари марказига ўрнатилган тартибда ариза билан мурожаат қилиши керак. Шундан сўнг, “Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар” соҳаси бўйича Эксперт комиссияси ҳужжатларни ўрганиб, тегишли хулосани тақдим этади.
Халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида биринчи 500 таликка кирган олий таълим муассасалари рўйхатига Тожикистон Республикасидаги олий таълим муассасаларидан бирортаси ҳам кирмаганлигини маълум қиламиз. Шу сабабли, фуқаро Л.Бобожонованинг ҳужжати низомда белгиланган умумий тартибга асосан нострификацияланади.
Низомжон ИШОНҚУЛОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бўлим бошлиғи