ТАТУ: ТОП — 1000 талик сари
Бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади. Барча жабҳаларда ахборот технологиялари имкониятидан кенг фойдаланилмоқда. Шу боис, юртимизда мазкур соҳанинг малакали мутахассисларини тайёрлаш долзарб вазифага айланган. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини жаҳондаги энг обрўли 1000 университет сафига киритиш, соҳа бўйича дунёдаги етакчи университет ва компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳам шу йўналишдаги тадбирлардандир.
Педагог меҳнатига яраша ҳақ олади
Профессор-ўқитувчининг иши фақат дарс ўтиш билан чекланмайди. У ёшларга сабоқ бериш билан бирга, илмий тадқиқот ҳам олиб боради. Ўқув дастури, дарслик, видеомашғулот, электрон қўлланмалар яратади. Тарбиявий ишлар билан шуғулланади. Тошкент ахборот технологиялари университетида профессор-ўқитувчиларнинг шу йўналишдаги ишлари, яъни халқаро илмий журналларда мақолалар чоп эттириши, шунингдек, илмий-услубий, илмий тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларини изчил моддий рағбатлантириш тартиби мавжуд. Бу борадаги низом Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг шу йил 24 сентябрдаги 646-сонли буйруғи билан тасдиқланган.
— Рағбатлантириш шу йил 1 октябрдан амалга киритилди, — дейди Тошкент ахборот технологиялари университетининг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Шавкат Ражабов. — Моддий рағбат икки хил: доимий устама ва бир марталик тўловдан иборат. Моддий рағбат профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш, кредит тизимини фаол жорий этиш, дарсларни чет тилида олиб бориш, умуман, таълимнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Чунки устамалар айнан шу ишларга қараб белгиланади. Масалан, чет тилини билиш даражасига кўра 25—50 фоиз энг яхши 1000 таликка кирувчи чет эл университетининг магистр дипломига эга бўлган педагогларга 150 фоиз, докторлик (PhD) дипломини қўлга киритганларга 300 фоиз устама берилади. Агар педагог ТОП-100 таликка кирувчи олий ўқув юртида магистратура ва докторантурада ўқиган бўлса, 300—350 фоиз миқдоридаги устамага эга бўлади. Фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига ёки доцент илмий унвонига эга бўлган педагог — 50 фоиз, фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига ёки хорижий давлатларнинг унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларига ёки профессор илмий унвонига эга бўлган мутахассисга 75 фоиз миқдорида устама берилади.
ОАК рўйхатида келтирилган хориждаги нуфузли журналларда чоп эттирилган ҳар бир мақола учун муаллифга 50 фоиз, “Scopus” ҳамда “Web of Science” рўйхатидаги илмий журналларда чиққан мақола учун 200 фоиз миқдорида бир марталик (меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади) мукофот пули олади.
Дарвоқе, “Scopus” илмий журналларда чоп этилган мақолалардаги иқтибосларни кузатиб боришга мўлжалланган библиографик ва рефератив маълумотлар базаси бўлиб, у орқали гуманитар, техника ва тиббиёт йўналишидаги 18000 номдаги илмий журнал, бундан ташқари, конференция материаллари ва нашриётлар индексланади. “Elsevier” корпорациясига тегишли маълумотлар базасига веб-интерфейс орқали обуна бўлиш мумкин.
“Web of Science” эса барча рефератив маълумотлар базасидаги илмий журналлар ва патентларни бирлаштирувчи, шунингдек, ўзаро иқтибосларнинг келтирилишини ҳисобга олган қидирув платформаси. База табиий, техника, ижтимоий, гуманитар ва санъат йўналишидаги материалларни қамраб олади. Ушбу платформа излаш, таҳлил этиш ва библиографик маълумотларни бошқариш имкониятига эга.
Жаҳоннинг бу каби нуфузли илмий ресурсларида мақола чиқариш осон эмас. Бунинг учун хорижий валютада мўмайгина пул тўлаш керак. Олдин университет ўқитувчилари, яхши илмий натижалари бўлса ҳам, хорижий
нашрларда мақолаларини чоп эттиришда қийинчиликка дуч келарди. Энди мукофот пули педагогнинг илмий изланиши, масалан, янги адабиётлар сотиб олиш, ахборот ресурсларидан фойдаланиш, мақола чоп эттириш учун сарфлаган харажатларини тўла қоплайди ва уни янада илҳомлантиради. Қолаверса, бу университетнинг жаҳон олий таълим муассасалари рейтингидан жой олишига кўмаклашади. Бу рейтингдан ўрин эгаллашда олий таълим муассасасининг илмий салоҳияти, профессор-ўқитувчиларнинг “Scopus” ҳамда “Web of Science” рўйхатидаги илмий журналларда чоп эттирган мақолалар улуши инобатга олинади.
Илмий мақолалар чоп эттиришдан ташқари, ишланмага олинган патент, дастурий ёки техник ишланма гувоҳномаси, талабаларнинг илмий изланишларига раҳбарлик учун бир марталик тўлов амалиётга жорий этилган. Қолаверса, педагог лавозими, илмий унвони ва даражасига кўра мунтазам устама олади. Ўқув материаллари ишлаб чиққани, талабаларни фан олимпиадаларига тайёрлагани ҳамда устоз-шогирдлик фаолияти учун ҳам бир марталик мукофотга эга бўлади. Профессор-ўқитувчилар ва ходимларга устамалар, мукофотлар ва қўшимча тўловлар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади.
Ўзбекистон олий таълим тизимида илк бор кредит тизими
Кредит тизими нима? У анъанавий ўқитиш тизимидан нимаси билан фарқ қилади?
— Кредит талабанинг иш ҳажми, ўзлаштиришининг ўлчов қиймати, — дейди университетнинг таълим жараёнига кредит тизимини жорий этиш бўлими бошлиғи Фарҳод Алишеров. — Мазкур тизим талабага ўзининг таълим дастурини мустақил шакллантириш имконини беради ва билимини баҳолашда ошкораликни таъминлайди.
Бир кредит 30 соатлик ўқув юкламасига тенг. Кредит мана шу ўқув юкламасининг ўзлаштирилганини аниқлаб беради. Фанлар, унга ажратилган ўқув соатларига кўра, турли кредит қийматига эга бўлиши мумкин. Юкламанинг ярми мустақил ишга ажратилади. Масалан, математикага 8 кредит ажратилган бўлиб, бу ҳафтасига 8 соат аудитория машғулоти ва 8 соат мустақил иш демакдир. Мана шу фанни ўзлаштирса, талабага 8 кредит берилади. Инглиз тили эса 2 кредитга тенг. Ёдда тутиш лозим, кредитлар бўлинмайди. Ҳар бир фан ўзлаштирилганда талаба муайян кредит тўплайди. Талаба олий маълумот ҳақидаги дипломни 240 кредитни тўплагандан кейингина олиши мумкин. Талаба 4 йил белгиланган кредитни тўплай олмаса, кейинги йили қўшимча кредит йиғиш учун яна ўқийди. Ёки талаба тўлов-шартнома пулини тўлашда қийналса, у бир йилдан сўнг имконияти бўлганда кейинги йилдан ўқишни давом эттириши мумкин. Унгача йиғилган кредитлар сақланади. Шунга мос равишда ўқиш 4 йилдан 7 йилгача.
Мажбурий ва танлов фанлар рўйхатидаги танлов фанларни талаба танлаб ўқиш имкониятига эга. Талаба нафақат фанларни, балки дарс берадиган профессор-ўқитувчини ва дарс жадвалини ҳам белгилаш ҳуқуқига эга. Бу йил мазкур амалиётни биринчи марта қўлладик.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олувчига профессор-ўқитувчини танлаш имконияти илк бор берилди.
Талабалар электрон платформада 15—20 дақиқада ўз танловини маълум қилди. Масалан, кўплаб йўналишларда ўқитиладиган математика фанидан 10 нафар педагог дарс берса, талабалар йўналишидан қатъи назар, мазкур профессор-ўқитувчилардан бирини танлади. Бошқа гуруҳларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Демак, муайян ўқитувчининг дарсида турли гуруҳ талабалари қатнашади. Бу ҳам дарснинг сифатини оширишга, аудиторияда соғлом муҳит шаклланишига сабаб бўлади. Танлов фанлар масаласига келсак, талаба уларнинг барчасидан воз кеча олмайди. Боиси, мажбурий фанларнигина ўзлаштириш эвазига 240 кредит тўплаб бўлмайди.
Баҳолаш жараёнининг ҳам ўзига хосликлари бор: умумий баҳонинг 50 фоизини профессор-ўқитувчи оралиқ назорат, уйга вазифа, амалий/лаборатория машғулотларида топшириқларнинг бажарилишига қараб қўяди. Қолган 50 фоиз баҳо университет томонидан якуний имтиҳонда қўйилади. Вазифаларни топшириш муддати қатъий белгиланган бўлиб, ундан кейин назорат ишлари қайта олинмайди. Талабалар бешлик баҳолаш тизимида баҳоланади. Талаба «3» ёки ундан юқори баҳо олганда, фан учун ажратилган кредитга эришади. GPA (Grade Point Average — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати) кўрсаткичи 2,6 дан юқори бўлганда курсдан курсга ўтказилади. Масалан, бирор талаба саккиз кредитли математикадан “4”, саккиз кредитли дастурлашдан “2”, тўрт кредитли физикадан “4”, тўрт кредитли ижтимоий танлов фанидан “5”, икки кредитли чет тилидан “5”, бир кредитли рус тилидан “4”, икки кредитли жисмоний тарбиядан “4” баҳо олган бўлса, унинг умумий GPA кўрсаткичи 3,1 бўлади ва курсдан курсга ўтади. Бироқ дастурлашдан “2” олган. Бу ҳолатда талабада таътил вақти ушбу фан бўйича қайта ўқиш имконияти бор. Ушбу интенсив курс талабанинг давлат гранти, тўлов-шартнома асосида таҳсил олишидан қатъи назар, тўлов асосида амалга оширилади. Курснинг нархи фан кредити асосида ҳисобланади. 1 кредит нархи бир йиллик тўлов-шартнома суммасининг 60 га бўлинмасига тенг. Масалан, 8477800/60=141297 сўм. Агар, дастурлаш фанига 8 кредит ажратилган бўлса, 141297 ни 8 га кўпайтирамиз. Шунда курс нархи келиб чиқади. Интенсив курсда талабага фан тўлалигича қайтадан ўтилади. Эътибор қаратиш лозимки, бу қайта топшириш эмас, қайта ўқишдир.
Тошкент ахборот технологиялари университетида ўқитувчининг маоши ҳам, ўқув жараёни тузилиши ҳам халқаро стандартларга мослаштирилди. Бу ўзгаришлар ўқув жараёнини ташкил этишнинг самарали усуллари ва замонавий таълим технологияларини ўзлаштириш, университет ва унинг филиаллари профессор-ўқитувчилари таркибини юқори даражада касбий педагогик маҳоратга эга бўлган мутахассислар билан тўлдириш, шунингдек, нуфузли хорижий олий таълим ва илмий муассасаларда таълим олган, малака оширган, илмий даражаларини ҳимоя қилган иқтидорли педагог кадрлар ҳамда амалий иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни таълим жараёнига кенг жалб этишга хизмат қилади.
Санобар ЖУМАНОВА