52 абитуриент эътирози асосли деб топилди
Миллий матбуот марказида 2018-2019 ўқув йили учун олий ҳарбий ва олий таълим муассасаларида ўтказилган тест синовлари якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Сарҳисоб тадбирида жорий йилги тест синовлари натижалари, энг юқори ва ўртача ўтиш баллари, апелляция шикоятларини кўриб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берилди. Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қайд этилмай қолган тартиблар, масалан, жуда кўп мурожаатларда акс этган тест синови куни касаллиги боис иштирок эта олмаслик, кечикиб келиш каби ҳолатларга ойдинлик киритиш, абитуриентнинг фанлар мажмуаси бир хил бўлган бир неча таълим йўналишларига ҳужжат топшириши каби масалалар бўйича лойиҳалар тайёрлангани ва муҳокама этилаётганини айтиб ўтди.
Анжуманда таъкидланишича, жорий йил 8 та олий ҳарбий таълим муассасасига 6066, олий таълим муассасаларининг кундузги, махсус сиртқи, кечки ҳамда сиртқи таълим шаклларига 814952 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат топширган ва тест синовларида иштирок этган абитуриентлардан бирорта эътироз тушмади.
— Бакалавриат таълим йўналишларига ўтказилган тест синовларида иштирок этган ва натижаларидан норози бўлган апелляция шикояти билан мурожаат қилган абитуриентлар сони 4094 нафарни ташкил этди, — дейди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Севара Зуфархўжаева. — Уларнинг ҳар бирига апелляция шикоятларини кўриб чиқиш санаси ва вақти белгиланди. Уларни кўриб чиқиш жараёни 24 августдан 20 сентябрга қадар давом этди. Абитуриентлардан 2963 нафари апелляция жараёнида иштирок этди, 1131 нафари келмади. 525 нафар абитуриент ўзининг тест топшириқлари китоби, жавоблар варақаси нусхаси ва хато жавоблар рўйхати билан танишиб чиққач, эътирози йўқ эканини қайд этди. 2438 нафар абитуриентнинг фанлар бўйича тест топшириғи мазмунига эътирози экспертлар гуруҳи томонидан кўриб чиқилди. Шундан 52 нафар абитуриент эътирози асосли деб топилди.
Санобар ЖУМАНОВА