Дарсликлар муаммоси қандай ҳал этиляпти?
Шу йилнинг 24 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда олий таълим жараёнига инновацион методикаларни жорий этиш, ўқув дастурларини ишлаб чиқариш билан ҳамоҳанглигини таъминлаш ва, энг асосийси, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ишлари умуман қониқарсиз аҳволда эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, таълим тизимини ривожлантириш, талабаларни мутахассислик бўйича малакали кадр қилиб тайёрлашда инновацион методика ва ўқув дастурлари муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, неча йиллардан буён олий таълим тизимини дарсликлар, замонавий ўқув-методик ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш борасидаги муаммолар бартараф этилганича йўқ. Шундай бўлса-да, мутахассислик бўйича ўқув қўлланмалари етишмовчилигини ўз касбининг устаси бўлган педагоглар интернет ёрдамида ва изланишлари асосида ҳал этишга ҳаракат қилиб келяпти.
Бу йил Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг архитектура, қурилиш, муҳандислик коммуникациялари қурилиши ҳамда қурилишни бошқариш факультетларига жами 1100 нафарга яқин талаба ўқишга қабул қилинди. Шундан 847 нафар йигит-қиз кундузги бўлимда таълим оляпти.
— Олий таълим муассасамизда 20 та бакалавр йўналиши ҳамда 14 та магистрлик ихтисослиги бўйича 5115 нафар талаба таҳсил олади, — дейди институтнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори вазифасини бажарувчи Ўктам Худоёров. — Институтда талабаларнинг таълим олиши учун зарур шарт-шароит яратилган. Аммо ўқув дарсликлари борасида бундай дея олмайман. Масалан, "Фотограметрия", "Бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилиги", чет тили фанлари бўйича қатор дарсликлар етишмайди. Кафедраларни ўқув-методик ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган. 500 нафарга яқин педагог мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича изланишда. Кутубхона фондини бойитиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боряпмиз.
Ўқув дарсликларининг етишмаслиги талабаларнинг мукаммал билим олишига таъсир кўрсатади, албатта, Айниқса, тиббиёт йўналишида ўқийдиган ёшларни ўқув қўлланмалари билан таъминлаш жуда муҳим. Чунки уларнинг ўзлаштираётган ҳар бир сабоғи инсон саломатлиги билан боғлиқ. Лекин тиббиёт соҳасидаги олий таълим муассасаларида ҳам ўқув дарсликлари етишмаслиги бор гап.
Бугунги кунда Бухоро давлат тиббиёт институтида 7 йўналиш бўйича 2,5 минг нафар талаба таҳсил оляпти. Бу йил муассасага 900 нафарга яқин талаба ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 250 нафари Россия, Туркманистон, Қозоғистондан келган йигит-қизлардир. Таълим жараёни, дарсликлар муаммоси ҳақида институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Гавҳар Жарилкосинова фикрлари билан қизиқдик.
— Тиббиёт назариясини ўқув дарсликларисиз ўрганиб бўлмайди. Бироқ дарсликлар етарли бўлмаса-чи? Бизда ҳам ўқув дарсликлари борасида қатор муаммолар мавжуд. Айниқса, 1-курс талабаларига ўқитиладиган "Тиббий биология", "Тиббий кимё" каби фанлардан ўқув адабиётларига эҳтиёж катта, — дейди Гавҳар Жарилкосинова. — Оиламиздаги муаммони қўшнимиз ҳал қилиб бермаганидек, муассасамиздаги мавжуд камчиликларни, аввало, ўзимиз бартараф этишимиз керак. Шу маънода, педагоглар жамоаси биргаликда мавжуд муаммоларни ҳал этишга интиляпмиз. Яқинда Москвадаги клиник фанлар бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этишга ихтисослашган "Геотар медиа" нашриёти билан шартнома имзоладик. Мазкур нуфузли нашриётда чоп этиладиган ўқув дарсликлари рўйхатини шакллантирдик. Шунингдек, Словакиядаги Павел Шафарик номидаги университетнинг тиббиёт факультети билан ҳамкорликда 6 та дарслик яратдик. "Нормал ва клиник анатомия", "Иммунология", "Аллергология", "Биринчи тез тиббий ёрдам" каби чоп этилган дарсликларни талабалар катта қизиқиш билан ўқимоқда. Россиянинг Кубан тиббиёт университети билан ҳамкорликда яратилган "Гематология" ва "Қон қуйишга тайёрлаш" дарслиги чоп этилиш арафасида. Ўтган йили Германиянинг Лейпциг университетига ташрифимиз чоғида чет эллик ҳамкасблар билан тиббий ўқув қўлланмалар яратиш борасида келишувга эришгандик. Янги йилгача мазкур келишувимиз амалга ошса, янги қўлланмаларга эга бўламиз.
Олий таълим муассасаларининг ўқув дарсликлари билан таъминланиши юзасидан кўплаб педагоглар билан гаплашдик. Суҳбат жараёнида турли фикрларга, муаммони бартараф этиш бўйича хилма-хил ёндашувларга гувоҳ бўлдик. Ҳақиқатан ҳам, олий таълим муассасаларида ўқув дарсликлари билан боғлиқ муаммо мавжуд. Бироқ "Олма пиш, оғзимга туш", деб ўтириш ҳам нотўғри. Камчиликларни бартараф этишда кимдир давлатнинг ёрдамини кутиб турган бўлса, бошқаси йўл топиб, чет эл билан ҳамкорлик келишувлари имзолаб, хорижий адабиётларни таржима қилиб, муаммони ҳал этишга интиляпти. Фикримизча, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида қўл қовуштириб, ёрдам кутиб ўтириш ярамайди. Ҳамма биргаликда, мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, муаммони бартараф этиши зарур.
Ҳасан МЎМИНОВ