Олимлик орзуси
Ҳарбийлар орасида бир гап юради: генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас. Олий таълим муассасасида иш бошлаган ёш ўқитувчи ҳам келгусида фан доктори, профессор бўлишни кўнглига тугиб, шу мақсад сари интилади, изланади.
Бироқ ўтган йиллар давомида ёш илмий-педагог ходимларнинг илмий унвон ёки илмий даража олишга уриниши анча сусайди. Олий таълим тизимида оддий ўқитувчилар орасида профессор ёки академик бўлишни орзу қиладиганлар камайди. Тенгқурларимиз орасида қийинчиликларга чидаш бермай, бозор томон йўл олганлар ҳам етарлича. Чунки стажёрлар (илмий унвон ва даражасиз) билан профессор-бош илмий ходимлар (илмий унвон ёки даражага эга) ўртасидаги фарқ унчалик ҳам сезилмасди.
Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий-тадқиқот муассасалари илмий ходимларининг базавий лавозим маошлари ўртача 25 фоизга оширилди.
Табақалаштирилган лавозим маошлари профессор-ўқитувчиларнинг эгаллаб турган лавозимидан, илмий унвон ёки даражасидан келиб чиқиб белгиланди.
Бундан кўплаб ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишга бўлган қизиқиши ошди. Мен ҳам бу йил “Кремний негизидаги фотоэлектрик энергия ўзгартириш самарадорлигини ошириш” мавзусида диссертация ёқлаб, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлдим. Диссертацияда кичик маиший энергия жиҳозларини электр энергияси билан таъминлаш масаласи кўтарилган. Қолаверса, изланишлар натижасига кўра, қуёш модулли сув кўтариш қурилмасига патент олдим. Қурилма орқали қуёш модулларидан фойдаланган ҳолда 20—40 метр чуқурликдан сув чиқариб, ҳудудларни сув билан таъминлаш мумкин, яъни махсус сув чиқариш насоси электр энергияни қуёш модулларидан олади. Сув кўтариш қурилмаси сув кўтариш насоси, аккумулятор, қуёш модуллари, сув тўпланувчи сиғим ва сув оқувчи трубалардан иборат. Қурилма ёрдамида 40 метр чуқурликдан соатига 300 литр сув юқорига чиқарилади. Унинг лаборатория намунаси ишлаб чиқилди.
Хуллас, илмий даражасига кўра ойлик маошининг ошиб бориши олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, таълим сифати ва илмий фаолиятнинг натижадорлигини оширишга ёрдам беради.
Суҳроб АЛИЕВ, Андижон давлат университети катта ўқитувчиси, физика-математика фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори