Педагогнинг моддий манфаатдорлиги ва ижтимоий ҳимояси
Педагогнинг обрўсини оширмай туриб, мамлакатда таълим сифатини юксалтириш, етук малакали кадрлар тайёрлаш мушкул. Бунинг учун, аввало, соҳа мутахассисларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарур. Юртимизда ўқитувчиларга, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясига эътибор кучайди. Уларни фаолиятига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилишга барҳам берилмоқда.
Мамлакатимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизими ҳозирча белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермайди. Биринчи навбатда, олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик салоҳияти ҳали ҳам паст даражада. Муассасаларда сўнгги 10 йилда олий тоифали илмий-педагог кадрлар улуши 41,1 фоиздан 32,7 фоизгача камайди. Истеъдодли ёшларнинг илмий-педагогик ишлар билан шуғулланиш даражаси ҳам сусайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу ҳолат кўп жиҳатдан узоқ йиллар давомида илмий-педагогик фаолият ҳамда илмий даража ва унвонлар олишдан моддий манфаатдорлик пасайиб кетгани оқибатидир.
2018 йили ижтимоий соҳани молиялаштириш учун давлат бюджетидан олий ва ўрта махсус таълимга 4007,9 млрд. сўм маблағ ажратилди.
Илмий даражага эга бўлмаган катта ўқитувчининг базавий лавозим маоши 2 085,4 минг сўмни ташкил этади. Махсус моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан ўртача 15 фоиз (312,8 минг сўм) ва гуруҳ кураторлиги учун 25 фоиз (521,3 минг сўм) устамани ҳисобга олганда, катта ўқитувчининг ойлик маоши 2 919,6 минг сўмни ташкил этади.
Фан доктори илмий даражасига эга бўлган олий таълим муассасаси профессорининг базавий лавозим маоши 2 408,8 минг сўм бўлиб, махсус моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан ўртача 15 фоиз (361,3 минг сўм) ва гуруҳ кураторлиги учун 25 фоиз (602,2 минг сўм) устамани ҳисобга олганда, ойлик иш ҳақи 3 372,3 минг сўмга етди.
Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий тоифали, илмий ва илмий-педагог кадрларни рағбатлантириш даражасини тубдан ошириш, ёшларнинг илмий-педагогик ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятидан моддий манфаатдорлигини кучайтириш ва интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш, шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркибини лавозим, илмий даража, унвонлар бўйича табақалаштирган ҳолда моддий рағбатлантиришнинг сифат жиҳатидан янги механизмини жорий этиш мақсадида қабул қилинди. Бу меъёрий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини амалга оширишнинг мантиқий давомидир.
Қарорда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларини ўртача 25 фоизга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида раҳбар ходимлар, профессор ва ўқитувчилар ўртасида меҳнатга ҳақ тўлаш миқдоридаги мавжуд тафовутни сақлаш мақсад қилинган. Бунга кўра, раҳбар ходимларнинг базавий лавозим маошлари миқдорини тегишли равишда табақалаштирилган ҳолда ошириш мўлжалланмоқда.
2018 йил 1 сентябргача стажёр-ўқитувчи ва фан доктори илмий даражасига эга профессор иш ҳақи ўртасидаги тафовут атиги 918 минг сўмни ташкил этган. Ушбу қарорга мувофиқ, фан доктори илмий даражасига эга профессорнинг иш ҳақи миқдори 38—44 фоиз оширилиб, амалдаги 2 680 минг сўм ўрнига 3 700 минг сўмни ташкил этди ҳамда стажёр-ўқитувчининг иш ҳақи миқдори ўртасидаги тафовут 2 бараварга ошди.
Ушбу қарорнинг қабул қилиниши олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, илм-фанни янада ривожлантириш, профессор ва ўқитувчилар илмий-тадқиқот фаолиятининг самарадорлигини ошириш, иқтидорли ёш олимлар ва талабаларни илмий фаолиятга жалб этиш орқали таълим сифатини оширишга кўмаклашади.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги “Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори 2019 йил 1 январдан 20 фоизга ва 2019 йил 1 июлдан 25 фоизга оширилиши белгиланди. Ушбу қарорга мувофиқ, фан доктори илмий даражасига эга бўлган профессорнинг иш ҳақи миқдори 2019 йил 1 июлга келиб 6 105 минг сўмга етади ёки 2018 йил 1 сентябргача бўлган кундаги ойлик маоши 228 фоизга (2,3 баробарга) ошади.
Мақсуд ҲАМРОЕВ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги молиялаштириш ва бухгалтерия ҳисоби бошқармаси бошлиғи