Бунёдкорлик ислоҳотларига олий таълим муассасалари тайёрми?
Мамлакатимиз архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида ҳам сўнгги йилларда улкан ўзгаришлар кузатилмоқда. Бинобарин, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси таркибий тузилмаси тубдан такомиллаштирилиб, унинг базасида Қурилиш вазирлиги ташкил этилди. 11 ҳудудда “Ўзшаҳарсозлик”, Самарқандда “ТошбошпланЛИТИ” ДУК филиаллари, 13 ҳудудда 26 та етакчи лойиҳа ташкилоти, шу жумладан, “Қишлоққурилишлойиҳа” институти филиаллари очилди. Тошкент ва Самарқанд архитектура-қурилиш институтлари ҳамда 14 та касб-ҳунар коллежи вазирлик тасарруфига ўтказилди.
Соҳа мутахассислари олдига шаҳарларнинг бош режаcи, қишлоқларда архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш талаби қўйилди. Ҳар бир бино, асосий вазифасини бажаришдан ташқари, кўриниши билан ҳам одамларнинг кайфиятига бевосита таъсир этади. Шу сабабли бугун ҳудудларда қурилиши режалаштирилаётган ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда эски қолиплардан воз кечиб, инновацион ёндашувларни жорий этиш зарурлиги таъкидланяпти.
Республикамизда 119 шаҳар мавжуд бўлиб, яқинда уларга Тошкент вилоятидан 4 та шаҳар қўшилди. Бундан ташқари, 1081 та шаҳар посёлкаси — шаҳарча мавжуд. Шаҳар ва посёлкаларнинг атиги 207 таси ёки 17 фоизи бош планига (тарҳига) эга. Мавжуд бош планлар ҳам аҳоли пунктларининг архитектуравий ривожланиш эҳтиёжларини тўлалигича қондирмайди. Ваҳоланки, бу бош планларнинг ҳар бирини ишлаб чиқишга (топосъёмка ва инженерлик-қидирув ишларини ҳам ҳисобга олганда) бир неча юз миллион, баъзан бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Мавжуд регламентга кўра, шаҳар ва шаҳар посёлкалари бош планлари тегишли экспертиза, муҳокама ва келишувлардан сўнг белгиланган тартибда тасдиқланади. Бироқ шундан кейин ҳам у ҳаётий кучга эга бўлмайди. Чунки бош план кучга кириши учун мавжуд тартибга биноан, қўшимча равишда аҳоли пунктининг ҳудуд чегаралари (қизил чизиқлар) лойиҳаси алоҳида буюртма асосида ишлаб чиқилиши керак. Ундан кейин аҳолиси 20 мингдан ортиқ бўлган аҳоли пунктлари учун алоҳида объектлар қурилишини ўзида акс эттирадиган муфассал планлаштириш лойиҳасини тузиш даркор.
Бош планларда, одатда, аҳоли пунктларида янги эҳтиёжлар асосида қурилиши мумкин бўлган кичик ва ўрта бизнес, тадбиркорлик объектлари ўз аксини топмайди. Чунки мавжуд шаҳарсозлик қоида ва нормалари уларнинг меъёрларини аниқлаш имконини бермайди. Бунинг ўрнига бош планлар таркибида 25 йилга мўлжалланган, лойиҳалаштирилган ҳудуддаги ер ости сувларини қочириш, канализациялаш, тураржой фондини аниқлаш, хизмат кўрсатишни яхшилаш ишлари тахминан бажарилади. Унинг мавҳумлиги шундаки, бирор-бир бош план белгиланган муддатда, ҳеч бўлмаса, 40—50 фоизга бажарилмаган.
Президентимиз шаҳарсозлик ва қурилиш қоидаларини янгилаш, ихчамлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳоли пунктлари бош режасини тайёрлаш ва тасдиқлаш юзасидан янги уч йиллик дастур тайёрлаш ташаббусини илгари сурди. Сўнгги йилларда алоҳида ҳудудларда юзлаб намунавий ва арзонлаштирилган уйлардан ташкил топган янги маҳалла ва тураржой массивларининг бунёд этилганини ҳисобга олсак, бош плансозлик соҳаси олдида нақадар улкан вазифалар тургани аён бўлади. Уни амалга оширишнинг ягона йўли ахборот технологиялари, интерфаол воситаларни қўллаб, аҳоли пунктлари бош архитекторлари, лойиҳа ташкилотлари, жойлардаги статистика ва иқтисодиёт бошқармалари мутахассислари иштирокида аҳоли пунктларининг бош режаси ва муфассал лойиҳалаштириш лойиҳаси (ПДП) ўрнини босадиган қисқа муддат(3—5 йил)га мўлжалланган концептуал ривожланиш бош планлари-cхемаларини ишлаб чиқишдир. Бундай схемаларни яратиш методологияси тез кунларда ишлаб чиқилиши зарур.
Биринчи галда шаҳар тушунчаси ва шаҳарларни табақалаштириш усулини қайта кўриб чиқиш керак. Бунинг учун бош планларни лойиҳалашда қўлланилаётган, дастлаб 1904 йили франциялик инженер Тони Гарнье ишлаб чиққан “индустриал шаҳар” деб номланган, фақатгина функционал зоналаштиришга асосланган бош планларни лойиҳалаш усулидан воз кечиш даркор. Республикамизнинг шаҳарсозлик соҳасидаги икки етакчи лойиҳалаш ташкилоти — “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК ва “Тошбошплан ЛИТИ” ДУК корхоналари лойиҳа илмий-тадқиқот муассасалари бўлса-да, улардаги илмий салоҳият етарли даражада эмас.
Демак, шаҳарсозлик ва архитектурани ривожлантириш учун унинг илмий-методик базасини ҳам такомиллаштириш лозим. Бошқача айтганда, махсус илмий-тадқиқот маркази таъсис этиш талаб этилади. Бунинг учун мавжуд ЛИТИларнинг илмий салоҳиятини шакл¬лантириш ёки архитектура, шаҳарсозлик, ландшафт дизайни, интерьер дизайни, меъморий обидаларни таъмирлаш ва бошқа шу соҳага доир йўналишларни такомиллаштиришга хизмат қиладиган архитектура академиясини ташкил этиш керак.
Тадбиркорликни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни тараққий эттириш, хусусий мулкчиликни авж олдиришга тўсиқ бўладиган баъзи талаблар ҳали ҳам айрим шаҳарсозлик меъёрларида сақланиб қолган. Тураржойларни нотураржойга, нотураржойни тураржойга айлантириш, собиқ саноат зоналарини модернизациялаш, тураржой ҳудудларида экологик хавфсиз кичик саноат объектларини жойлаштириш каби долзарб масалаларни ҳал этиш лозимлиги мавжуд нормаларни қайта кўриб чиқишни талаб этади. Юртбошимиз кўп қаватли тураржойларнинг пастки қисм¬и¬да савдо, маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини жойлаштириш қаторида мактабгача таълим муассасалари ва оилавий поликлиникаларни қўшиб лойиҳалаш масаласини қўйди. Қулайлик ва иш жойларини яратиш, инвестиция жалб этишга қаратилган бундай ташаббус мутахассислардан шаҳарсозликда фақатгина функционал зоналаштиришга асосланган эски лойиҳалаштириш исканжаларидан чиқиб, янгича “Ақлли шаҳар” ғоясини ривожлантиришни талаб қилади. Кўпгина хорижий мамлакатларда сўнгги йилларда қурилаётган осмонўпар бино ичида ҳам тураржой, ҳам меҳнат қилиш, дам олиш, овқатланиш, болалар муассасалари, спорт, савдо иншоотлари ва бошқа турли хизматларнинг ташкил этилиши янги инновацион технологиялар даври шаҳарсозлиги вужудга келганини кўрсатмоқда. Бинобарин, алмисоқдан қолган функционал зоналаштириш усулидан воз кечиб, “ақлли” ғоя ва композицияга асосланган аҳоли пунктларини лойиҳалаш вақти келди.
Кўпгина хорижий мамлакатларда қор-ёмғир сувини йиғиб, оқова сувларни қайта ишлаб, иккиламчи мақсадда фойдаланиш яхши йўлга қўйилган. Кипр ва Грециянинг асосий қисмида шаҳар водопровод тармоғи йиғилган ёмғир суви билан ишлайди. Бизда қуёш энергияси, тезоқар дарё, сой ва каналлардан энергия олиш яхши йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, анъанавий шаҳарсозлигимизда ёғин сувини йиғиб, фойдаланиш анъанавий сардобалар мисолида нафақат чўл-саҳро, балки шаҳарларда ҳам яхши йўлга қўйилгани маълум. Мамлакатимизда сув танқислиги кескинлашувини кутмасдан, иккиламчи сув манбалари ва энергия ресурсларидан шаҳарсозликда фойдаланиш лозим.
Шаҳарсозлик чизмаларини ҳаётга татбиқ этишдаги яна бир муаммо — бу бош планларнинг “махфий” грифи билан белгиланиши. Шаҳар, посёлкалар, қишлоқ ҳудудларининг меъморий лойиҳалари топографияга асослангани туфайли “махфий” грифи билан расмийлаштирилади ва махсус бўлимларда сақланади. Ундан фойдаланувчи ҳар бир шахс (жумладан, шаҳар ва туман архитекторлари) махфий ҳужжатлар билан ишлаш рухсатномаларига эга бўлиши керак. Ваҳоланки, шаҳарсозлик ҳужжатларидан фойдаланувчиларнинг барчаси ҳам бундай рухсатномаларга эга эмас. Эга бўлган тақдирда ҳам, фойдаланувчи шахс бош план чизмасини рухсат билан вақтинчалик олиб, белгиланган тартибда фойдалангач, чизмаларни яна махсус бўлимга топшириши керак. Бу, албатта, яхши. Лекин ишлаш учун қулайлик яратиш мақсадида, балки бош планлар схемасини махфий ҳисобланмайдиган космик (google) тасвирга тушириб, электрон ишчи чизма яратиш ёки бошқача қулай регламент тузиш устида ўйлаб кўриш керак.
Шаҳарсозлик ижтимоий характерга эга бўлгани учун социология, иқтисодиёт, экология, логистика ва бошқа тармоқлар билан чамбарчас боғлиқ. Мана шу соҳалардаги ўзгаришлар ҳисобга олинмаса, кўзланган тараққиётга эришиб бўлмайди. Бугун бу соҳадаги камчиликлар мутахассисларимизнинг шаҳарсозлик тараққиёти учун зарур барча имкониятлардан фойдаланмаётганида намоён бўлмоқда.
Аҳоли пунктлари бош режаларини лойиҳалаш амалиёти кун талабларига жавоб бермаётгани туфайли лойиҳалаш билан шаҳарларни қайта қуриш амалиёти орасида тавофутни келтириб чиқармоқда. Бош режаларда турли кўринишдаги инвестициялар киритиш, “Хавфсиз шаҳар”, “Ақлли шаҳар” концепцияларини амалга ошириш, бошқа инновацион ғоялар ўз ифодасини топмаган. Шу туфайли кичик ва ўрта бизнес объектларини аҳоли тураржойларига яқин жойлаштириш муаммоси ҳанузгача мавжуд. Бу муаммони қисман бартараф этиш мақсадида барча вилоят ва йирик шаҳарлар марказларидаги (одатда, темир йўл вокзали билан аэропортни туташтирувчи) бош кўчалар кенгайтирилиб, пиёдалар, велосипедда юрувчилар йўлаклари, яшил хиёбонлар, фавворалар барпо қилинди. Пастки қаватида савдо, маданий-маиший ва бошқа хизмат кўрсатиш муассасалари, юқорисида эса тураржой жойлашган кўп қаватли бинолар қурилди.
Қишлоқлар бош планлари бугунги давр талабларига тўлиқ жавоб бермагани туфайли давлатимиз раҳбари томонидан жойларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурини амалга ошириш ғояси ўртага ташланди. Бунга биноан, дастлаб Жиззахдаги Манас, Самарқанд вилоятидаги Жом қишлоқлари янги қиёфа касб этган бўлса, бугун биргина Қашқадарё вилоятида 28, Навоий вилоятида 17 қишлоқ мана шундай дастур асосида обод қилинмоқда. Уларда транспорт ва пиёдалар қатнови учун зарур бўлган йўл ва кўчалар, муҳандислик инфраструктураси ва жиҳозлар барпо этиляпти. Лойиҳасиз, дидсиз қурилган вақтинчалик иншоотлар ўрнида чиройли, замонавий «хавфсиз» ва «ақлли маҳалла» концепциясини ифодаловчи иншоотлар бунёд қилинмоқда. «Обод маҳалла» ташаббуси пойтахтимизнинг Яшнобод, Олмазор ва бошқа туманларидаги маҳаллаларни ҳам қамраб олди.
Республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, айниқса, пойтахтимизда қурилиши жадал бошлаб юборилган Toshkent City, кўп тармоқли “Ҳумо муз саройи”, ер ости ва ер усти метро линиялари, Сергели ва бошқа ҳудудлардаги уйсозлик, саноат зоналарида амалга оширилаётган модернизация ишлари, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Хавфсиз шаҳар», «Ақлли шаҳар» концепциялари сингари ишларни кадрлар тайёрлашнинг бугунги ҳолати билан амалга ошириш мумкинми, деган савол туғилади. Бунга «Ҳа», деб жавоб бериш мушкул. Чунки бугун кечаётган жараёнлар тамоман янги. Архитектура таълими соҳасида ҳам талай муаммолар йиғилиб қолганки, уларни ҳал қилмасдан республика меъморчилиги ва шаҳарсозлигини жадаллаштириш қийин. Ҳозир республикамизда 2 та (Тошкент ва Самарқанд) архитектура-қурилиш институти ва 7 та бошқа олий таълим муассасаларидаги архитектура таълим йўналишида мутахассис тайёрланади. Олий таълимда архитектура ва қурилиш таълим соҳалари ўзаро ёндош йўналишлар ҳисобланади. Бироқ архитектурага яқин бўлган дизайн йўналиши бу соҳага ёндош саналмайди. Уларнинг йўналиш шифрлари бир-биридан кескин фарқ қилади. Натижада дизайн таълим йўналишини тугатган йигит-қизлар архитектура мутахассислиги бўйича магистратурага киролмайди. Бошқача
айтганда, ландшафт дизайни таълим йўналишини битирганлар ландшафтлар архитектураси магистратура мутахассислигига қабул қилинмайди. Бизнингча, архитектура олий таълим муассасаларидаги дизайн ва архитектура таълим йўналишларини ягона таълим йўналишига бирлаштириб, талабаларни 3-босқичдан бошлаб шаҳарсозлик, бино ва иншоотлар архитектураси, муҳитлар дизайни, меъморий ёдгорликларни таъмирлаш, архитектура менежменти ва бошқа шунга оид соҳалар бўйича йўналтириш лозим.
Архитектура ва қурилиш таълим йўналиши ДТС ва ўқув режаларини тузиш вақтида хорижий олий таълим муассасалари тажрибасини ҳисобга олиш, мустақил таълимни кучайтириш зарур. Талабанинг аксарият вақти лаборатория, аудитория, АРМларда ўтишини таъминлаб, мажбурий таълим соатларини қисқартириш керак. Талаба билимини назорат қилишни тўлиқ компьютерлаштириб, жараёнда профессор-ўқитувчилар иштирокини иложи борича камайтириш зарур.
Равшан ҲАКИМОВ, Тошкент архитектура-қурилиш институти ректори