Мустаҳкам ҳамкорлик — сифатли таълим кафолати
Алоқа тарихи музейида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимида йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Жанубий Кореянинг Инҳа университети президенти Сунья Чой бошчилигидаги делегация ва Тошкентдаги Инҳа университети раҳбарияти, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида Президентимизнинг 2014 йил 24 мартдаги қарори асосида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ташкил этилиши таълим соҳасида Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган мустаҳкам ҳамкорликнинг амалий натижаси эканлиги таъкидланди. Университет ректори Шерзод Шерматов мазкур олий таълим муассасасидаги шарт-шароитлар, қўлга киритилган илк натижалар, келгусидаги режалар ҳақида сўз юритди. Хусусан, таълим-тарбия тизимига қаратилаётган эътибор натижасида юртимизда халқаро талабларга жавоб берувчи ўқув тизимининг жорий этилгани, ёшларимизнинг салоҳияти ошиб бораётгани таъкидланди. Жумладан, жорий йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ҳужжат топширган 800 нафар абитуриентдан 254 нафари юқори балл билан ўқишга киргани, кириш имтиҳонларида 3 нафар абитуриентнинг максимал 100 бални қўлга киритиб, грант асосида ўқишга қабул қилингани алоҳида таъкидланди. Ҳозир университетда икки йўналиш — компьютер инжиниринги ва дастурий инжиниринг бўйича таълим берилаётган бўлса, келгусида йўналишларни кенгайтириш, шунингдек, ўқув жараёнини янада такомиллаштириш бўйича истиқболли режалар белгиланган.
— 2016 йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида янги логистика таълим йўналиши ташкил этилиши кўзланган, — дейди Жанубий Кореянинг Инҳа университети президенти Сунья Чой. — Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қулай жойлашув ўрни логистика соҳасини янада ривожлантиришга имкон беради. Янги йўналишга 60 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда таълим жараёнини сифатли ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, матбуот анжуманида олий таълим муассасасида дарс берувчи профессор-ўқитувчилар таркибини ўзбекистонлик кадрлардан шакллантириш мақсадида уларнинг Жанубий Кореяда ўқиши, малака оширишини ташкил этиш борасида лойиҳалар амалга оширилиши ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ташриф мобайнида ҳамкорликни янада ривожлантириш, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ахборот-ресурс марказини бойитиш(2,6 мингта янги ўқув дарсликларини тақдим этиш) бўйича меморандумлар имзолангани ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Санобар ЖУМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири