Биринчи рақамли университет
Машҳур "Times Higher Education" журнали ижодкорлари анъанага мувофиқ, жаҳоннинг минглаб университетлари орасидан саралаб тузилган "Дунёнинг энг яхши университетлари — 2018" рейтингини эълон қилди. 77 мамлакат олий ўқув юртлари жой олган рўйхатда Британия университетлари юқори поғоналарни банд этди. Хусусан, номдор Оксфорд иккинчи марта мазкур рейтингда 1-ўринни эгаллади.
Лондон шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашган Оксфорд шаҳарчасидаги "кекса" университет биноси бир қанча картиналар, жумладан, ёш афсунгар ҳақидаги "Гарри Поттер" фильми орқали кўпчиликка яхши таниш. Аммо олий ўқув юртининг салобатини фақатгина унинг ўрта асрларни ёдга солувчи ҳашаматли биноларигина белгиламайди. У юқори даражадаги ўқитиш тизими, қатъий қонун-қоидалари, амал қилиниши зарур бўлган ички тартиб-интизом ҳамда ўқув муассасасининг ўзигагина хос бўлган анъаналари билан ҳам машҳур. Бу маскан дунёдаги етакчи йирик тадқиқотлар ўчоғи ҳамдир. Университет лабораторияларида олиб бориладиган изланишларнинг аксарияти муваффақиятли якунланади, йирик илмий анжуманларда юксак эътироф этилади.
Оксфорд университети шу қадар қадимийки, ҳатто ташкил топган санаси ҳақида аниқ маълумот йўқ. У билан боғлиқ илк ёзувларни фақат 1096 йилги қайдномаларда учратиш мумкин.
Манбаларда келтирилишича, 1167 йили инглиз қироли Генрих II ўз фуқароларига Париж университетида ўқишни тақиқлагач, маҳаллий олий ўқув юрти — Оксфордда таҳсил олувчилар сони сезиларли даражада ортади. 1248 йилга келиб қироллик хартияси мамлакатда обрўси ортиб бораётган Оксфорднинг университет мақомини қатъий мустаҳкамлаб беради.
Аввалига университет ҳудуди жуда кичик бўлиб, унда асосан роҳиблар таҳсил олган. Уларга илоҳиёт, тиббиёт, ҳуқуқ ва бошқа фанлардан дарс ўтилган. Бироқ XIII асрнинг иккинчи ярмига келиб, университетда роҳиблар ордени пайдо бўлди ва илоҳиёт фанидан дарс бериш фаол ривожланди ҳамда унинг таркибида илк коллежлар пайдо бўла бошлади. Окс¬фордда диний ва дунёвий фанларнинг уйғун тарзда ўтилиши XVIII асрга қадар кўплаб сиёсий ва диний баҳс¬ларга сабаб бўлган. Бироқ ҳар қандай норозиликларга қарамай, университет ўз фаолиятини тўхтатмади ва ҳамиша Британиядаги энг асосий олий ўқув юртларидан бири деган мақомини сақлаб қолди.
Бугун 38 та коллеж ҳамда протестант ва католиклар учун 6 та ёпиқ коллеждан иборат Оксфорд университетини кичик бир давлатга қиёслаш мумкин. Оксфорд коллежлари — университетнинг тенгсиз қиёфасини ўзида акс эттирган ансамбль ҳисобланади. Коллежлар ўз кутубхонаси, тушлик учун мўлжалланган катта зали, дам олиш хоналари ҳамда умумий ётоқхоналарига эга. Университет коллежларининг кўпчилиги шаҳар марказида ёки шаҳардан узоқ бўлмаган ҳудудларда жойлашгани боис, бино атрофидан дўконлар, овқатланиш жойлари, бир сўз билан айтганда, барча хизмат кўрсатиш масканларини топиш мумкин.
Аслида, университетнинг ўзида ҳам аксарият хизмат турлари жорий этилган бўлиб, талабаларнинг унинг ҳудудидан ташқарига чиқишига ҳожат қолмайди. Оксфорд ҳудудидаги юздан ортиқ музей ва кутубхона, спорт зали, ёшлар клуби, "Sheldonian" театри ва бошқа дам олиш масканларида талабалар бўш вақтини мароқли ўтказади. Таълим даргоҳининг 100 дан ортиқ кутубхоналарида 12 миллиондан зиёд адабиёт ҳамда 70 мингдан кўпроқ электрон манбалар сақланади.
Бу ерда университетнинг кенг ҳудудини эгаллаган Англиядаги энг қадимий ва машҳур ботаника боғи ҳам бор. Шунингдек, университет ўз нашриётига ҳам эга, унда кўплаб ўқитувчи ва талабалар биргаликда "Оксфорд луғати"ни нашр этади. Университет коллежларидаги катта ва ҳашаматли овқатланиш залларига ҳавас қилмай иложингиз йўқ. "Гарри Поттер" фильмида тез-тез кўринадиган ўша машҳур овқатланиш зали ҳам Оксфорднинг "Christ Church" коллежига тегишли.
Университет қошидаги коллежларда мутахассисликка бўлиниш тизими йўқлиги боис, исталган ўқувчи истаган факультетида ўқиши мумкин. Ҳозир университетда 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Ёз ойларига келиб ёзги тил ўргатиш мактаблари очилгач, уларнинг сони янада ортади. Таълим даргоҳига ҳар йили минглаб талабалар ўқишга қабул қилингани туфайли талабгорларнинг ҳаммасига ҳам умумий ётоқхонадан жой ажратиб бериш мушкул — талабаларнинг 57 фоизи ва биринчи курсларнинг 70 фоизи ётоқхоналарга жойлашиши мумкин.
Университет ўқитувчилари 4 мингга яқин. Бу ерда энг яхши ўқитувчилар жамланганига шубҳа йўқ. Зеро, университет профессорларининг 80 нафари Қироллик жамияти, 100 нафари Британия академияси аъзоси саналади. Шунингдек, Оксфорд шу пайтга қадар 50 дан ортиқ Нобель мукофоти соҳиби, Британиянинг 25 нафар бош вазири, 6 нафар қирол, 50 дан зиёд олимпия ўйинлари ғолиблари, кўплаб йирик тадбиркорлар, сиёсат арбоблари, олимлар, санъат ҳамда адабиёт намояндаларини тарбиялаб бергани билан фахрланади. Аниқ мисолларга тўхталсак, космология соҳасида даҳо даражасида эътироф этилган Стивен Хокинг, Буюк Британиянинг 71-бош вазири Маргарет Тэтчер, "Дориан Грей портрети" асари муаллифи Оскар Уайлд, "Ажиб янги дунё ҳақида" роман-антиутопияси муаллифи Олдос Хаксли, файласуф Томас Гоббс, "Гулливернинг саёҳатлари" асари муаллифи Жонатан Свифт каби дунёга машҳур кишилар ҳам Оксфорд университети битирувчиларидир.
Университетда ўқиш октябрь ойидан бошланиб, уч семестр давом этади. Талабалар йил давомида маъруза, семинар, амалий ва лаборатория машғулотлари, шунингдек, тюториэлз — ўқитувчи билан индивидуал шуғулланиш дарсларига қатнайди. Бу ерда маъруза дарслари ўртача 4-5 нафар талабага ўтилади. Улар асосий билимни университетда жорий этилган тюториэлз тизими орқали олади.
Университет бакалавр ва магистрлар учун амалий жиҳатдан барча йўналиш ва мутахассисликлар бўйича ўқиш имкониятини таклиф этади. Факультетларнинг бари гуманитар фанлар, ижтимоий фанлар, математика, физика ва ҳаёт ҳақидаги фанлар, шунингдек, тиббий фанлар каби тўртта йирик йўналишга бирлаштирилган. Бугун Оксфорддек номдор олий ўқув юртида таҳсил олишни истовчи ёшлар орасида нафақат инглизлар, балки хорижликлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Табиийки, Оксфорд талабасига айланиш осон иш эмас. Бу жараён мутахассислик ва ўқув курсларини танлашдан бошланади. Чунки университетнинг бакалавр босқичида таҳсил олиш учун аввал махсус тайёрлов мактабларида ўқиш талаб этилади. Абитуриент Буюк Британиядаги мактаб ёки коллежлардан бирига икки йиллик тайёрлов курсига бориши мумкин. Тайёрлов дастури танланган йўналишга кўра олиб борилади. Учта асосий фан талаб этилган дастур доирасида, инглиз тили эса юқори даражада ўқитилади. Сабаби, Оксфорд талабаси бўлишнинг энг муҳим шарти — инглиз тилини юқори даражада билиш ва имтиҳонларда "IELTS" дастуридан 7,5 ва ундан юқори баҳо олиш саналади. Абитуриентлар университетнинг ўзида ташкил этилган икки йиллик "Foundation" тайёрлов курсида ўқиши мумкин. Ҳозир бу курс¬да фақат тарих, инглиз тили ва адабиёти фанлари ўтилади. Курснинг афзаллиги шундаки, уни тамомлаган ўқувчилар ҳужжатларини бирданига университетнинг иккинчи босқичига топшириши мумкин.
Мамлакатда хорижлик абитуриентлар учун икки йиллик тайёрлов курслари кенг оммалашган. У "GCE Advanced Level" ёки оддийгина
"A-levels" деб аталади. "Oxford Tutorial" коллежи абитуриентларни "A-levels" имтиҳонларига тайёрловчи йирик муассаса ҳисобланади. Бироқ Британия¬даги курсларда ўқиш имконияти бўлмаган хорижлик ёшлар ўз мамлакатларидаги ўқув курсларига бориши мумкин. ¡қишга қабул жараёнида улардан "IELTS"дан олган билимлари даражаси 5.0 балдан кам эмаслигини тасдиқловчи халқаро сертификат талаб этилади. Шундай қилиб, абитуриентлар Оксфорд коллежларидан бирига ўқишга қабул қилиниши учун ариза топширгач, махсус комиссия уларнинг "A-levels"дан олган баҳолари ҳамда тавсияномаларини кўриб чиқади ва суҳбатдан ўтказади. Айрим ҳолларда талаба ўзининг ёзма ишларини кўрсатиш мақсадида ёзма имтиҳон ҳам олишларини сўраши мумкин.
Университетда ўқиш пуллик бўлиб, нарх¬лар танланган мутахассислик бўйича белгиланади. Энг қизиғи, ўқишга кириш учун талаб этилувчи ҳужжатларни бир вақтнинг ўзида Оксфорд ҳамда унинг рақобатчиси Британиянинг яна бир номдор университети — Кембрижга топшириш тақиқланади.
Оксфорд талабаларининг аксарияти ўзига тўқ оилалар фарзандлари ва қироллик оиласи вакиллари болалари бўлса-да, университет бошқа таълим масканлари каби энг билимли ва иқтидорли талабаларнинг бепул ўқиши учун таълим грантлари ажратади. Лекин талабгорлар қатъий танлов асосида сараланади. Молиявий ёрдам ёш мутахассисларга университетнинг ўзи ёки бошқа жам¬ғармалар ҳисобидан тақдим этилади.
Бироқ ҳеч қандай таълим грантисиз ҳам бемалол ўқиш мумкин. Чунки стипендиянинг ўзиёқ университет харажатларини тўла қоплайди. Бундан ташқари, йил давомида талабаларга университетнинг ҳамкор жамғармалари томонидан экскурсия ва саёҳат учун бепул йўлланмалар берилади.
Оксфорд доим нишонлайдиган анъаналарига содиқлиги билан ҳам ном таратган. Ҳатто айрим йил саналари университет ташкил топганидан буён нишонлаб келинади. Айримлари эса битирувчиларнинг ихтирочилиги туфайли тасодифан пайдо бўлган. Бу ердаги "талабаликка қабул маросими", "Formal Hall" тантаналар залидаги байрамона тушлик, ҳар йили май ойида Магдален коллежининг хор жамоаси қўшиғи билан бошланиб, кун давомида тантана қилинадиган "Май тонги", ниҳоятда кўп одамларни бир ерга тўплайдиган "Сент-Жайлесдаги ярмарка", салат баргини тез ейиш бўйича тошбақалар мусобақаси ўтказиладиган "The Corpus Christi Tortoise Fair" фестивали ва бошқа кўплаб қизиқарли, ҳатто кулгили байрамларда нафақат университет талабалари, балки мамлакат аҳолиси ва сайёҳлар ҳам бажонидил қатнашади.
Бугун университет нафақат илм даргоҳи, балки жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшган тарихий обида сифатида ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Айниқса, Оксфорднинг май ойида ўтказиладиган анъанавий байрамини томоша қилиш, "Гарри Поттер" фильми лавҳалари суратга олинган "Крайст Черч" коллежини ўз кўзи билан кўриш ҳамда ўрта асрларни ёдга солувчи бинолардан завқланиш учун ҳар йили миллионлаб сайёҳлар қадам ранжида қилади.
Йиллар, ҳатто асрлар давомида "энг яхши" мақомини сақлаб туриш қийин, албатта. Бироқ Оксфорд университети жамоаси буни уддаламоқда. У ўзининг бетакрор таълим тизими, узоқ йиллар давомида шаклланган анъаналари ва қатъий тартиб-интизоми билан даврлар силсиласига дош бериб, асрдан-асрга такомиллашиб боряпти.
Ирода ТОШМАТОВА тайёрлади.