Бизга қандай дарсликлар керак?
2018-2019 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари олдинги йиллардагига нисбатан адолатли ўтди. Ҳужжат топширган абитуриентлар орасидан энг билимлилар саралаб олинди. Энди бўлғуси мутахассисларнинг саводи, асосан, олий ўқув юртларининг муайян йўналишлар ўқув режаси ва фан дастурига, ўқув адабиётларининг мазмун-мундарижасига ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг билими ва малакасига боғлиқ.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 октябрдаги “Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган асосий вазифа “олий таълим муассасаларини илғор жаҳон тажрибалари асосида яратиладиган янги авлод дарслик, ўқув қўлланмалари ҳамда даврий нашрлар билан тизимли таъ¬минлаш”дан иборат.
Шу ўринда қарорда кўрсатилган ишларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароит ва тайёргарлик етарлими, деган ҳақли савол туғилади. Масалан, қарорнинг 1-иловаси билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш, уларни харид қилиш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 3-бандида олий таълим муассасаларида фойдаланиш учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар рўйхатини шакллантириш вазифаси таянч олий таълим муассасалари томонидан босқичма-босқич амалга оширилиши белги¬ланган. Шунингдек, қарорнинг
3-иловаси билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларини ўқув адабиётлари билан таъминлаш ҳамда дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини янгилаб бориш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 4-бандида шундай дейилган: “олий таълим муассасалари давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурларига мувофиқ яратилиши зарур бўлган ўқув адабиётларининг рўйхатини шакллантиради”.
Бу иш учун масъул бўлган таянч олий ўқув юртларининг ҳамма йўналишлари зиммасидаги вазифаларни бажаришга тайёрми? Барча фанлар бўйича вазирлик тасдиқлаган ўқув режа ва фан дастурлари талабга жавоб берадими?
Қарорга кўра, хориждан энг яхши адабиётлар келтирилади. Бу адабиётларни шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин: математика, табиий, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт фанлари; гуманитар ва ижтимоий-сиёсий фанлар; илмий журналлар. Китоблар келтирилгандан кейин, қарорда айтилганидек, уларнинг бир қисми тўғридан-тўғри таржима қилинади, яна бир қисмидан фойдаланиб, ўзбек тилида янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари яратилади. Бу ерда ҳам бир нечта масалаларни ечишга тўғри келади. Албатта, биринчи навбатда бакалаврлар учун дарслик ва ўқув қўлланмалар олинади. Энг янгиси, охиргисини олиш керакми ёки бир неча марта нашр қилинган, синовдан ўтганиними? Менимча, фундаментал фанлар бўйича синовдан ўтганларини.
Масалан, Р.Кельнер ва бошқаларнинг таҳрири остида чиққан “Аналитик кимё” китоби аналитик кимё бўйича Европа олий ўқув юртлари учун асосий дарслик сифатида тавсия этилган. Профессор Г.Кристианнинг “Аналитик кимё” дарслиги АҚШда олти марта нашр этилган. Ҳар бир нашрда муаллиф китобни қайта ишлаган ва тўлдирган. Ҳар иккала дарслик 2000 йилдан кейин рус тилига таржима қилинган ва нашр этилган.
Биринчи гуруҳга кирувчи китобларни таржима қилиб нашр эттиришдан олдин яна иккита масалани узил-кесил ҳал қилиш керак. Биринчиси, китобларнинг ҳаммаси лотин алифбосида нашр этилиши ва улар узоқ йиллар хизмат қилиши учун алифбо масаласини тезроқ қонунан ҳал қилиш керак. Бу иш ҳал қилинмаса, келажакда китобларни қайта нашр қилишга тўғри келади.
Иккинчиси, атамашунослик билан боғлиқ масалалар. ХХ асрнинг иккинчи ярмида янги фанлар, соҳалар пайдо бўлди. Табиийки, уларнинг ҳар бирида ўзига хос атамалар бор.
Шу боис, физика, кимё, тиббиёт, ахборот технологиялари, муҳандислик бўйича янги китобни таржима қилаётган таржимоннинг иш столида, албатта, шу соҳага тегишли атамалар луғати бўлиши керак. Ҳозиргача рус тилида нашр қилинган китоблардаги атамалардан фойдаландик. Энди нима қилиш
керак?
Менимча, иккита йўл бор. Биринчиси, ўзбек тилига яқин бўлгани учун бу борада турк мутахассисларининг тажрибаларини ўрганиш керак. Туркларда бу соҳа жуда ривожланган. Агар уларнинг атамаси тилимизга яқин бўлмаса, халқаро атамани ишлатган маъқул. Бу икки масалани ҳал қилмасдан китоб нашр этмаслик керак.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида атамашуносликнинг аҳволи ва унинг янги китоблар таржимасидаги ролига бағишланган илмий анжуман ташкил этиб, атамалардан фойдаланиш бўйича бир хулосага келиш зарур. Иложи бўлса, таржима бошлангунча атамаларнинг бирламчи вариантини тўплаш ва таржимонларга тарқатиш лозим.
Гуманитар ва ижтимоий-сиёсий фанлар бўйича мавжуд дарсликлар ҳамда ўқув адабиётлари ҳозир аянчли аҳволда. Бу йўналишда адабиётлар сотиб олинган тақдирда ҳам уларнинг қанча қисми ишлатилади? Уни кимлар қайси меъёрларга қараб “оқ-қорага” ажратади? Саралашда жамият манфаати, мутахассиснинг саводи, илғор мамлакатлар тажрибаси эътиборга олинадими? Бу масалалар ҳозир ҳал қилинмаган тақдирда гуманитар ва ижтимоий-сиёсий фанлар бўйича сотиб олинган ўқув адабиётларини кутубхонада чанг босади. Сиёсатшунослик фани ва унга тегишли ҳамма китоблар бунга мисол бўлади.
Бу борада илғор давлатлардаги аҳволни чуқур таҳлил қилиш керак.
Ўзбекистон Миллий университетида бир неча марта гуманитар ва ижтимоий-сиёсий фанларнинг тақдирига, келажагига бағишланган давра суҳбатлари ташкил қилиш орқали бир қарорга келиш лозим.
Шу масалаларни ҳал қилсаккина китобларимизнинг янги авлоди билимли, малакали мутахассис етиштириш учун хизмат қилади.
Абдулла ҚУВВАТОВ, Самарқанд давлат университетининг доценти