Жаҳон тарихини ўқитиш: муаммо ва ечим
Шундай даврлар бўлдики, тарихчи олимлар тарихий воқеаларни илмий асосда эмас, балки муайян чегаралар доирасида ёритишга мажбур этилди. Шу тариқа фанда сохталаштириш юзага келди. Бироқ тарихни ўз измига бўйсундиришга уринган тузумнинг умри узоқ бўлмаслиги собиқ иттифоқ мисолида ўз тасдиғини топди.
Истиқлол туфайли тарих фанига муносабат тубдан ўзгарди. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27 июлдаги 315-сонли қарори Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти фаолиятини такомиллаштиришга оид бўлиб, унда тарихчи олимларнинг илмий фаолияти учун зарур шарт-шароит яратиш билан бирга, тарих фанини ўқитишни юқори савияга кўтариш талаби қўйилди. Ўша йилнинг ўзида Халқ таълими вазирлигининг “Ўрта умумтаълим мактабларида тарих таълимини яхшилаш ва такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғи чиқиб, мактабларда тарих фанини ўқитиш сифатини ошириш, мазкур предмет бўйича ихтисослаштирилган махсус мактаблар (синфлар) ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб белгиланганди.
Самарқанд вилоятида ҳам мазкур буйруқ ижроси юзасидан шаҳар ва туманлардаги бир неча мактабда тарих фанига ихтисослаштирилган синф¬лар очилди. Бундай синфлар учун ишлаб чиқилган ўқув режада Ўзбекистон тарихи билан бир қаторда археология, этнография, жаҳон тарихи, эски ўзбек ёзуви каби фанларни ўқитиш ҳам инобатга олинди.
Бунинг учун Самарқанд давлат университети тарих факультети мутахассисларини дарсларга жалб этиш йўлга қўйилди. Афсуски, бу ишлар ярим йўлда чала қолди. Ҳозир бундай синфлар фаолияти ё тўхтатилган ёки улар ҳақида лом-мим дейилмайди.
Сўнгги икки йилда Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамияти қайтадан кашф этди. Худди шунингдек, ўзбекистонликлар учун ҳам дунё эшиклари очилди. Бироқ шундай паллада мамлакатимизда жаҳон тарихини ўрганиш, ўқитишга эътибор сустдек. Дунёнинг кўп давлатлари билан дўстлик, ҳамкорлик муносабатлари ўрнатишга астойдил интиляпмиз, лекин бу мамлакатлар тарихини илмий асосда таҳлил қилишни ўргатадиган ўқув ва илмий муассасаларимиз йўқ. Алоҳида Умумий тарих (ёки жаҳон тарихи) институти тугул, республикамиздаги Тарих институти қошида жаҳон тарихи сектори ҳам ташкил этилмаган. Қадимги дунё тарихи, ўрта асрлар тарихи, янги ва энг янги давр тарихи, шунинг¬дек, хорижий мамлакатлар тарихи манбашунослиги ва тарихшунослигини ўргатувчи фанлардан олий таълим тизимида ўзбек тилида ёзилган арзигулик дарсликлар ҳам йўқ.
Ғарб мамлакатлари тарихи билан шуғулланувчи мутахассисларимиз ҳам бармоқ билан санарли. Ваҳоланки, фақат СамДУнинг “Умумий тарих” кафедрасида (ҳозир “Жаҳон тарихи” деб номланган), бундан 15–20 йиллар олдин Англия, Германия, Болгария, Венгрия, Польша тарихи билан шуғулланувчи ихтисослашган олимларимиз бор эди.
Юртимиздаги ҳар бир олий ўқув юрти хорижий мамлакатлардаги ўқув ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатмоқда. Буни университетимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Фақат жорий йилнинг ўзидагина олий ўқув юртимизга Германия, Франция, Исроил мамлакатларининг Ўзбекистондаги мухтор элчилари, Япония, Корея Республикаси, Голландия, Гренада университетларининг делегациялари ташриф буюрди. Бу давр ичида 20 нафар профессор-ўқитувчимиз хорижга илмий сафар қилди. Лекин улар орасида чет мамлакатлар тарихи бўйича илмий тадқиқот ва изланишлар олиб борувчи бирор кишини учратмайсиз.
Бизнингча, ишни жаҳон мамлакатлари тарихини ўрганувчи марказ ташкил этишдан бошлаш керак. Марказ шу соҳани мувофиқлаштирувчи, мавжуд кадрлар ҳисобини олувчи, қайси мамлакатлар тарихи билан шуғулланиш мақсадга мувофиқлигини ва ёшларни айнан шу йўналишларга бошқаришни таъминлаши керак.
Беҳзод ТЎРАҚУЛОВ, Самарқанд давлат университети «Жаҳон тарихи» кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди