«Қўяжак қадамларингиз қутлуғ бўлсин!»
20 август куни мамлакатимиз олий ўқув юртларига қабул бўйича бўлиб ўтган тест синовлари натижалари эълон қилинди.
Олий ўқув юртларига энг кўп ҳужжат топширилган 2015 йилда табиийки, танлов ҳам шунга яраша бўлди.
— Пухта тайёргарлик кўрганим беиз кетмади, — дейди амударёлик Шоҳиста Ражабова. — Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирдим. Таълим муассасасини тамомлагач, туманимизда спортнинг гимнастика турини ривожлантиришга ҳисса қўшишни ният қилаяпман. Албатта, бунда устозларимнинг кўмагига таянаман.
— Тошкент ахборот технологиялари университети телекоммуникация таълим йўналишига талабгорлар кўп бўлишини билгандим, — дейди тошкентлик Санжар Абдужалилов. — Шу боис дарсликлардаги мисол ва масалаларни қайта-қайта ечдим, тушунмаганларимни Тошкент бизнес ва иқтисодиёт коллежидаги устозларимдан сўраб ўргандим. Натижа кўнгилдагидек — 175,4 балл. Қувончим чексиз.
Низомий номидаги ТДПУда бўлганимизда фарзандларини табриклаётган ота-оналарни, «Университетга кирдим», «Ўқишга қабул қилиндим», дея қувонган йигит-қизларни учратдик.
— Қизим Назокат Ғуломова университетнинг ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналишига(200,5 балл) давлат гранти асосида қабул қилинди, — дейди ўртачирчиқлик Акром Мелибоев.— Жуда хурсандман. Шу аснода фидокорона меҳнатлари ва фарзандимга берган билимлари учун Ўртачирчиқ ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари Шаҳноза Тўлаганова, Турсуной Турғунова ва бошқа устозларга чуқур таъзим қиламан.
— Тест синовларидаги рақобат йилдан-йилга кучайиб бормоқда, — дейди Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Қаюм Боймиров. — Бу йил олий ўқув юртлари қабул комиссияларига 605836 нафар абитуриент ариза топшириб, рекорд натижага эришилди. Ўтган йили олий таълим муассасаси талабаси бўлиш мақсадида ҳужжат топширганлар сони 543155 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил ўтган йилга нисбатан олий таълим муассасаларига 62681 нафар кўп абитуриент ҳужжат топширди. Масалан, бундан 5 йил олдин бир ўрин учун 6,8 абитуриент кураш олиб борган бўлса, бу йил бу рақам 10,45 га етди. Бу талабалик шоҳсупасига кўтарилиш учун соғлом рақобатни юзага келтиради. Соғлом рақобат эса алалоқибат таълим юксалишига олиб келади.
Тест синовларидан муваффақиятли ўтган йигит-қизлар иккинчи сентябрь куни ўзлари танлаган таълим йўналиши бўйича билим ола бошлашади. Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги кенг нишонланаётган пайтда ҳаётидаги муҳим довондан ўтиб, келажак йўлини танлаб олган ёшларга биз ҳам олий таълим муассасалари биринчи бос¬қичига қўяётган илк қадамларингиз қутлуғ бўлсин, деб қоламиз.
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ