Олий таълимда малака ошириш: муаммо ва ечимлар
Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳар уч йилда бир марта республикамизнинг етакчи олий ўқув юртлари қошида ташкил этилган минтақавий малака ошириш марказларида малака оширади. Тингловчилар умумий соҳалар (педагогика, компьютер саводхонлиги, чет тили, иқтисодиётнинг ривожланиши ва ҳоказо) ва мутахассислик фани (фанлари) бўйича ўқитилади. Лекин марказларда ишлаётган мутахассислар билими тингловчиларникидан нечоғлик юқори?
Масалан, кимё факультет (ёки бўлим)ларида физикавий тадқиқот усуллари, кимё¬вий бирикмаларнинг тузилиши ва хоссаларини математик моделлаштириш, квант кимёси каби фанлар ўқитилади. Олий ўқув юртларида бу фанлар бўйича бир нафардан мутахассис ишлайди. Кўпинча ундан бошқа мутахассис бу фанни чуқур билмаслиги аниқ. Шундай қилиб, малака ошириш марказларида тингловчи ўзининг фанидан бошқа барча йўналишлар бўйича билимини бойитади. Ваҳоланки, бунинг тескариси бўлиши керак.
Малака ошириш навбати келган ўқитувчи унинг соҳаси бўйича етук мутахассислар мавжуд бўлган олий ўқув юртларига ёки илмий марказларга юборилиши керак. Бундай марказларнинг кўпи эса хорижда. Иккинчидан, у ерга мутахассис юбориш учун маблағ керак ёки юбориладиган номзод чет тилини билмайди.
Бундай ҳолатда нима қилиш керак?
Фундаментал фанлар бўйича дарс берувчи ассистентлар, катта ўқитувчилар ва баъзи доцентлар малакасини олий ўқув юртининг ўзида ошириши мумкин. Бунинг учун фундаментал умумкасбий фанлардан дарс берувчи энг малакали, моҳир профессор-ўқитувчининг юкламасини 30—50 соат камайтириб, бош¬қа ўқитувчиларнинг малакасини ошириш вазифасини топшириш мумкин. Устознинг билим ва тажрибаларини ўзлаштиргач, малака ошириш муддати келган номзод хорижга чиқса бўлади. Шунингдек, танлов муддати келганда устознинг номзод билан мулоқоти, унинг ўтган 5 йилдаги ютуқ ва камчиликлари, тавсияси, фикри овоз берувчилар учун катта аҳамиятга эга бўлади.
Умумкасбий фанлар бўйича эса қуйи¬дагича йўл тутган маъқул. Республикамиздаги педагогика йўналишида мутахассислар тайёрловчи 11 та университетнинг ҳаммаси, асосан, бир хил йўналишдаги ўқув режа ва дастурларига эга. Бу олий таълим муассасаларида ишлаётган мутахассисларнинг бири энг юқори ва яна бири энг паст малакали, қолгани эса шу иккиси оралиғида. Табиийки, энг маҳоратли профессор ўз билими ва тажрибасини ҳамкасбларига ўргатса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунинг учун энг малакали мутахассис ишлайдиган кафедрада қолган ўқитувчиларнинг малакасини ошириш керак.
Турли рейтинглар орқали мутахассислар орасидан илғор ўқитувчиларни аниқлаш мумкин. Сўнг ўша етакчи педагог ишлаётган кафедрага 6 йил мобайнида ўқитувчиларнинг малака ошириш ҳуқуқини бериш керак. Бу вақт мобайнида у қолган кафедра ўқитувчиларининг малакасини ҳар 3 йилда бир мартадан — жами икки марта оширади. Кейин яна аттестация ўтказилиб, бу ҳуқуқнинг муддатини чўзиш ёки уни бошқага ўтказиш мумкин.
Баъзи ўқитувчилар учун 3 йилда бир марта малака ошириш етарли, баъзилар учун эса бир неча марта ёки узоқроқ муддат талаб қилинади, ё бўлмаса педагогнинг ўзи шунга хоҳиш билдиради. Бундай мутахассисларга икки томон учун қулай бўлган вақтда, индивидуал шаклда малака ошириш имкониятини ҳам яратиш керак. Шундай қилинса, ҳар бир профессор-ўқитувчи ўзи ўқитаётган фандан дарс бераётган бошқа мутахассисларни яхши билади. Бу эса, ўз навбатида, педагогларнинг ўзаро мулоқот қилишига, ёрдам олишига имкон яратади. Бу ишнинг ташкилий, молиявий ва бошқа зарур жиҳатлари билан олий ўқув юртлари қошидаги минтақавий малака ошириш марказлари шуғулланади.
Таклифим маъқул бўлса, кимё йўналишининг бакалавриат босқичи талабаларига ўтиладиган физикавий тадқиқот усуллари фани бўйича бошқа олий ўқув юртларининг шу фанни ўқитадиган ўқитувчилари малакасини оширишга (тажриба сифатида бўлса ҳам) тайёрман. Бунинг учун малакамни баҳолашни ва кафедрамиздаги мавжуд имконият ҳамда материалларни ўрганишни хоҳлаган даражадаги экспертлар эътиборига ҳавола этиш имконига эгамиз. Биринчи танишув сифатида вазирликнинг utube.uz сайтига қўйилган овозли-кўргазмали маърузаларимни (видеодарс), 2006 йили чоп этилган "Физикавий тадқиқот усуллари" (лаборатория ишлари учун қўлланма) ва 2017 йили Х.Бобоқулов билан ҳаммуаллифликда нашр қилинган "Физикавий тадқиқот усуллари" (амалий машғулотлар учун ўқув қўлланма) китобларимни тақдим этаман.
Абдулла ҚУВВАТОВ, Самарқанд давлат университети доценти