Таълим берувчининг ҳам, таълим олувчининг ҳам дилидаги гаплар айтилди
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини телевизор орқали катта ҳаяжон ва зўр қизиқиш билан кузатдик. Олий таълим муассасаси ўқитувчиси, Ўзбекистон фуқароси сифатида давлатимиз раҳбарининг маърузасидан ўзим ва фаолиятим учун зарур хулосалар чиқардим. Келгуси йил учун режалар тузиб олдим.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб номланиши замирида халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун имкониятларни кенгайтириш, юртимизда олий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, пировардида, мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор мужассамлигини юртдошларимиз теран ҳис этди.
Давлатимиз раҳбари ёшларнинг муносиб таълим-тарбия олишига, уларнинг илм-фанга бўлган қизиқиш ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу галги маърузасида ҳам фарзандларимизнинг олий маълумот олиб, юқори малакали мутахассис бўлиб етишиши учун имкониятлар кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Президентимизнинг олий таълим муассасаларига қамровни ҳозирги 9 фоиздан 2019 йили 20 фоизга ошириш, қабул квоталарини белгилаш ваколатини олий таълим муассасаларига бериш ва абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир неча олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини яратиш зарурлиги тўғрисидаги фикрлари ёш авлоднинг эртанги кунга ишончини оширди.
Йиллар давомида ўзини оқламай келган бюрократик механизмлар, айрим эски тартиблар ва қоғозбозликдан воз кечиб, олий таълим муассасаларига реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил белгилаш ваколатининг берилиши олий таълим ходимлари, ўқитувчи-профессорлар ҳамда ёшлар томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Мурожаатномада қайд этилганидек, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишни давом эттириш имкониятини янада кенгайтириш зарурлиги ҳақидаги таклиф келгусида юртимизнинг жадал ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
Беруний АЛИМОВ, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори