Илк битирувчилар мустақил иш фаолиятини бошлади
Истиқлолнинг бешинчи йилида Президентимиз ташаббуси билан Асакада барпо этилган автомобиль корхонаси республика иқтисодиётини жадал ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Юқори технологияларни ўзлаштиришни тақозо этувчи янги соҳа туфайли олий техник маълумотга эга бўлган мутахассисларга талаб ошди.
— Энг илғор жаҳон тажрибасини ўзлаштиришга қодир юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун олий ўқув юртимизда машинасозлик, технология, автоматика ва электротехника факультетлари ташкил қилинди, — дейди Андижон машинасозлик институти ректори, техника фанлари номзоди Анвар Тешабоев. — Мазкур факультетларда таълимнинг 10 йўналиши бўйича бакалаврлар ва магистрлар тайёрланади. Автомобилсозлик ва тракторсозлик, машинасозлик технологияси ва машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш, материалшунослик ва янги материаллар технологияси, ер усти транспорт тизимлари ва улардан фойдаланиш йўналишлари шулар жумласидандир. Дастлабки битирувчиларимиз — 579 бакалавр ва 24 магистрга диплом топширилди.
Ушбу йўналишлар бўйича олий маълумотга эга бўлиш истагидаги ёшлар сони кўпаймоқда. Нафақат водий вилоятларида, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилувчи йигит-қизлар ҳам таҳсил олмоқда. 2015-2016 ўқув йили учун 11 минг абитуриент ариза берди. Шулардан энг билимли ва юқори балл тўплаган 905 нафари талабаликка қабул қилинди. Дарвоқе, таълим муассасамизда янги — «Табиатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги» йўналиши очилди.
Институт профессор-ўқитувчилари талабаларга пухта билим бериш билан бир қаторда, ёшларнинг ўз ижодий салоҳиятини намоён этишига кўмаклашадилар. Бу борада барча зарур шароитлар муҳайё қилинган. Жумладан, Асака автомобиль заводи ташаббуси билан институтда конструкторлик бюроси ва технопарк ташкил этилган. Корхона, шунингдек, енгил ва юк машиналарининг қисмлари, бутловчи ва деталларнинг макетларини, асбоб-ускуналарни тақдим этган. Талабалар мини-лабораторияларда илмий изланишлар олиб бормоқдалар, «GM-Uzbekistan» қўшма корхонаси мутахассислари буюртмасига биноан турли материалларни синовдан ўтказадилар. Шу орқали бўлажак автомобилсозлар янги технологиялар, конструкторлик ечимларини ишлаб чиқаришга жорий этишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
— Танлов асосида юзга яқин битирувчини ишга қабул қиламиз, — дейди «GM-Uzbekistan» қўшма корхонаси техник хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш дирекцияси директори Акрамжон Тўхтабоев. — Аслида уларнинг барчасини биринчи курс¬даноқ кузатиб келамиз. Тўрт йил давомида ҳар бир талаба ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ ўзлаштирди, технологик линия¬ларни бошқаришни ўрганди, турли деталлар чизмаларини тайёрлаш, макетлар яратиш ҳадисини олди.
Институт қатор бошқа олий таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатган. Шулар қаторида пойтахт¬даги Турин политехника университети алоҳида аҳамият касб этади. Университет машинасозлик йўналишидаги ўқув, услубий адабиётлар етказиб беради. Андижонлик ўқитувчи ва мураббийлар айнан пойтахтдаги олий ўқув юртида малака оширадилар. Дунё¬даги энг илғор тажрибаларни ўзлаштириш, янгиликлардан воқиф бўлиш, такомиллашишдан тўхтамаслик мақсадида илмий анжуманлар ташкил этилади.
Яқинда машинасозлик факультети ўқув корпуси реконструкция қилинди. Аудиториялар сони 87тага етказилди. Бешта информатика синфи ташкил қилиниб, улар интернетга уланган 326та компьютер билан жиҳозланди. Лаборатория кабинетларига энг замонавий ускуналар ўрнатилди. Ҳозир эса институт бош корпуси реконструкция қилинмоқда.
Эътиборли жиҳатлардан яна бири шуки, Андижон машинасозлик институтининг 96,5 фоиз битирувчилари ишга қабул қилиш бўйича таклиф олдилар.
Орифжон СИДДИҚОВ,
«Ma’rifat» мухбири