Таълим кредитлари
мамлакат тараққиётига дахлдор масала
Қишлоқдан отам қўнғироқ қилди. Айтишларича, тўлов-контракт асосида университетда таҳсил олаётган укамга таълим кредити олишни режалаштираётган экан. Бу фикр менга ҳам маъқул келди. Чунки оиламизнинг асосий даромади боғдорчилик, аксига олиб бу пайтда мевалар тўлиқ пишиб етилмаган — бозорга олиб чиқиб бўлмайди. Хуллас, узоқ муддатли имтиёзли кредитнинг қайтарилиши таъминланишида кафил бўлишим учун зарур бўладиган ойлик маошим ва иш жойим ҳақидаги маълумотларни ҳозирлаб, “Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг Жиззах вилоят Бахмал филиалига йўл олдим. Банкда умумий ҳужжатларни расмийлаштириш ва қабул қилиб олиш учун икки-уч соат вақт кифоя қилди. Орадан беш-олти кун ўтиб, тўлов-контракт шартномасида кўрсатилган сумманинг тенг ярми университет ҳисоб рақамига ўтказилгани ҳақидаги маълумотномани олдик. Энг қизиғи, кредит олишдаги мана шундай қулай шароит ва тезкорлик ҳақида танишларга гапириб берсам, баъзилари ишонишмади...
Миллий матбуот марказида Республика Марказий банки томонидан таълим кредитлари ажратилишининг мақсад ва вазифалари, улардан фойдаланиш тартиблари тўғрисида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Тижорат банклари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг келажаги, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда молия муассасаларининг ўрни хусусида аниқ маълумотлар келтирилди.
Мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлда «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида»ги қарори эълон қилинган бўлиб, ушбу ҳужжатга асосан «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низом» тасдиқланган. Унга кўра, республикамизда фаолият юритаётган барча тижорат банклари томонидан мамлакатимиз олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиётган Ўзбекистон фуқароларига таълим кредитлари ажратиш белгилаб қўйилди. Очиқ мулоқот руҳида ўтган йиғилишда мутахассислар йиғилганларнинг бу борадаги барча саволларига батафсил жавоб беришди.
— Мамлакатимизда тўрт ярим йил мобайнида тижорат банклари томонидан 72 мингдан зиёд талабага жами 225 миллиард сўмдан ортиқ таълим кредитлари ажратилди, — дейди Марказий банкнинг банк тизимида методология ишларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Шербек Қоралиев. — Жорий йилнинг 6 ойи давомида республика бўйича 11 106 нафар талабага ажратилган таълим кредитлари миқдори 35,7 миллиард сўмни ташкил этди.
Айтиш жоизки, таълим кредити олий таълим муассасасига тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабанинг ота-оналари ёки васийлари номига ўзлари яшайдиган аҳоли манзилига яқин жойлашган тижорат банки орқали расмийлаштирилади. Ушбу кредит ўқишнинг биринчи йили учун 1 октябрдан 15 мартгача бўлган муддатда, кейинги йиллар учун 5 сентябрдан 5 мартгача бўлган вақт оралиғида тўлаб берилади. Қарз олувчи банкка ариза, талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиши ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома, ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган ҳужжат билан мурожаат қилиши зарур. Шунингдек, қарз олувчининг яшаш жойидан берилган маълумотнома, кредитни қайтариш таъминоти тўғрисидаги ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг кредит шартномаси тижорат банки томонидан 10 иш куни ичида имзоланиши ёки кредит ажратмаслиги тўғрисидаги асосли жавоб ёзма тартибда қайтарилади.
Бу кредитнинг имтиёзлилиги шундаки, юқорида келтирилган қарорнинг 3-бандида кўрсатилганидек, чин етимлар, меҳрибонлик уйларида тарбияланганлар ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига фоизсиз таълим кредитлари берилади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари эса кредит учун Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоизда (айни пайтда 9 фоиз) ҳисобланган сумманинг фақат 50 фоизини тўлайди. Қолган 50 фоизи эса туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Шартнома суммасининг иккига бўлиб тўланиши натижасида эса тўланадиган фоизлар суммаси анча пасаяди.
Таълим кредитларининг асосий қарзини қайтариш талаба ўқишни тугаллаганидан уч ой ўтганидан сўнг бошланиши ҳам ўзига хос бир қулайлик ҳисобланади. Ушбу имтиёзнинг аҳамияти шундан иборатки, тўлов-контракт асосида олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган талаба ёки унинг ота-онаси тўрт йилдан ортиқроқ муддатга олинган кредит бўйича асосий қарзни қайтаришдан озод бўлади. Чунончи, қарз узоқ муддатга — олий таълим муассасаси бакалавриатига қабул қилинган талабаларга 10 йил муддатга, магистратурага қабул қилинган талабаларга 5 йил муддатга берилади. Қолаверса, ёшларга ва уларнинг ота-оналарига янада енгилликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди иккинчи хатбошисига мувофиқ фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида таълим олишга йўналтириладиган суммаларига даромад солиғи солинмайди.
Тадбирда таъкидланганидек, тижорат банклари томонидан таълим кредитларининг ажратилиши йил сайин ўсиш тенденциясига эга. Шунга монанд бу турдаги узоқ муддатли кредитларни олувчилар сони ҳам йилдан йилга ортмоқда.
Мутахассислар тадбир қатнашчиларининг саволларига жавоб берар экан, ёшларнинг порлоқ келажаги учун яратилаётган бу каби имкониятлардан оқилона фойдаланиш, улар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишнинг аҳамияти тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтишди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ma’rifat” мухбири