Таълим самарадорлигини ошириш йўлида
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси юзасидан амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда вазирлик тизимидаги ташкилотлар, олий таълим муассасалари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Айтиш жоизки, мазкур қарор олий таълим тизимига янгича мазмун бахш этди. 2011—2015 йиллар мобайнида ривожланиш суръатлари ўсиб бориб, ҳар бир олий таълим муассасасида янгиланишу юксалишлар кўзга ташланди. Моддий-техник база мустаҳкамланганлиги таълимнинг мазмун-моҳиятига, самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу маънода, қурилиш- таъмирлаш ишларига изчил эътибор қаратилаётгани, олий таълим муассасаларининг замонавий қиёфа касб этаётгани кишини қувонтиради. Хусусан, 2011—2015 йилларда Инвестиция дастурига мувофиқ олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 824,1 млрд сўм маблағ йўналтирилди. Ҳозирги кунга қадар 25та олий таълим муассасасининг 130та иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилиб, фойдаланишга топширилган. Келгуси йили 13та олий таълим муассасасининг 52 объектида бунёдкорлик ишлари олиб борилиши кўзда тутилаётир.
— Иқтисодиёт соҳалари ривожига мос равишда, меҳнат бозори талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари оптималлаштирилмоқда, — дейди вазирликнинг олий таълим муассасалари бош бошқармаси бошлиғи Иномжон Мажидов. — Жорий йилда 6та олий таълим муассасасида янги таълим йўналишлари ташкил этилди. Умуман, юртимиз олий таълим муассасаларида 180га яқин бакалавриат йўналишлари ва 500га яқин магистратура мутахассисликлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Тадбирда профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, келгуси режаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Санобар ЖУМАНОВА