«Таълим ва мутахассислик»
кўргазмасида янги ва замонавий йўналишлар ёшлар эътиборида бўлди
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида «Таълим ва мутахассислик» XIII халқаро кўргазмаси иш бошлади. Тадбир «Камолот» ЁИҲ томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда «Expocontact» МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилди.
— Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган кўргазма ёшларни мамлакатимиз ҳамда хориждаги етакчи олий таълим муассасалари, таълим ва мутахассисликка йўналтирилган ўқув марказларида мавжуд таълим йўналишлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда, — дейди «Камолот» ЁИҲ Марказий кенгаши Ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар бўлими бошлиғи Абдулазиз Мўминов. — Эндиликда тадбир доирасида ишлаб чиқариш корхоналарида мавжуд иш ўринлари тўғрисида маълумотлар берилаётгани кўргазманинг аҳамиятини ошираяпти.
Кўргазма доирасида таълим муассасалари вакиллари томонидан маҳорат дарслари, йигит-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув-семинарлар, лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Хусусан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент давлат санъат ва маданият институти талабалари томонидан амалий санъат намуналарининг намойиш этилиши иштирокчиларни бефарқ қолдирмади.
— Ҳайкалтарошликка қизиқишим ортди. Мазкур йўналишга кириш имтиҳонлари тартиби тўғрисида батафсил ахборот олдим, — дейди Тошкент вилоят педагогика коллежи ўқувчиси Садоқат Қудратова.
Хорижий тилларни пухта ўзлаштираётган ёшлар чет эл таълим муассасалари ва уларга кириш шартлари билан ҳам батафсил танишишди. Зотан, тадбирда Германия, Хитой, Корея Республикаси, Латвия, Россия, Малайзия, Буюк Британия, Венгрия, Польша, Канада, Сингапур, АҚШ каби давлатларнинг етакчи олий ўқув юртлари қатнашди.
— Германиянинг халқаро миқёсда эътироф этилган таълим муассасаларидаги бакалавриат, магистратура ва докторантура бўйича ўқув дастурлари ҳақида маълумот бераяпмиз, — дейди доктор Герт-Рюдигер Вегмарсхаус. — Тил, маданият, иқтисод, табиий ва ижтимоий фанлар, тиббиёт, спорт, санъат каби йўналишларнинг барчаси қамраб олинган. Айниқса, ёзги тил ўрганиш курслари қатнашчилар эътиборини тортаяпти.
Кўргазма тақдимотларида ёшларнинг компьютерни моделлаштириш, биотехнология, стоматология, молиявий математика, халқаро туризм, жамоатчилик билан алоқалар, бизнес каби замонавий мутахассисликларга ҳам катта қизиқиш билдираётганининг гувоҳи бўлдик.
— Латвиядаги Иқтисод ва маданият университетида «Менежмент» йўналишида бакалавриат, «Бизнес бошқаруви» йўналишида магистратура дастурлари мавжуд, — дейди университет вакили Инета Кристовска. — Олий таълим муассасасида дунёнинг 20 давлатидан келган 70дан зиёд малакали олимлар дарс беради.
Шунингдек, янги ташкил этилган ихтисослик ва мутахассисликлар, хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик институтидаги хитойшунослик (хитой тили, иқтисодиёти, сиёсати ва тарихи), Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидаги хорижий тил ва адабиёти йўналишлари ёшларнинг асосий диққат марказидаги йўналишлардан бири бўлди.
— Мамлакатимизда темир йўл соҳаси юксак тараққий этмоқда, — дейди ТТЙМИ вакили Шаҳло Худойберганова. — Шу боис ташишларни ташкил этиш ва транспорт логистикаси, хизмат кўрсатиш техникаси ва технологияси (темир йўл транспортида) каби йўналишларда таълим олиб, «Афросиёб» поездида ишлайман деган ёшлар сафи кўпайган. Кўргазмада бунга яна бир бор амин бўлдик.
Тадбирнинг иккинчи йўналишида бандликка кўмаклашувчи марказлар, банклар, «Ўзтелеком», «Nestle» каби корхона ва ташкилотлар ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш марказлари 4000дан зиёд иш ўринлари билан иштирок этаяпти. Бу ёшларга меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари билан танишиш имкониятини берди.
— Туманимиздаги юздан зиёд ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхона ва ташкилотлари 1035 бўш иш ўрнини таклиф этаётир, — дейди Бектемир тумани бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази бош мутахассиси Гулмира Отабоева. — Бўш иш ўринларининг катта қисми ўрта ва ўрта махсус маълумотли кадрлар учун. 800дан зиёд иш ўрни «Қуюв-механика заводи» ШК улушига тўғри келади. Қолаверса, «Сувмаш заводи» ОАЖ, турли банкларнинг туманимиздаги бўлимлари, таълим муассасалари ва тиббиёт бирлашмалари кадрларнинг ҳужжатларини қабул қилмоқда.
Кўргазма ўз ишини 27 сентябргача давом эттиради.
Санобар ЖУМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири