Олий таълим тизими янги мазмун касб этмоқда
Тадрижий ривожланиш «ўзбек модели»га хос хусусият. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ этишга қаратилган эътибор туфайли таълим босқичма-босқич шакл ва мазмун жиҳатдан бутунлай янгиланди ва бу жараён юзага келаётган талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда давом этмоқда. Натижада ёшларимиз халқаро талабларга жавоб берувчи таълим тизими асосида билим ва тарбия олиб, замонавий касбларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрнини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов яқинда касб байрами муносабати билан Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригида ҳам «...амалда ўзини оқламаган эски мустабид тузумнинг қолип ва ақидаларидан бутунлай холи бўлган, тез ва шиддат билан ўзгариб бораётган замон билан ҳамқадам бўлиб, янгича, мустақил фикрлайдиган, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр, изланиш ва доимо изланиш, ғурур ва ифтихор билан яшайдиган янги авлодни тарбиялаш бўйича қандай улкан вазифаларни адо этганимизни яна бир бор эслашимиз ўринли», дея алоҳида таъкидлади. Бу каби ютуқ ва муваффақиятлар, айниқса, сўнгги йилларда олий таълим тизимида эришилаётган ижобий натижалар Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига ифтихор бағишлайди.
Энг муҳими, Президентимизнинг олий таълим тизимидаги юксалишлар, янгиланишларга асос бўлаётган 2011 йил 20 майдаги «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори олий таълим муассасалари бинолари кўринишинигина эмас, таълимнинг мазмун-моҳиятини ҳам ўзгартириб юборди. Глобаллашув, ахборотлашув жараёнида интеллектуал салоҳияти билан жаҳон андозаларига жавоб берувчи, турли ахборий таҳдидлардан ўз маънавий «зирҳи» билан ҳимояланувчи кадрларни тўрт девордан иборат аудиторияда анъанавий методлар, дейлик, маъруза ўқиш орқали шакллантириб, камолга етказиб бўлмаслиги инобатга олинди. Дарс жараёнига замонавий ахборот технологиялари, илғор педагогик методлар жорий этилди. Замонавий дарслик ва ўқув қўлланмалар яратилди. Таълим йўналишлари ва мутахассисликлари иқтисодиёт соҳа ва тармоқларига мос равишда мақбуллаштирилди, давлат таълим стандартлари такомиллаштирилди. Фан ва таълим интеграциясини таъминлаш мақсадида 19та олий таълим муассасасида 296та ўқув ва 15та олий ўқув юртлариаро илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилди. Жорий йилда ҳам 18та таълим даргоҳини 26 номдаги 97та ўқув-лаборатория тўплами, мебель ва инвентарлар, ахборот-коммуникация технологиялари ва спорт анжомлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Шу йил сентябрь ҳолатига кўра, юртимиз олий таълим муассасаларида 35550та компьютер мавжуд бўлиб, бу кўрсаткич ҳам тинимсиз ўсиб бормоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари, жаҳоннинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани қувонарли. Ўтган даврда ҳеч бир олий таълим даргоҳи мазкур қарорга кўра амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан четда қолмади. Келинг, шу ўринда мутахассисларга сўз берсак-да, соҳа тараққиётининг рақам ва мисоллардаги аксини кўриб чиқсак.
Янги йўналишлар
иқтисодиёт тармоқлари ривожи ва меҳнат бозори талабларига мос ҳолда киритилмоқда
— Юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва мутахассисликларини оптималлаштириш, давлат таълим стандартларини такомиллаштириш жараёни ишлаб чиқариш ва фан ривожи билан боғлиқ ҳамда меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда узлуксиз давом этмоқда, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим муассасалари бош бошқармаси бошлиғи Иномжон Мажидов. — 2015-2016 ўқув йилида ҳам давлат таълим стандартлари, таълим йўналишлари бўйича малакавий талаблар, ўқув режалари ишлаб чиқилди. Янги ўқув йилида бакалавриатда 4026, магистратурада 2369 фан бўйича ўқув дастурлари тайёрланиб, тасдиқланди. Айни кунда таълим йўналишлари қарийб 180та, магистратура мутахассисликлари эса 500га яқинни ташкил этмоқда. 2014-2015 ўқув йилида асосан магистратура мутахассисликларига ўзгартишлар киритилган бўлса, жорий ўқув йилида бакалавриат йўналишларида янгиликлар кузатилди. Хусусан, ТДШИ, ТДТУ, ТДИУ, ТТЕСИ, ТМИ, БухМТИга филология ва тилларни ўқитиш: хитой тили, шарқ фалсафаси ва маданияти, энергоаудит ва саноат корхоналарининг энергетик текшируви, кончилик электр механикаси, маркшейдерлик иши, корпоратив бошқарув, давлат бюджетининг ғазна ижроси каби янги йўналишларда қабул амалга оширилди. Шунингдек, мутахассислик фанларининг айримларини хорижий тилда ўтиш, чет тили муҳитини яратиш бўйича кенг
миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса профессор-ўқитувчилар малакасини оширишни талаб этади. Жараёнда олий таълим муассасалари педагог кадрлари учун тўрт ярим ойлик хорижий тилларни ўқиш курслари ташкил этилди.
Бунёдкорлик давом этади
— Юртбошимизнинг 2011 йил 20 майдаги «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларида қурилиш-тиклаш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси» директори Воҳид Ибодуллаев. — Хусусан, 2011—2015 йилларда Инвестиция дастурига мувофиқ жами 824,1 млрд сўм маблағ олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун йўналтирилди. Ҳозирги кунга қадар 25та олий таълим муассасасининг 130та иншоотида қурилиш-тиклаш ишлари ниҳоясига етказилиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, 2012 йилда 28та, 2013 йилда 37та, 2014 йилда 39та, 2015 йилда 26та бино ва иншоотда қурилиш-тиклаш ишлари ниҳоясига етказилди. Ҳозирда 17та олий таълим муассасасининг 49та бино ва иншоотида қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда. Алоҳида санаб ўтадиган бўлсак, 5та янги (4200 ўринли 3та ўқув биноси, 2та спорт иншооти) қурилмоқда. 25та бино ва иншоот (12067 ўринли 11та ўқув биноси, 2990 ўринли 10та талабалар тураржойи, 1та спорт зали, 1та ахборот-ресурс маркази, 1та методик марказ, 1та меҳмонхона) реконструкция қилинмоқда. 19та ўрин (11340 ўринли 11та ўқув биноси, 2097 ўринли 7та талабалар тураржойи, 1та маданият саройи)да капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Келгуси йилда амалга ошириладиган ишлар режасига тўхталиб ўтадиган бўлсак, 2016 йил манзилли дастурини шакллантиришда жами 14та олий таълим муассасасининг 52та объектида қурилиш-тиклаш ишларини олиб бориш кўзда тутилмоқда.
Шундан 3та объектнинг қурилиш-монтаж ишлари 2015 йилдан 2016 йилга ўтади (Бухоро давлат университетининг 3-ўқув биноси реконструкцияси, Тошкент давлат техника университетининг нефть ва газ факультети реконструкцияси, Тошкент стоматология институтининг янги бино мажмуаси қурилиши), қолган 49та объектнинг қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари 2016 йилда бошланиши режалаштирилган.
Ёшларга ҳавас қиламиз
— Бир олий таълим муассасаси мисолида амалга оширилаётган бунёдкорликларнинг ўзиёқ мамлакатимизда жуда катта иш кетаётганидан дарак беради, — дейди УрДУ молия ва иқтисод ишлари бўйича проректори Алишер Отажонов. — Университетимизда 2012 йили 1600 ўринли ўқув биноси янгидан қурилди. Унга ахборот-ресурс маркази ва тарих факультети жойлашди. Шу йили университетнинг бош ўқув биноси, 2та талабалар тураржойи замонавий талабларга мос ҳолда капитал таъмирланди. 2013 ўқув йилида 2та ўқув биноси(кимё-техника, филология факультетларига тегишли), 2та талабалар тураржойи, 2014 йилда 3та ўқув биноси (жисмоний маданият, педагогика, иқтисод факультетлари) реконструкция қилинди. Қарор ижросига кўра, қишлоқ хўжалиги ресурстежамкор технологиялари лабораторияси ташкил этилди. Талабалар учун яратилаётган шарт-шароитларни кўриб бугунги ёшларга жуда ҳавасимиз келади.
Сифатли таълим кафолати
— Мустаҳкам моддий-техник база — сифатли таълим кафолати, — дейди НамМТИ молия ва иқтисод ишлари бўйича проректори Рустам Исроилов. — Ўқув бинолари, лабораториялар, талабалар тураржойлари кўриниши янгидан чирой очиши, уларнинг ўқув-лаборатория жиҳозлари, ўқув мебеллари билан жиҳозланиши ўқув жараёни учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилмоқда. Ўқув бинолари янгидан қурилиб, мукаммал таъмирдан чиқарилгани сабабли институтимизга ташриф буюрган меҳмонлар олдинги ва бугунги ҳолатни таққослаб ҳайратланишмоқда. Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги қарори асосида қайта ташкил этилган институтимизда кимё технологияси, матбаа ва қадоқлаш технологиялари каби замонавий йўналишлар очилди.
Интеграция йўлида
— Бунёдкорлик, янгиланиш, ривожланиш жараёнидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳам четда қолмаган, — дейди институтнинг инновацион интеграция ва илмий-тадқиқотлар маркази директори, техника фанлари доктори Фарҳод Раҳимов. — Айниқса, янги ташкил этилган тўқимачилик материаллари ва технологиялари илмий-тадқиқот лабораторияси талабаларни илмий фаолиятга йўналтиришда, мутахассислик дарсларини самарали ўтишда қўл келиши шубҳасиз. Лабораторияга 40дан зиёд замонавий асбоб-ускуна ва мосламалар ўрнатилиши белгиланган. Фан—таълим—ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бугунги таълим тизими олдидаги долзарб вазифа бўлиб, бу ҳар томонлама манфаатлидир.
Профессор-ўқитувчилар малакаси янада ошади
Мустаҳкам моддий-техник база, турли замонавий технологиялар, лаборатория жиҳозлари мавжуд бўлгандан кейин таълим сифати ва самарадорлигини таъминлаш фақатгина ўқитувчи маҳорати ва малакасига боғлиқ бўлиб қолади. Айни кундаги илм-фан, ишлаб чиқаришнинг юксак тараққиёти ҳам олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига катта масъулият юклаб, доимий равишда ўз устида ишлаш, малакасини муттасил ошириб боришни талаб этмоқда. Шу ўринда Президентимизнинг жорий йил 12 июнда қабул қилинган «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнини янги сифат босқичига кўтариб, профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик салоҳиятини оширишга асос бўлмоқда. Чиндан ҳам, изланиш бўлмаган жойда ривожланиш бўлмайди. Ўқитувчи малакаси ёшлар ақлу заковати, камолотини белгилайди. Айниқса, муаллим ўз маҳоратини оширишдан, ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги даркор. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, «...ўз ишидан қониқмасдан, доимо янгиликка интилиб, билим ва малакасини ошириш устида ишлайдиган, ҳаёт билан ҳамқадам бўлиб яшайдиган ўқитувчи ва муаллимларгина ҳар томонлама етук инсонларни камол топтиришга қодир бўлади».
Санобар ЖУМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири
ЎзА суратлари.