Педагогик маҳорат чархланмоқда
Бу жойларда чет тили ўқув фани ўқитувчилари учун ташкил этилган ҳафталик малака ошириш курсларининг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади
Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида француз тили бўйича тренер-ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга бағишланган ўқув курси ўз ишини бошлади.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жак-Анри Эльс ва бошқалар сўзга чиқиб, ўқитувчиларнинг касбий маҳорат ва малакасини мунтазам ошириб бориш таълим сифат ва самарадорлигига эришишнинг муҳим шарти эканини қайд этдилар. Энг малакали ўқитувчиларни тренер сифатида танлаб олиб, уларнинг маҳоратини юксалтириш орқали ҳамкасбларига таълим янгиликларини етказиш, илғор педтехнологияларни таълим жараёнига татбиқ этиш тажрибаси бугунги кунда ўз самарасини бераётгани таъкидланди.
— Уч кунлик курс давомида тренер-ўқитувчилар франциялик мутахассислардан тил ўргатишнинг янгича усуллари, замонавий АКТ ҳамда интерфаол методлардан фойдаланган ҳолда дарсларни янада сифатли ташкил этишга оид тажрибаларни ўзлаштирадилар, — дейди Республика таълим марказининг хорижий тиллар бўлими мутахассиси Хуршида Исоқжонова. — Машғулотларда чет эллик мутахассислар билан бевосита мулоқотга киришиб, янги билимларни эгаллаш тренер-ўқитувчиларни қизиқтирмоқда. Шунингдек, бу уларнинг оғзаки нутқини янада равонлаштиришга кўмаклашади.
Айтиш жоизки, чет тили ўқитувчиларининг маҳоратини ошириш юзасидан ташкил этилаётган машғулотлар, амалиётчи ўқитувчиларнинг тренер сифатида ҳамкасби билан тажриба алмашиши таълим самарадорлиги учун жуда фойдали бўлаётгани таъкидланмоқда. Дарҳақиқат, бундай тренинглар муаллимни чархлайди. Болажонлар фанни пухта ўзлаштириши учун янгидан-янги методлар, интерфаол усулларни ўйлаб топишга, ўз устида ишлашга, изланишга ундайди. Курс давомида педагоглар тилни осон ўргатиш, енгил мулоқотга киришиш бўйича халқаро ёндашувлар, дарс жараёнида интернет билан ишлаш каби тажрибаларни ўзлаштиришга киришдилар.
Машғулотларда Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 44 нафар тренер-ўқитувчи иштирок этаётир. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Хоразм, Самарқанд вилояти тренер-ўқитувчилари шу йилнинг 2—7 ноябрь кунлари Урганч шаҳрида ўтказиладиган ўқув курсига жалб этилади.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири