Таълимда танаффус бўлмайди
Айни кунда ўқувчилар қатори талабалар ҳам қишки таътилда. Бу пайтда уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, муттасил малака оширишига шарт-шароит яратиш мақсадида олий таълим муассасаларида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида «Ёш психологлар мактаби», «Ёш математик ва информатиклар» клублари фаолият олиб бораётир. Бундан ташқари, куни кеча филиалда «Ўқитишнинг интерфаол метод ва технологиялари» мавзусида профессор-ўқитувчилар учун маҳорат дарслари ўтказилди.
Мастер-класс сабоқлари очилиши маросимида сўзга чиққанлар қишки таътил профессор-ўқитувчилар учун ўз устида ишлаш муддати экани, муаллимлик масъулиятини зиммасига олган зиёли шахслар изланишдан тўхташи мумкин эмаслигини таъкидлашди. Иштирокчилар таълим жараёнида қўлланилаётган энг янги технологиялар, лабораторияларда тадқиқот олиб бориш учун татбиқ этилаётган замонавий асбоб-ускуналар тўғрисида маълумотлар олиш, ўз тажрибаларидан амалий мисоллар келтиришди. Шундан сўнг интерфаол усулдаги маҳорат сабоқлари бошланди.
— Бугунги маҳорат мактабида ўқув жараёнига замонавий технологияларни янада кенгроқ жорий этиш бўйича 20дан зиёд профессор-ўқитувчиларга билим берилди, — дейди маҳорат мактаби координатори Родион Ҳасанов. — Бунда турли фанларни ўқитишда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, хусусан, электрон доска имкониятларидан тўлақонли фойдаланишнинг техник жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Маълумки, ўқув жараёнини жаҳон стандартларига мос ҳолда олиб бориш учун дарсни мазмунли ўтишда техник ва технологик томонларни инобатга олиш жуда муҳим. Замонавий АКТ қисқа вақтда аудиторияга кенг билим беришга шарт-шароит яратади. Улардан фойдаланишни барча иштирокчилар яхши билишса-да, кун сайин такомиллашиб бораётган қурилмаларнинг янги функцияларини ўзлаштириш фойдадан холи эмас. Бунинг эса ҳеч қандай мураккаблиги йўқ.
Барчамиз ҳам бугунги ўғил-қизлар бундан йигирма-ўттиз йил олдинги ёшлардан фарқ қилиши, айни кунда олдингидай анъанавий маъруза ўқиш билан талабаларга билим бериш мумкин эмаслиги тўғрисида кўп гапирамиз. Ҳақиқатан ҳам ахборотлашган жамиятда керакли мавзу бўйича интернет орқали чет тилларда кенг маълумот олиш имконига эга бўлган ёшларга таълим беришнинг ўзига хосликлари мавжуд.
— Аудитория визуал ва овозли ахборотларни самарали қабул қилади, — дейди маҳорат мактаби иштирокчиси Шуҳрат Шералиев. — Талабалар диққатини жалб этиш, мавзу бўйича кенг билим беришда улардан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ҳар бир академик соатни тўғри тақсимлаш, унинг ҳар дақиқасидан унумли фойдаланишда педагогга бугун кўрсатиб берилган технологиялар ёрдамга келади. Бугунги маҳорат дарслари энг сўнгги ахборот ва педагогик технологияларни ўзлаштириш бўйича билим бергани, «кейс стади», «лойиҳалаш» каби таълим методларидан фойдаланиш бўйича тажриба алмашишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири