Университет биносининг янги қиёфаси
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг бош биноси мукаммал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари О.Ҳамроев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган таъмирлаш ишларига 13 миллиард 150 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Ўқув биноси замонавий ўқув-услубий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди.
– Манзилли дастурга кўра, жорий йилда ҳам бунёдкорлик ишлари давом эттирилади, – дейди университет ректори Мурод Жуманов. – 2 ўқув биноси, ахборот-ресурс маркази, 2 талабалар ётоқхонаси реконструкция қилиниб, 24х42 ҳажмдаги спорт мажмуаси янгидан бунёд этилади.
Бугунги кунда университетнинг 10 факультетида 7 минг 800 дан зиёд талаба-ёшлар замонавий шароитларда таҳсил олмоқда. Талабалар орасида 5 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, 6 нафар Мирзо Улуғбек номидаги, 11 нафар Алишер Навоий номидаги ва 40 дан зиёд Бердақ номидаги давлат стипендияси соҳиблари бор. Шунингдек, спортнинг турли йўналишлари бўйича 1 нафар жаҳон ва 4 нафар Осиё чемпиони, 27 нафар Ўзбекистон чемпиони ўқув даргоҳининг фахри ҳисобланади.
Тадбир доирасида университетнинг техника факультети талабалари томонидан яратилган қурилиш лойиҳалари, иншоотлар макети ва тасвирий санъат ишларининг кўргазмаси ташкил этилди.
А.ОРТИҚБОЕВ,
ЎзА мухбири
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (ЎзА) олган суратлар.