Ниятингиз йўлдошингиз бўлсин!
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ҳам қабул жараёни қизғин кечмоқда. Халқимиз орасида ўқитувчи касбининг улуғланиши, бугунги кундаги таълим соҳасига қаратилаётган эътибор боис педагог бўлишни ният қилган ёшлар кўп. Улар айни кунда мазкур олий таълим муассасасига ўқишга ҳужжат топширмоқда.
— 2016/2017 ўқув йилида университетга жами 1125 нафар, жумладан давлат грантлари бўйича 305 нафар ҳамда тўлов-контракт асосида 820 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган, — дейди қабул комиссияси масъул котиби Одилжон Қўйсинов. — Университет қабул комиссияси абитуриентлардан ҳужжатларни 23 та таълим йўналиши бўйича қабул қилмоқда. Таълим тизимига кўрсатилаётган эътибор натижасида ўқитувчилик касбига қизиқиш ортиб, университетга ҳужжат топшириш истагида бўлган абитуриентлар сони йилдан йилга ошиб бораяпти. Шуни эътиборга олган ҳолда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун қулайлик яратиш мақсадида ҳужжатлар Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 25-, 73-, 160-умумтаълим мактаблари ва Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи биносида қабул қилиниши йўлга қўйилди.
Барча қабул ҳудудларида касбга йўналтириш хоналари жиҳозланган, абитури¬ент¬лар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари учун дам олиш жойлари ташкил этилган. Абитуриентлар саволларига қабул комиссияси аъзоларидан жавоб олишяпти. Уларга ҳамроҳ бўлган ота-оналари эса фарзандининг келажак мақсадларини тўғри белгилашига ишонч билдиришаяпти.
— Ўқитувчилик касби энг олижаноб, шу билан бирга энг машаққатли ва масъулиятли касблардан бири, — дейди сурхондарёлик Орзигул Донаева. — У инсондан фидойилик, ижодкорлик, ташаббускорлик, изланувчанлик, тез ва мустақил қарор қабул қила олиш каби қатор фазилатларни талаб қилади. Ушбу университетни танлашимдан мақсад — Устоз деган шарафли номга эга бўлишдир. Ўз қизиқишларимдан келиб чиқиб компьютер графикаси ва дизайн йўналишига ҳужжат топширдим. Имтиҳонларда яхши натижа кўрсатиб, талабалик бахтига эришиш орзусидаман.
Орзигул каби интилувчан ёшларга ниятингиз йўлдошингиз бўлсин, деб қоламиз.
Гуландом УМАРОВА