Талаба бўлиш бахти зукко ва билимдон ёшларга насиб этади
Биринчи август куни мамлакатимиз олий таълим муассасаларида тест синовлари ўтказилди. Унда 663298 нафар абитуриент 57907 ўрин учун билимлар баҳсига киришди. Бу бир ўринга 11,4 абитуриент даъвогар дегани.
Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида юртимиз саноатида муҳим бўлган ўттиз саккиз йўналиш бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Бу ерда таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтидорли талабаларни долзарб илмий изланишлар олиб боришга жалб этиш, ёш олим ва тадқиқотчиларнинг илмий ишланмаларини кончилик, саноат, ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг бошқа турли тармоқларига кенг жорий этишга жиддий эътибор қаратилаётир.
— Жорий йилда ўқув даргоҳимизга бакалавриат йўналишида талаба бўлиш истагида ариза топширган ёшлар 15996 нафарни ташкил этди, — дейди университет қабул комиссияси масъул котиби ўринбосари Собир Йўлдошев. — Эътиборлиси, ёшларимиз ўртасида ўқув масканимизнинг хизмат кўрсатиш техникаси ва технологияси (18,1), машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш (11,1), биотехнология (тармоқлар бўйича) (10,7), корпоратив бошқарув (12,3), ҳаво кемаларидан техник фойдаланиш(13,8), информатика ва ахборот технологиялари (тармоқлар ва соҳалар бўйича) таълим йўналишларига қизиқиш кучайган. Университетда янги очилган интеллектуал муҳандислик тизимлари (12,2), лазер технологиялари ва оптоэлектроника (10,3) ва қуймакорлик технологиялари ҳамда мехатроника ва робототехника(9,8) таълим йўналишларига ҳам талабгорлар кўпчиликни ташкил этди. Бу, албатта, юртимизда саноат тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, барча йўналишларда илғор технологияларни жорий этиш кўлами кенгаяётгани, умуман, янги технологияларга устувор аҳамият берилаётгани натижасидир.
— Информатика ва ахборот технологиялари(тармоқлар ва соҳалар бўйича) таълим йўналишида ўқишни давом эттиришни ният қилганман, — дейди пахтачилик Наврўз Бердиқулов. — Ёшлигимдан компьютер технологияларига қизиқаман. Биз, ёшларга яратилган имкониятлар юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш, инновацион янгилик ва технологияларни амалиётга татбиқ этишга баҳоли қудрат ҳисса қўшишимга кенг йўл очади.
* * *
Президентимиз фармонига кўра жорий йилда ташкил этилган янги олий таълим муассасаси — Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қабул комиссиясига 5034 нафар абитуриентдан ариза тушди. Ўқув масканининг бакалавр таълим йўналишига 300 нафар(шундан 150 нафари давлат гранти, 150 нафари тўлов-шартнома асосида) йигит-қиз ўқишга қабул қилиниши ҳисобга олинса, ўртача танлов коэффициенти бир ўринга 16,7ни ташкил этади. Олий таълим муассасаси қабул комиссияси масъул котиби Абдулҳай Собировнинг таъкидлашича, янги университетда ўқиш истагини билдирганлар кутилганидан ҳам кўп бўлди. Янги йўналиш—ўзбек-инглиз таржима назарияси ва амалиёти йўналишига бир ўринга 19та ариза топширилгани ёшлар ўртасида чет тилларни ўрганишга қизиқиш ошганини билдиради.
Тест синовларига киришга шайланаётган абитуриентлар билан суҳбатлашамиз.
— Она тили ва адабиётни чуқур ўрганиш ва ўқувчиларга ўргатиш энг юксак орзуим, — дейди бўкалик Азиза Сулаймонова. — Шу боис ҳужжатларимни филология ва тилларни ўқитиш(ўзбек тили) таълим йўналишига топширдим. Асосийси, она тили ва адабиёт, тарих, немис тили фанидан пухта тайёрландим. Келажакда Хўжақўрғон педагогика коллежидаги устозларим йўлидан бориб мактабда ўғил-қизларга сабоқ бериш ва улар камолини кўриш — эзгу ниятим.
Университетнинг ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таълим олишни кўзлаётган норинлик Ирода Мамиталиева, ўзбек-инглиз таржима назарияси ва амалиёти бўйича етук мутахассис бўлишга чоғланган фар¬ғоналик Бахтиёр Комилов ҳам тест синовларига жиддий тайёргарлик кўргани, келажакда талабалик бахтига мушарраф бўлгач, аъло баҳоларга ўқиш истагида эканини айтади.
* * *
1 август куни Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти ҳаяжон ичида турган абитуриентлар ва уларнинг ҳамроҳлари билан гавжум бўлди. Иссиқ об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда институт ҳудудига ҳавони сунъий намлантириш тизими ўрнатилгани, тиббий ёрдам кўрсатиш хонаси ташкил этилгани, ота-оналарга ҳамда салқин ичимликлар савдоси учун қулай жой танлангани институт жамоасининг синовлар ўтказиладиган жараёнга пухта ҳозирлик кўрганидан далолат бериб турибди.
Ҳал қилувчи дақиқалар олдидан йигит-қизлар билимларини синовдан ўтказиш ёки мустаҳкамлаш мақсадида бир-бирларига савол беришади. Шу пайти талаба бўлиш истагидаги ёшлар аудиторияларга таклиф этилади.
— Юртимизда янги темир йўллар қурилаётгани, замонавий тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилаётгани, соҳада малакали мутахассисларга талаб ошиб бораётгани ёшларни бефарқ қолдирмаяпти, — дейди институт қабул комиссияси раиси Маъруф Расулов. — Буни институтимизга ҳужжат топшираётган кўп сонли абитуриентлар мисолида кўришимиз мумкин. Албатта, темирйўлчи бўламан, деган йигит-қизга бирор маслаҳатчи зарур бўлади. Шу маънода бу йил ўқув даргоҳимизда абитуриентларни касбга йўналтириш масаласига катта эътибор қаратдик. Касбга йўналтириш бўйича ҳар бир факультетда махсус аудиториялар тайёрланиб, мутахассислик анжомлари билан кўргазмали тарзда жиҳозланди. Жараёнда иштирок этган ёшлар ўзларига керакли йўналишни қатъий тарзда белгилаб олишлари осон кечди.
Айтиш жоизки, шу куни 4486 нафар абитуриент талабалик шоҳсупасига чиқиш учун бор иқтидорини ишга солиб, тест саволларини ечишди. Институтга 2016-2017 ўқув йилида 14 йўналишга 895 нафар (305 нафар давлат гранти, 590 нафари тўлов-контракт) талаба қабул қилинади.
— Мактабда ўқиб юрган пайтларимданоқ темир йўл соҳасида хизмат қилиш ниятида эдим, — дейди Саидислом Расулов. — Шу мақсадда Тошкент темир йўл транс¬порти касб-ҳунар коллежида таълим олдим. Ўтган йили талабалик бахти менга насиб қилмади. Мақсадим рўёби йўлида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг 2-йўл хўжалигида ишлай бошладим. Бугунги синовли дақиқаларга қадар билимимни ошириб, ўқиш, изланишни давом эттирдим. Ўзим танлаган соҳа бўйича амалий тажрибаларга ҳам эга бўлдим. Насиб қилса, келажакда юртимиз темир йўл соҳасида салмоқли ишларни амалга ошириш орзусидаман.
* * *
Юртимизда она ва бола саломатлигига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу соҳада етишиб чиқаётган кадрларнинг билимли бўлишлари жуда муҳим. Шу сабаб, соҳага кириб келаётган ёшларда, аввало, касбга нисбатан меҳр шаклланган бўлиши керак. Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ҳам тест синовларини кўнгилдагидек ташкил этиш учун қизғин тайёргарлик кўрилди. Институт талабаси бўлиш орзусида 3199 нафар йигит-қиз ҳужжат топширган бўлса, шулардан энг билимдон ва зукко 400 нафари қабул қилиниши кўзда тутилган.
— Инсон саломатлигига дахлдорлик етук билим, масъулият талаб этади, — дейди қабул комиссияси масъул котиби Суръат Ғуломов. — Шу боис биз ҳужжат қабул қилишдан олдин абитуриентларнинг ранг ажратиш, эшитиш қобилиятларини ҳам синовдан ўтказдик. Сабаби, келгусида инсон саломатлиги билан шуғулланадиган шифокор учун булар жуда муҳим ҳисобланади. Абитуриентларимиз 1 август санасига қадар бир неча бор муассасага ташриф буюриб синовлар ўтказиладиган аудиториялар ва қонун-қоидалар билан танишиб чиқдилар. Ташкил этилган консультацияларда ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Ўқув даргоҳида 1 август куни тест синовларига уюш¬қоқлик билан ёндашилди. Абитуриентларнинг яқинлари учун ўқув муассасаси ташқарисида ўриндиқлар ва супалар ўрнатилди. Фарзандини интиқлик билан кутаётган ота-оналардан айримларига савол билан юзланамиз.
— Набирам Сурайё Саид¬ғаниева Олмазор тиббиёт коллежида ўқишни бошлаганидан буён маҳалламизнинг салкам ҳамширасига айланиб қолган, — дейди газета варақлаб ўтирган тошкентлик Ўлмас Набиева. — Қўни-қўшниларникида болалар, қарияларнинг аҳволи оғирлашса, укол қилиб қўйинг, қон босимини ўлчаб қўйинг, деб чақиришади. Кичкиналигидан болалар шифокори бўлишни орзу қилгани учун болаларни уқалашни ҳам қунт билан ўрганиб олди. Мактабданоқ физика, кимё фанларини алоҳида қизиқиш билан ўқиди. Набирам малакали, элга нафи тегадиган болалар шифокори бўлса мен энг бахтиёр бувига айланаман.
* * *
— Президентимизнинг шу йил 26 майдаги “2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан тайёргарлик ишлари самарали олиб борилгани туфайли Андижон вилоятидаги бешта олий таълим муассасасида қабул жараёнлари муваффақиятли якунланди, — дейди биз билан суҳбатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг вилоятдаги доимий вакили Ҳусниддин Алиев. — Вилоятдаги олий таълим муассасаларига 60 минг 492 нафар ёш ҳужжат топширди. Ўтган йили бу кўрсаткич 54 минг 463 нафарни ташкил этган эди. Охирги йиллар маълумотини таҳлил қиладиган бўлсак, абитуриентлар сони йилига 10—15 фоизга ўсиб боряпти.
Абитуриентлар сони бўйича Андижон давлат университети республика миқёсида Термиз ва Қарши давлат университетларидан кейин 3-ўринда турибди. Ушбу олий таълим муассасасига ҳужжат топширганлар сони — 25 минг 991 нафар бўлиб, ёшларнинг аксарияти меҳнат таълими йўналишини танладилар. Бир ўринга 44,1 нафар абитуриент тўғри келди. Қишлоқ хўжалиги институтига — 16 минг 370, тиббиёт институтига – 5 минг 555, машинасозлик институтига — 11 минг 879, Тошкент давлат стоматология институти Андижон филиалига 697 нафар ўғил-қиз талабалик учун даъвогарлик қилмоқда. Синовлар Андижон шаҳри ва Андижон тумани таълим муассасаларининг 67та биносида бўлиб ўтди.
Ушбу институтда жорий йилда очилган янги “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси” ва “Ўрмончилик ва ўрмон мелиорацияси” йўналишларига ҳам кўплаб йигит-қизлар ҳужжат топширишди. Умуман, Андижон қишлоқ хўжалиги институтига ўтган 2015 йилдагидан 1 316 нафар кўп ёшлар ўқишга кириш учун даъвогарлик қилмоқда.
* * *
Хоразм вилоятида ҳам шу куни эрталабдан кўчаларда одамлар гавжум бўлди. Тест ўтказиладиган бинолар атрофида ташриф буюрувчилар учун дам олиш жойлари, автомобиль тўхташ жойлари ва савдо шохобчалари ташкил қилинди. Тиббиёт ходимлари ҳам хизматга шай туришди.
Вилоятда олий маълумотли бўлишни истаган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, биргина Урганч давлат университетига ўтган йили 17156 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, бу йил 20065 нафар талабгор ўз билимини синовдан ўтказмоқда. Яъни, ўтган йили 1 ўринга 10 нафар даъвогар тўғри келган бўлса, бу йил улар сони 11,6 га етди.
— Хива тиббиёт коллежини битирдим, — дейди Мунира Йўлдошева. — Болалигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Шунинг учун УрДУ табиий фанлар факультетининг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишига ҳужжат топширдим. Биз учун бамайлихотир синовдан ўтишга қулай шароитлар яратилган. Мана, ҳозир имтиҳон топшириб чиқдим. Тест синовига жиддий тайёрланганим боис, кўп саволларнинг тўғри жавобларини аниқ топдим, деб ўйлайман. Коллежда олган билимларим қўл келди. Тенг¬дошларим орасида талабалик бахти менга ҳам кулиб боқса ажабмас.
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ,
Зилола МАДАТОВА,
Орифжон СИДДИҚОВ,
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари