Олий таълимдаги янгиланишлар
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мамлакатимиз олий таълим тизимидаги янгиланишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда олий таълим муассасаларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, хорижий тажриба асосида замонавий адабиётлар, ўқув-услубий мажмуаларни яратиш, ўқув ва амалиёт жараёнини такомиллаштириш, педагог-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, илмий тадқиқотларни янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, хорижий мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда ўқитиш тизими ислоҳ қилинаётгани таъкидланди.
Жумладан, янги ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 37 та янги фан жорий этилиб, талабаларнинг мутахассис сифатида кенг қамровли билим, кўникма ва малакага эга бўлишини таъминлаш мақсадида қўшимча 25 танлов фани киритилди. Етмиш икки фан бўйича ўқув-услубий мажмуалар яратилди. Университетда педагог кадр¬ларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази фаолияти йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаси ҳузурида ўзбек тили ва адабиёти, матн¬шунослик бўйича фан доктори даражасини бериш бўйича илмий кенгаш ташкил этилди.
— Ўзбекистон Миллий университетини 2016—2020 йилларда ривожлантириш дастурига кўра, 1-курсда ўқитиладиган фанлар бўйича 101 та ўқув-услубий мажмуа тайёрланди, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг илмий ишлар бўйича проректори Алимжон Холмуҳаммедов. — Физика, биология, кимё, геология ва география, иқтисодиёт факультетларида факультетлараро янги кафедралар, лабораториялар ташкил этилди. Ядро физикаси институти ҳамда Амалий физика илмий-тад¬қиқот институти илмий ходимлари ва муҳандис кадр¬лари аттестациядан ўтказилиб, университет ўқув-илмий жараёнига юқори салоҳиятли мутахассислар жалб этилди.
— Университетимизда 60 та бакалавриат таълим йўналиши ва 78 та магистратура мутахассислиги бўйича малакавий талаблар, ўқув режалари, дастурлар, такомиллаштирилган ўқув-услубий мажмуалар ишлаб чиқилди, — дейди Тошкент давлат техника университетининг “Материалшунослик” кафедраси мудири Умида Зиёмуҳаммедова.
Университетнинг Муҳандислик тизимлари факультетида янги “Интеллектуал муҳандислик тизимлари”, “Мехатроника ва робототехника”, “Автоматлаштирилган лойиҳалаш тизимлари” кафедралари ташкил этилди. Тугатилган Ион-плазма ва лазер технологиялари институти базасида университет таркибида Муҳандислик физика факультети шакллантирилиб, еттита лаборатория ташкил этилди.
Зуҳра ЯРАШЕВА,
Комила ЭГАМБЕРДИЕВА