Илмий юксалиш – тараққиёт белгиси
Илм-фаннинг мамлакат тараққиётида тутган ўрни беқиёс. Шундай экан, ҳар қандай ривожланган жамиятда илмий ва илмий-педагог кадрлар сифатини яхшилаш, тизимни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши табиий. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлди.
Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хал¬қаро талаблар ва стандартларга мувофиқ диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими жорий этилди. Кейинчалик соҳага оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг давлат аккредитацияси бўйича функцияни бажариш вазифаси юклатилганди. Вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор амалда қўлланиб келинаётган ҳуқуқий базаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан аттестация жараёнида олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти қуйидаги 11 та кўрсаткичлар асосида баҳоланиши белгилаб қўйилди.
Булар, давлат талабларининг таълим жараёнига жорий этилиши; докторлик диссертацияси мавзулари ва бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларининг республика илмий-техник ҳамда технологик ривожланиш ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларига мослиги; илмий маслаҳатчилар таркибининг сифат кўрсаткичлари ҳамда уларнинг илмий-ташкилий фаолияти натижалари; кадрлар тайёрлаш бўйича истиқбол режанинг устувор йўналишларга мослиги; таълимни амалга ошириш жараёнига жалб этилган педагог ва илмий ходимларнинг Олий аттестация комиссияси эътироф этган журналларда, шунингдек хорижий нашрларда илмий мақолаларни чоп эттириш фаолияти; илмий-экспериментал, моддий-техник базанинг ҳолати; катта илмий ходим-изланувчиларга ижтимоий, илмий, ижодий ҳамда лойиҳалаш ишларини олиб боришлари учун яратилган шарт-шароитлар; катта илмий ходим-изланувчиларнинг шахсий иш режаларининг бажарилиши, ҳисоботларининг олий таълим муассасаларининг кенгаши ёки илмий тадқиқот муассасаларининг илмий (илмий-техникавий) кенгашлари, тегишли бўлим, лаборатория ва бошқаларда муҳокама қилингани ҳамда тасдиқланган режага мос деб топилгани; катта илмий ходим-изланувчилар фаолияти самарадорлиги мониторингининг олиб борилиши ҳолати; олий ўқув юртидан кейинги таълимни битирган катта илмий ходим-изланувчиларнинг докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш ҳолати; докторлик диссертациялари доирасида олинган илмий натижаларни амалиётга жорий этиш ҳолати ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигидан иборат.
Бундан ташқари, олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини юқорида қайд этилган кўрсаткичлар асосида баҳолаш учун аттестация ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилди ва “¡збекистон Республикаси таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари бўйича йўриқнома”га тегишли ўзгартиришлар киритилди.
“Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”га олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари аттестацияси якунларини белгилайдиган қўшимча бандлар киритилиб, унда:
олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасида камида битта ихтисослик аттестациядан ўтган тақдирда, мазкур муассаса ушбу таълим тури бўйича «Аттестациядан ўтди» деб эътироф этилиши;
олий ўқув юртидан кейинги таълим ихтисосликларини охирги 3 йилда битирган катта илмий ходим-изланувчилардан докторлик диссертацияси фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш томонидан ҳимояга қабул қилинганлар сони 10 фоиздан кам бўлса ихтисосликка нисбатан «Аттестациядан ўтмади» деган қарор қабул қилиниши;
«Аттестациядан ўтди» деб эътироф этилган олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасининг аттестациядан ўтмаган ихтисосликлари бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилиши;
қайта аттестация натижаларига кўра «Аттестациядан ўтмади» деб топилган ихтисосликларга қабул тўхтатилиши. Қайта аттестация натижалари қабулни тўхтатиш бўйича тегишли қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасига юборилиши;
олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари «Аттестациядан ўтмади» деб топилганда:
олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича қабул тўхтатилиши;
олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича лицензиянинг амал қилиши тугатилиши (нодавлат олий таълим муассасалари учун);
олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби бериш (нодавлат олий таълим муассасалари учун) масаласи кўрилиши;
таълим олаётганлар илмий ишларини давом эттириши учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан бошқа турдош таълим муассасаларига ўтказилиши;
олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини аттестациядан ўтказиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг мониторинги натижалари ҳамда олий ёки илмий-тадқиқот таълим муассасалари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида жойларга чиқмаган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган тартибда тасдиқланган “Олий таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш жадвали”га мувофиқ 2016 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида иккита, 2017 йилда ўн тўртта олий таълим муассасаси аттестацияси билан бир вақтда улар таркибида мавжуд бўлган олий ўқув юртидан кейинги таълим институтини ҳам аттестациядан ўтказиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда 2017 йилда олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасаларини ушбу фаолият тури бўйича аттестациядан ўтказиш жадвали шакллантирилмоқда.
Қисқаси, олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳам бу жараёнда фаол иштирокчига айланади ва зиммаларига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш йўлида сидқидилдан фаолият олиб боради, деб ишонамиз.
Бойсун НАЗАРОВ,
Давлат тест маркази бўлим бошлиғи,
Маҳфуза ЗОКИРОВА,
Давлат тест маркази бош эксперти