Жаҳон тиллари ва маданияти фестивали
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида «Жаҳон тиллари ва маданияти» фестивали ташкил этилди.
Фестивалда бир ёнда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар урф-одатларини акс эттирувчи миллий чолғулар, либослар, таомлар, ҳудуд ҳақида маълумот берувчи баннерлар намойиш этилган бўлса, иккинчи томонда Франция, Буюк Британия, Испания, Германия, Малайзия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби 20га яқин давлат маданияти, санъати, ўзига хос анъаналарини акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди.
Юртимиздаги хорижий ташкилотлар ваколатхоналари ҳамда элчихоналар вакиллари иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни университет ректори Шуҳрат Қаюмов кириш сўзи билан очди. Ўтган йилларда «Шарқ халқлари маданияти» номи билан ўтказилган фестивалнинг бу йил «Жаҳон тиллари ва маданияти» дея номланганининг ўзиёқ тадбир миқёси кенгайганидан далолат.
Чет мамлакатлар либосидаги талабалар хорижий тилларда саломлашди. Ўзбек миллий рақслари билан бошланган бадиий кеча япон, хитой, индонез, араб, ҳинд, инглиз, голланд, поляк, немис, француз, рус маданиятини мужассам этган бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақслар билан давом этди.
Фестиваль ёшлар қалбидаги миллатлараро бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғуларини яна бир поғона юксалтирди.
Санобар ЖУМАНОВА,