Малакали АКТ мутахассислари
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритаётган 200 га яқин корхона ва муассасалар, шунингдек, давлат органлари иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
— Ушбу ярмаркани ташкил этишдан мақсад ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига алоқадор компания, ташкилот ва корхоналарга замонавий билимларга эга кадрларни жалб этиш, ёш мутахассисларнинг ишга жойлашишига кўмаклашишдир, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Элбек Долимов. — Тадбирда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси учун мутахассислар тайёрланадиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари, 72 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг 25 мингга яқин битирувчиси иштирок этди. Ярмарка доирасида бўш иш ўринларига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилди.
Президентимизнинг шу йил 15 мартда қабул қилинган “Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида иқтисодиётнинг етакчи тармоқ ва соҳалари билан таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам ҳамкорлигини таъминлаш зарурлиги белгиланган. Ярмарка таълим ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигининг амалий ифодаси бўлиб, ёш мутахассисларни ўз йўналиш ва мутахассислигига мос иш ўрни билан таъминлашга хизмат қилади.
— Мамлакатимизда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида самарадорликни ошириш, давлат ва жамият қурилиши соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ахборот технологиялари бўйича малакали мутахассисларга бўлган талаб ва эҳтиёжни оширмоқда. Шу боис, амалиёт жараёнида ёш мутахассисларнинг касбий компетенциясини оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди “Ўзбектелеком” АК Персонални бошқариш бўлими бошлиғи Мунаввар Аҳмедова. — Бугунги ярмаркада компаниямизнинг 9 та филиали юздан ортиқ бўш иш ўринларини тақдим этмоқда.
Ярмаркада турли алоқа операторлари, “Ўзбекистон почтаси” АЖ, lex.uz — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси таклиф этган бўш иш ўринлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
— Битирувчи курс талабасиман, — дейди Ғайратжон Қаршибоев. — Ярмаркада иштирок этиб, соҳа мутахассислари фақат ихтисослаштирилган корхона ва ташкилотларга эмас, балки барча соҳалар учун кераклигига ишонч ҳосил қилдим. Java, Linux дастурлаш имкониятларини пухта ўзлаштирган, веб дизайн, маълумотлар базаси билан ишлайдиган кадрлар фармацевтика, металлургия, банк тизимига ҳам ишга таклиф қилинмоқда. Ярмарка миқёси ва қамровининг кенглиги, барча ҳудудлар бўйича зарур маълумотлар берилгани иштирокчиларга маъқул бўлди. Мен ўзим туғилиб ўсган Жиззах вилоятида Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг кадрларга эҳтиёжи билан танишдим ва келгусида ўзим учун муҳим бўлган йўлни танладим.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири