Хорижий тажриба олий таълим тизимини ривожлантиришда асқотади
Президентимизнинг шу йил 20 апрелда қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда барча олий таълим муассасаларида жаҳоннинг етакчи илмий марказлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, ўқув-педагогик фаолият ва малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчи ва олимларни жалб қилиш, улар иштирокида семинар ва машғулотлар ўтказиш бўйича режали фаолият олиб борилаётир.
Шундай машғулотлардан бирига самарали бошқарув ва касбий ривожланиш бўйича британиялик етакчи мутахассис Молли Харви таклиф этилди. Тадбирда юртимиздаги олий таълим муассасалари мутасадди раҳбарлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий-методик марказ тингловчилари иштирок этди.
Учрашувда Харви хоним Ўзбекистоннинг қизиқарли тарихи ва гўзал маданияти ҳақида кўп ўқигани, бой маънавий меросга эга мамлакатга келганидан ниҳоятда мамнунлигини таъкидлади. Машғулотда таълим бошқарувининг асосларини такомиллаштириш, соҳада юқори натижаларни қўлга киритиш ва ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикрлашилди. Хорижлик мутахассис дунёнинг етакчи корпорациялари ва жаҳонга машҳур шахслар билан ҳамкорлик доирасида орттирган тажрибаси билан ўртоқлашди.
— Британиялик мутахассис ўтказган машғулот ниҳоятда жонли ва самаралилиги билан эсда қоларли бўлди, — дейди “Таълим тизими менежменти” курси тингловчиси, Урганч давлат университети доценти Ислом Бойжонов. — Олий таълим муассасалари ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ўқув жараёнига хорижлик олим, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб этиш, улар тажрибасини ўрганиш таълим сифатини янги босқичга кўтаришга сезиларли ҳисса қўшади.
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ,
“Ma’rifat” мухбири