«Докторантлар уюшмаси»
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Докторантлар уюшмаси” фаолият юритмоқда. У ёш олимларнинг жамоат ташкилоти бўлиб, илмий тадқиқот ва ижод билан шуғулланувчи ёшларни бирлаштириш, ижодий ютуқларни ўзаро тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган. Айни пайтда уюшмада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 16 февралдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони кенг ўрганилмоқда.
— 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб юртимизда олий ўқув юртидан кейинги таълим хорижий мамлакатларнинг халқаро амалиётига мувофиқ икки поғонали тизимга ўтади, — дейди университетнинг илмий бўлим бошлиғи Гўзал Эргашева. — Шу муносабат билан ёш олимларни бирлаштирувчи кичик бўғин ҳисобланган ушбу уюшмада олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда аттестациядан ўтказиш тизимининг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, олий ўқув юртидан кейинги таълимни янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш имкониятини кенгайтириш мақсадига қаратилган саъй-ҳаракатлар аҳамияти давра суҳбатлари, мутахассисларнинг маърузалари орқали тушунтирилмоқда.
Уюшма фаолияти, фармонда белгиланганидек, илмий кадрлар тайёрлаш жараёнини тобора жадал ривожлантириш ва сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш каби қатор вазифаларни қамраб олган. Уюшма томонидан тилшунослик, адабиётшунослик ва таржимашуносликнинг айни пайтдаги муаммолари бўйича семинар ва маърузалар ташкил этилмоқда. Ёш олимларнинг илмий анжуманларда иштирок этиши учун илмий сафарларга чиқишига ёрдам бериш, хорижий мамлакатларнинг етакчи илмий нашр¬ларида мақолалар эълон қилиш, илмий марказлар билан халқаро ҳамкорлик ўрнатиш, илмий лойиҳаларда иштирок этишга кўмаклашиш кўзда тутилган. Жараёнда ёш олимлар ўртасида танловлар ўтказилиб, фаол ёшлар муносиб рағбатлантирилади.
Яқинда уюшма томонидан ёш олимларнинг навбатдаги семинари ўтказилди. Ўттиз беш нафар катта илмий ходим-изланувчи қатнашган илмий даврада ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари теран таҳлил этилди.
— Биз ҳар сафар семинарни интиқлик билан кутамиз, — дейди катта илмий ходим-изланувчи Собир Ҳамзаев. — Бу йиғин докторлик диссертациясини ёқлаш жараёни шаклида ўтказилиб, унда ўз илмий изланишларимиз мавзуси, долзарблиги, илмий янгилиги ва аҳамиятини очиб беришга ҳаракат қиламиз. Ҳақиқат баҳсларда туғилади, дейилганидек, биз савол-жавобларда чархланиб, ютуқларимиздан куч олиб, камчиликларимизни тузатамиз.
— Миллий менталитетни тил орқали лингвистик воситалар ёрдамида ўрганиш лингвомаданий таҳлил долзарблигини белгилаб беради, — дейди Дилрабо Баҳронова. — Зооморфизмлар муайян халқ¬нинг образли фикрлаши, тилда мавжуд маданий ахборот ва маданий кодни, оламнинг лисоний манзарасини акс эттиради. “Зооморфизмларнинг семантик, прагматик ва лингвомаданий хусусиятлари” мавзусидаги маърузам уюшма аъзолари ва профессор-ўқитувчиларда қизиқиш уйғотди ҳамда илмий семинарнинг “Энг яхши тақдимот” номинациясига лойиқ кўрилди. Бу каби тадбирлар ёш олимларнинг нутқ маданиятини ошириб, фикр ва тажриба алмашувини таъминлайди. Шунингдек, бу жараёнда докторлик диссертациясини расмийлаштириш талабларини ҳам ўрганиб борамиз.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири