Проректорлар кенгаши ташкил этилди
Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциясини кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талабаларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб қилиш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Бу каби вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий таълим муассасалари илмий ишлар бўйича проректорлари кенгаши ташкил этилди. Мазкур кенгаш таркибида илмий-маърифий тадқиқотларни мувофиқлаштириш мақсадида бешта ишчи гуруҳ шакллантирилди. Биринчи ишчи гуруҳ талабаларда китобхонлик маданиятини ошириш, фан ва технологияларнинг илғор ютуқларини оммалаштириш, аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш асосида талабаларда маънавий-мафкуравий хавф ва таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантиришларини мувофиқлаштиради. Бунда, аввало, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, таълим муассасаларини шу адабиётлар билан таъминлаш ишлари пухта ташкил этилишига эътибор қаратилади.
Иккинчи ишчи гуруҳ талабаларнинг илмий-маънавий маркази хизматларидан фойдаланувчиларга барча имкониятлар яратилишини назорат қилади. Учинчи ишчи гуруҳ илмий-амалий конференция, семинарлар ташкил этиш фаолиятини такомиллаштиришга эътибор қаратади. Тўртинчи ишчи гуруҳ махсус малака ошириш курсларини ташкил қилиш билан шуғулланади. Бешинчи ишчи гуруҳ ўқув, илмий ва маънавий ресурсларни яратиш, ёшларнинг илмий-маърифий соҳадаги қизиқиш ва интилишларини ривожлантиришга қаратилган фаолиятни олиб боради. Жараёнда яратиладиган барча ресурслар таълим самарадорлигини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга миллий анъана ва қадриятларимизни чуқур ўргатиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спорт турларини оммалаштиришга йўналтирилиши лозим.
Самарқанд давлат университетида Олий таълим муассасалари илмий ишлар бўйича проректорлари кенгаши томонидан буюк аждодларимизнинг маънавий-маърифий меросини ўрганишга бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирда илм-фан ва таълим ўртасидаги инновацион-корпоратив ҳамкорликни кучайтириш ҳамда узлуксизлигини таъминлаш зарурати тўғрисида фикрлар билдирилди. Семинар иштирокчилари илму маърифат ва юксак маънавиятга интилиш барча даврларда халқимиз даҳосининг ўлмас тимсоли сифатида намоён бўлиб келганини таъкидладилар.
Тадбирда ташкилий масалалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, талабалар илмий-маърифий маркази концепцияси ва унинг мазмунини такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди. Шунингдек, кенгаш низоми ва иш режаларини шакл¬лантириш юзасидан аниқ таклиф ва мулоҳазалар баён қилинди.
Ўйлаймизки, кенгаш фаолияти олий таълим муассасаларимизнинг халқаро майдонда рейтинги ортиши, рақобатбардош кадрлар тайёрланиши, олимларимиз томонидан бетакрор илмий мерос яратилишига олиб келади.
Барно АБДУЛЛАЕВА,
Тошкент давлат педагогика университети илмий ишлар бўйича проректори