Меҳнат бозори талаблари инобатга олинмоқда
Навоий давлат кончилик институти кон-металлургия, кимё ва энергетика, машинасозлик саноати сингари соҳаларга малакали мутахассислар тайёрлаб бераётган етакчи олий таълим муассасаларидан саналади. 2017/2018 ўқув йилига қабул жараёни ушбу муассасада ҳам қизғин давом этяпти.
— Бу йил бакалаврлар тайёрлаш бўйича институтимизга 12, шунингдек, Зарафшондаги умумтехника факультетига 3, Олмалиқ кон-металлургия факультетига 6 йўналиш бўйича абитуриентлар ўқишга қабул қилинади, — дейди институт қабул комиссияси масъул котиби Шариф Бобоев. — Ўтган йили 850 нафар йигит-қизга талабалик бахти насиб этган бўлса, бу йил қўшимча квоталар ҳисобига бу рақам 1115 тага етди.
Яна бир муҳим янгилик: Президентимизнинг “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига биноан институтнинг махсус сиртқи бўлимига тўлов-контракт асосида 90 нафар абитуриент қабул қилиниши режалаштирилган. Мазкур бўлимдаги мавжуд “Кончилик иши”, Кончилик электр механикаси”, “Электр энергетикаси (тармоқлар ва йўналишлар бўйича)”, “Металлургия”, “Машинасозлик технологияси ва машинасозлик ишлаб чиқаришларини автоматлаштириш”, “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш ва бошқариш” таълим йўналишларида ўқиш учун фақат тегишли ва турдош таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йиллик амалий иш стажига эга кадрлар ўзи ишлаб турган корхона ёки ташкилотнинг тавсияномаси билан ҳужжат топшириши мумкин.
Ҳар йили институтга талабаларни қабул қилиш квотаси ҳудуддаги Навоий кон-металлургия комбинати, “Қизилқумцемент” ва “Навоийазот” акциядорлик жамиятлари, Навоий ГРЭСи сингари ташкилотларнинг талаби асосида шакллантирилади. Янги ўқув йилидан эътиборан қабул режасига “Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти” мутахассислиги бўйича бакалавр¬лар тайёрлаш йўналишининг киритилиши ҳам меҳнат бозоридаги ана шу талаб ва эҳтиёжга нисбатан кўрилган тадбирдир.
— Институтда абитуриентлар ва ота-оналар учун зарур қулайликлар мавжуд. Абитуриентлар ўзини қизиқтирган йўналиш бўйича батафсил маълумот олиши мумкин. Жумладан, қабул квоталари, ўқишга қабул қилиш бўйича низом, ҳарбий қисм тавсияномасига эга абитуриентлар учун имтиёзлар ҳамда соҳа истиқболи ҳақидаги саволларга қабул комиссияси аъзолари етарлича жавоб бераётир, — дейди абитуриент Эъзоза Болтаева.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири