Қўшимча қабул қандай тартибда амалга оширилади?
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ҳужжат топширган абитуриент Юлдуз Зиёдуллаева тест синовидан 156,6 балл тўплади. Бу ўқишга қабул қилиниши учун етарли бўлмабди. У ҳужжат топширган хорижий тил ва адабиёти йўналишига қабул чегараси 157,4 баллни ташкил этган экан. Унга бор-йўғи 0,8 балл етмай қолган. Вазият Юлдузнинг руҳиятига бироз таъсир қилган бўлса-да, эълонлар тахтасидаги тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул тартиб-қоидалари тўғрисидаги маълумот кўнглига таскин берди. Дарров университет қабул комиссияси масъул котиби Ўрол Ёриевга мурожаат қилди.
— Тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган балига мувофиқ кетма-кетлик тартиби сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилади, — деди Ў.Ёриев. — Қўшимча қабул 2 хил категория бўйича амалга оширилади. Биринчиси — тўплаган бали қабул чегарасига 4 балгача етмаган абитуриентлар, иккинчиси — 68 баллдан кўп тўплаган абитуриентлар.
Бунда тўплаган бали қабул квотаси чегарасига 1 балгача етмаган абитуриентлар тасдиқланган тўлов-контракт суммасининг 1,5 баробари, 1,1 балдан 2 балгача 2,0 баробар, 2,1 дан 3 балгача 2,5 баробар, 3,1 дан 4 балгача 3,0 баробари миқдорида тўлаши белгиланган. 68 балдан кўп тўплаган абитуриентлар эса амалда белгиланган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорида тўлов тўлаш шарти билан қўшимча равишда ўқишга қабул қилинади. Сизнинг ҳолатингизда тўлов-контракт суммасининг бир ярим баробари тўланади. Агар шунга имкониятингиз мавжуд бўлса, маркетинг бўлимига кириб, ўқишга қабул қилиш бўйича ариза топширишингиз мумкин. Аризалар тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой давомида қабул қилинади.
Бу жавоб Юлдузни қувонтирди. Бояги кичик умиди катта ишончга айланиб, маркетинг бўлимига отланди. Ариза ёзди.
— Ариза ёзиш жараёнида ҳеч қандай оворагарчилик, сансалорлик, сунъий тўсиқлар кузатилмади, — дейди Юлдузнинг онаси, Қарши тумани иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Наргиза Муҳаммадиева. — Қизим 3-4 йилдан бери ўқишга қаттиқ тайёргарлик кўрарди. Имтиҳонда бирозгина омад етишмади. Шундай бўлса-да, унга талабалик имконияти берилмоқда. Энди фақат якуний қарорни кутиш қолди.
Маркетинг бўлими бошлиғи Сайёра Атаханова қўшимча қабул жараёни босқичлари ҳақида янада муфассалроқ маълумот берди.
— Ҳозир олий таълим муассасасида аризаларни қабул қилиш жараёни кетмоқда. Ўқийман, илм эгаллайман дея мурожаат қилган талабгорлар сони 1100 нафардан ошди. Ҳали қўшимча қабул квоталари аниқ эмас. Университетдаги моддий-техник база, профессор-ўқитувчилар салоҳияти ва бошқа омиллар инобатга олинган ҳолда, қўшимча қабул бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва 15 октябрга қадар давлат комиссиясига тақдим этилади. Давлат комиссияси эса олий таълим муассасаларининг таклифлари асосида оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни қўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари тўғрисида 20 октябрга қадар қарор қабул қилади. Давлат комиссияси қарори билан белгиланган таълим йўналишлари кесимидаги квоталар доирасида оширилган тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар жорий йилнинг 30 октябрига қадар тўлов-контракт шартларини тўлиқ бажаргандан сўнг олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан ўқишга қабул қилинади. Айни пайтда тўплаган бали қабул чегарасига 4 балгача етмаган абитуриентларни сентябрданоқ ўқув жараёнига жалб этиш режалаштирилмоқда.
Талабаликка даъвогарлар орасида кириш синовларида қайд этган натижаси энг юқори балнинг 30 фоизи(68,0 балл)дан кам бўлмаган натижани қайд этган, кириш чегарасига 4 балгача етмаган категорияга мос келмайдиган абитуриентлар ҳам бор.
— Фарзандим Шаҳноза Абдуғаниева 131,5 балл тўплаган, у топширган таълим йўналишида қабул чегараси 136,9 ни ташкил этади, — дейди Дилноза Муҳаммадюсупова. — Ўртадаги фарқ 5,4 баллни ташкил этади. Мазкур ҳолатда биз амалда белгиланган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ тўлов тўлаш шарти билан қўшимча қабулга ариза беришимиз мумкин экан. Қизимизнинг ўқишини жуда истаймиз. Қўшимча қабулга киришни истовчилар учун ҳам банкларда таълим кредитлари ажратилса, бизга қулайликлар яратилган бўлар эди.
Ҳа, тест синовларида ҳаяжони кучлилиги сабаб етарли натижа кўрсатолмаган ёки рақобат кучлилиги боис юқори балл тўплаган бўлса-да, қабул чизиғига етолмаган абитуриентлар кўпчиликни ташкил этади. Жорий йилги танловда республика бўйича бир ўринга ўртача 10,9 нафар абитуриент тўғри келди. Бундай вазиятда билимлидан билимли кўп бўлади. Ўқишга киролмаганларга берилаётган қўшимча қабул имконияти олий таълимнинг дастлабки ва муҳим бўғини бўлган қабул жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири