Янгича ёндашувлар таклиф этилди
Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Тизимда эришилган натижаларни таҳлил қилиш, мавжуд тажрибаларни умумлаштириш, зарур тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар ўқитувчиларнинг билими ва тажрибасини юксалтиришда малака ошириш тизимининг аҳамияти юксаклигини таъкидлашди.
Анжуманда соҳадаги энг сўнгги янгиликлар, таълимдаги инновацион метод ва технологиялар, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимида таълим сифати ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган замонавий ёндашувлар хусусида маърузалар тингланди. Ўқувчи эътиборини жалб этиш учун дарсда ноанъанавий усуллардан фойдаланиш, дарс мазмунини оширишга доир янгича ёндашувлар таклиф этилди.
— Ўқитувчилар хорижий тилларда ўз фикрини баён этиш, мавжуд луғат бойлигидан самарали фойдаланиш, сўз ва жумлаларни тўғри қўллашга қийналади. Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш, ўқувчиларнинг хорижий тилда мулоқотчанлигини ошириш учун қатор метод ва технологияларни қўллаш мумкин. Масалан, “Ҳамма бир кишига қарши” усули “Ақлий ҳужум” методининг бироз ўзгартирилган кўриниши бўлиб, доскага чиққан ўқувчига ҳамма навбатма-навбат савол беради. Жавоб бериш асносида ўқувчининг нутқи ривожланади, — дейди Андижон вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти катта ўқитувчиси Муҳаббат Муллажонова. — Бугунги конференцияда ўзим яратган “Комилько” методи ҳақида тақдимот қилдим. Унинг номи французчадан олинган бўлиб, “шундай бўлиши керак” деган маънони англатади. Бунда ўқувчининг мустақил ва ижодий фикрлаш қобилияти шакллантирилади. Ўқитувчи доскага бир сўз ёки жумлани ёзади. Ўқувчи эса унинг изоҳини бир гап билан ифодалаб беради. Бу орқали грамматик қоидалар мисоллар ёрдамида мустаҳкам ўзлаштирилади. Энг оригинал фикр дарс шиори сифатида танланади.
Конференция моҳир педагогларнинг дарс самарадорлигини ошириш борасидаги тажрибасини оммалаштиришга хизмат қилди.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири