Сурхондарёлик ота-оналар мамнун
Сурхондарёда тиббиёт соҳасида илк бор олий таълим даргоҳи иш бошлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19 январь куни вилоятга ташрифи чоғида кўплаб жабҳаларда бўлган катта ўзгаришлар қатори тиббиётга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоятда тиббиёт ходимларига бўлган катта эҳтиёжни биргина рақам билан ифодалаш мумкин. Яъни 2015 — 2017 йилларда хориждаги (Россия, Украина, Қозоғистон ва ҳоказо) тиббиёт олий ўқув юртларига 500 дан зиёд сурхондарёлик ўғил-қизлар ўқишга кирган ва ўқимоқда. Юртимиздаги бошқа тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларида қанчадан-қанча сурхондарёлик талабалар ўқиётганини, вилоят тиббиётида ёш кадрларга катта эҳтиёж юзага келганини тушуниш қийин эмас.
Бу ҳолатни халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб теран ҳис этган Президентимиз ташриф чоғида Сурхондарёда тиббиёт олий ўқув юртини очиш энг долзарб масалалардан бири эканини таъкидлади. Бу муҳим ишнинг ечимини ҳам таъминлаб берди.
2017 йил 1 августда турли тиббиёт институтларига имтиҳон топшириб, 100 балдан кам тўпламаган, аммо талабалик бахти насиб этмаган 300 нафар сурхондарёлик абитуриент Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиалига ўқишга қабул қилинди. Улар туманлар кесимида эҳтиёждан келиб чиқиб, тўплаган баллари ҳисобга олинган ҳолда рўйхатга киритилди. Ушбу талабаларнинг барчаси даволаш факультетига ҳужжат топширган абитуриентлардир.
Бу муҳим воқеа вилоятдаги барча кексаю ёшни бирдек қувонтирди.
— Эълонлар тахтасида ўғлимнинг ҳам номини кўриб, очиғи, қанчалар хурсанд бўлганимизни тасвирлаб беролмайман, — дейди қум¬қўрғонлик Рисолат Эшниёзова. — У Бухорода ўқишга ҳужжат топшириб киролмаганди. Энди менинг фарзандим ҳам шифокор бўлади! Беморларни даволаб, элга хизмат қилади. Олисда эмас, ўзимизнинг Термизда ўқийди.
Юртдошимизнинг бу ҳаяжони бугун юзлаб сурхондарёликлар дилидан кечаётир.
Ушбу таълим даргоҳига Термиз тиббиёт коллежи биноси тўлиғича ажратилди. Талабалар учун тураржойлар ва бошқа зарур шароитлар яратилмоқда.
Пойтахтимиздан талабаларга дарс бериш учун келган малакали профессор-ўқитувчилар учун эса доимий ва хизмат уйлари берилди.
Мазкур таълим даргоҳининг илк қалдирғочлари бўлган талабалар ўқишни тамомлагач, 10 йил муддат ўз туман ва шаҳарларида ишлаб беради. Бу ҳам Сурхондарё аҳли саломатлиги йўлида, ҳудуд тиббиёти тараққиётининг узвийлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шодмонқул САЛОМ