Сурхондарёда олий таълим муассасалари учтага кўпайди
Сурхондарё вилоятида бир йўла мамлакатимиздаги учта олий таълим муассасаси филиалларининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларда давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббиёт ва таълим муассасалари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, талабалар, ота-оналар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашиб, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берди. Шунга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиаллари ташкил этилиб, қисқа вақтда замонавий тарзда жиҳозланди. Бўлажак педагог ва тиббиёт ходимларининг соҳа сирларини пухта эгаллаши учун барча шароит яратилди.
Мутахассисларнинг фикрича, Сурхондарё вилоятида 1 минг 880 дан ортиқ малакали шифокорга эҳтиёж мавжуд. Тиббиёт муассасаларининг умумий амалиёт шифокорлари билан таъминланиш даражаси 48 фоиз. Бу бирламчи тиббиёт муассасаларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатишда бир қатор муаммолар туғдирмоқда. Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг ташкил этилгани ушбу муаммоларни бартараф этиб, вилоят аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Сурхондарёда соғлиқни сақлаш тизими учун олий маълумотли мутахассислар тайёрлайдиган ўқув даргоҳи ташкил этилиши нафақат соҳа вакиллари, балки бутун вилоят аҳлини қувонтириб юборди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Термиз темир йўл бирлашган шифохонаси бош шифокори Чори Қурбонов. – Айни пайтда касалхонамизда 10 нафар олий маълумотли тиббиёт ходимига эҳтиёж бор. Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг фаолият бошлагани воҳа соғлиқни сақлаш тизимини етук кадрлар билан тўлиқ таъминлаб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширади.
Термиз тиббиёт коллежи негизида иш бошлаган янги олий таълим муассасасида талабаларнинг соҳа сирларини қунт билан ўрганиши учун барча қулайлик мавжуд. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, тиббиётга оид асбоб-ускуналар, фантом ва муляжлар, лаборатория анжомлари билан жиҳозланди. Тошкент тиббиёт академияси аудиторияларида олиб бориладиган маъруза ва дарсларни тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконини берадиган хоналари мавжуд иккита ўқув биноси билан таъминланди. Тиббиётга оид адабиётларга эга ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт зали, 460 ўринли иккита талабалар турар жойи бўлажак шифокорлар хизматида бўлади. Машғулотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Яратилган бундай шароитлардан талабаларнинг ота-оналари ҳам хурсанд.
– Ўғлим Акмалжон болаликдан шифокор бўлишни орзу қиларди, – дейди Термиз туманидаги Муҳиддин Эштемиров номидаги маҳаллада яшовчи Гулноза Бердиқулова. – Шу мақсадда ўтган йили Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топширди, лекин унинг ўқишга қабул қилинишига бир неча балл етмай қолди, холос. Мана, бугун фарзандимнинг орзуси ушалиб, биринчилар қаторида талабалар сафидан ўрин олди. Бу янгиликни эшитган қавм-қариндош ва маҳалла-кўй бизни табриклаб, қувончимизга шерик бўлмоқда. Энди Акмалжон бу ерда аъло баҳоларга ўқиб, етук шифокор бўлиб улғаяди. Фарзандларимизнинг ўзлари танлаган касбни мукаммал эгаллаши учун барча шароит ва имкониятларни яратиб бераётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.
Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг тантанали очилиш маросимида мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг атоқли олимлари, академиклар, тиббиёт олий таълим муассасалари раҳбарлари ва хорижий давлатлар тиббиёт олий таълим даргоҳлари вакиллари ҳам иштирок этди.
– Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга умрини бахшида этишга аҳд қилган ёшлар учун янги олий таълим муассасаси очилишига бағишланган тадбирда иштирок этганимдан хурсандман, – дейди И.Сеченов номидаги 1-Москва давлат тиббиёт университети ректори маслаҳатчиси, генерал-майор В.Решетников. – Бу ерда яратилган шароитлар талабаларнинг замонавий даволаш ва диагностика усулларини мукаммал эгаллашида муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалига қабул қилинган 300 нафар талаба соҳа сирлари ва буюк аждодларимиз меросини чуқур ўзлаштириб, юқори малакали шифокор бўлишга, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлаб, ўз билим ва малакасини беморлар манфаатига қаратишга қасамёд қилди. Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчиларининг масофадан туриб ўқитиш бўйича онлайн режимдаги дастлабки маърузаларини тинглади.
– Шифокорлик касбини эгаллаш учун уч йилдан буён олий таълим муассасасига ҳужжат топширдим, – дейди Шўрчи туманидаги Офтобмакон маҳалласида яшовчи Фаррух Алланазаров. – Ўтган йили ҳам 196 балл билан ўқишга киролмадим. Мана, бугун қувончимнинг чеки йўқ. Талабалар сафидан ўрин олдим. Туманимиздан унча узоқ бўлмаган шаҳарда ўқиш бахтига муяссар бўлганимдан ота-онам ҳам хурсанд. Ўқиш бошланган дастлабки кунданоқ мамлакатимизга танилган академик ва профессор-ўқитувчилар масофадан туриб, бизга маъруза ўқиди.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз ва Термиз давлат университети Денов филиалларининг очилиш маросимлари ҳам байрамона руҳда ўтказилди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиалида беш йўналиш ва махсус сиртқи бўлимга 520, Термиз давлат университетининг Денов филиалига 700 га яқин талаба тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинди.
Вилоятда янги иш бошлаган учта олий таълим муассасасига ёшларни талабалар сафига қабул қилиш Термиз шаҳри ва барча туманлар кесимида шифокор ҳамда педагогларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олинган ҳолда берилган квоталарга мувофиқ амалга оширилди. Уларнинг ўз ҳудудидаги тиббиёт ва таълим муассасалари билан шартнома имзолагани бўлғуси мутахассисларни келажакда аниқ иш билан таъминлашда муҳим омил бўлади.
Тадбирларда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта таълим вазири И.Мажидов иштирок этди.
Х.МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири