Тест тизимининг такомиллашуви қонун бузилишларининг олдини олади
Мамлакатимиз олий таълим муассасаларига қабул тест синовлари шаклида 1992 йили тажриба тариқасида, 1993 йилдан тўлиқ амалга оширила бошланди. Шундан буён тест тартиби ва шакли деярли ўзгармади. Ваҳоланки, ундан кейин жамиятимизда, олий таълим тизимида, инсонлар онгу шуурида катта ўзгаришлар рўй берди. Аввало, билим олиш истагидаги ёшлар, олий таълим муассасаларига ҳужжат топширувчи абитуриентлар сони кескин ошди. 1995 йили олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 93 мингдан ортиқ бўлса, 2017 йили бу кўрсаткич 729 минг нафардан зиёдни ташкил этди. Бу ҳолат масъул вазирлик ва идоралардан жараёнда юзага келадиган муаммоларга ечим топишни талаб этарди.
Ушбу кенг миқёсли жараён хато ва камчиликлардан холи бўлмасди. Масалан, тест натижалари имтиҳондан қарийб 20 кун ўтиб эълон қилинар, кўплаб ота-оналар, абитуриентлар синовларнинг холис ва ҳаққоний ўтганига шубҳа билан қарар, имтиҳонда кимларнингдир тест варақалари олиб чиқилиб, тўлдириб олиб келингани, кимлардир телефондан фойдаланса ҳам буни назоратчилар эътиборсиз қолдиргани тўғрисида миш-мишлар тарқаларди. Умуман олганда, тест синови ўтказишнинг бугунги шакли, муддати ўзини оқламай, долзарблик, даврийлик, тезкорликни йўқотгани маълум бўлиб қолди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиши билан катта аҳамиятга эга бўлди.
— Ўз вақтида қабул қилинган қарор жамоатчилик, айниқса, абитуриентлар ва ота-оналарнинг хоҳиш-истакларига мос бўлди. Кириш имтиҳонларидаги янгиликлар синовларнинг шаффоф, адолатли ўтиши ҳамда чуқур билимга эга, пухта тайёргарлик кўрган, ўз кучига ишонган абитуриентлар учун кенг имконият яратиши, аввалги йилларда юз бериб келаётган тартиб бузилишларининг олдини олиши билан ҳам долзарб ҳисобланади, — дейди Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев. — Келгуси ўқув йилидан тест синовлари янги тартибда ўтказилади. Биринчидан, эндиликда тест синовлари 1 августдан 15 августга қадар бўлиб ўтади. Олдин жараён бир кунда ўтказилиши абитуриентларни жойлаштириш учун бино ва аудиторияларни тайёрлашда анча қийинчиликларни келтириб чиқарарди. Масалан, ўтган йили биргина Сурхондарё вилоятида 36 мингдан зиёд абитуриентларни жойлаштириш учун Термиз шаҳридаги барча мактаб, академик лицей ва коллеж бинолари ҳамда талабга жавоб берадиган бошқа бинолар қамраб олинган. Бироқ уларнинг сиғими етарли бўлмагани боис, яна бир неча туманлардан қўшимча бинолар топишга тўғри келган. Тестларнинг бир кунда эмас, кетма-кет 15 кун давомида ўтказилиши бу каби ҳолатларга чек қўяди. Қайси олий таълим муассасасининг синовлари айнан қайси кунда ўтиши жараёнда маълум бўлади. Бу тест синовларига сифатли тайёргарлик кўриш учун катта имконият яратади, босимдан халос қилади.
Иккинчидан, кириш тест синовлари натижалари тест синови ўтказилган куннинг эртасигаёқ Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Шу пайтгача тест синови натижаларининг кечикиб эълон қилингани махсус ёпиқ режимда жавоблар варақаларини ишлаш, жумладан, абитуриентлар томонидан нотўғри ёзилган махсус кодлар, аудиторияда тузилган далолатнома асосида рақамлари мос келмаган, алмаштирилган саволлар китоби ва жавоблар варақаларини тўғирлаб чиқиш, четлатилганларни саралаш, белгиланган тартибда абитуриент олиши керак бўлган имтиёз балларини қўшиб чиқиш каби мураккаб жараён билан боғлиқ эди. Энди бу жараённинг ҳам такомиллаштирилиши жамоатчилик орасида салбий нуқтаи назарлар, ҳар хил эътирозлар юзага келишига ўрин қолдирмайди. Бу борада аллақачон кенг қамровли ишлар бошлаб юборилган. Белгиланган вазифаларни ўз муддатида бажариш учун Молия вазирлиги ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда тезкор замонавий техника жиҳозларини харид қилиш борасида режалар тузилди ва амалга оширилмоқда. Шунингдек, натижаларни бир кунда эълон қилиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилмоқда.
Учинчидан, тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари ҳамда унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, вилоят марказларидаги Олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимли биноларида ўтказилади. Ушбу тартиб нафақат йил бўйи талабларга мос биноларни топиш, аудиторияларни етарли шарт-шароитлар билан таъминлашдаги қийинчиликлар, шунингдек, абитуриентларнинг тест синови ўтказиладиган ўта тар¬қоқ жойлашган биноларни топиб бориши, узоқ кутиши, аудиторияларда назоратнинг издан чиқиши ва ҳар хил қонунбузарликлар содир этилиши каби ҳолатларга барҳам беради.
Тўртинчидан, янги ўқув йилидан бошлаб алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларида тест синовлари бўлмайди. Масалан, бундан буён Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига абитуриентлар ижодий имтиҳонлар орқали қабул қилинади.
Бешинчидан, тест синови ўтказиладиган биноларга абитуриентлар шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, металлодетекторлар орқали киритилади.
Жараённи ёритиш учун мониторлар ўрнатилади. Натижада ота-оналар аудиторияларда ўтказилаётган тест синовларини кузатиш имкониятига эга бўлади.
Бу ҳам, ўз навбатида, ота-оналарнинг олдиндан билдириб келаётган хоҳиш ва талабларига тўла мос келади. Шаффофлик ва адолат таъминланади.
Ҳозирги кунда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли иш олиб борилмоқда. Хусусан, эндиликда тест синовлари олдинги йиллардаги каби 30 ёки 60 ўринли аудиторияларда эмас, балки катта сиғимга эга, кўп ўринли биноларда ўтказилиши белгиланган. Шу боис Тошкент шаҳри ва ҳудудларда шундай иншоотларни топиш, ўрганиш, тайёрлаш ва дислокация ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари бажарилмоқда. Айни пайтда бирламчи вазифа сифатида 2018-2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириши кутилаётган 810 минг нафар абитуриент учун бино тайёрлаш, уларни стол, стул ва бошқа зарур жиҳозлар, видеотехника ускуналари билан таъминлаш, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва тасдиқлаш, шунингдек, Давлат тест марказининг ходимлар штат бирлиги 150 нафардан иборат бўлган янгиланган тузилмасини жорий этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда тест синови иштирокчилари (ДТМ ходими, гуруҳ назоратчиси, абитуриент ва бошқалар) масъулияти ва жавобгарлиги бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиб, қонунчиликка киритиш билан боғлиқ вазифалар амалга оширилмоқда.
— ДТС ходимлари сони 150 нафар этиб белгиланиши тест синовлари жараёнига минглаб бино, қават ва аудитория назоратчиларини жалб этишга зарурат қолдирмайди, — дейди Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Орзиқул Бобоев. — Эндиликда имтиҳон жараёнида сезиларли даражада кам, лекин етарли миқдорда назоратчилар иштирок этади. Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан фан экспертлари рўйхатини шакллантириш, улар билан мавсум давомида ёпиқ режимда ишлаш амалиётидан воз кечилади. Фан экспертлари учун штат ажратилади. Улар Давлат тест марказининг доимий ходимларига айланади. Асосий ўзгаришлардан яна бири — бу Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жам¬ғармаси ташкил этилаётганидир. Айни кунда ушбу жам¬ғарма фаолиятига доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланмоқда. Ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланиб, режалар ишлаб чиқиляпти. Умуман, жамғарма Давлат тест марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хорижий давлатларнинг ўқув ва илмий муассасаларида марказ ходимларининг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилаётир. Хориждан замонавий, сифатли, юқори тезликда ишловчи техника ва технологиялар келтирилиб, апробациядан ўтказилди. Ҳозирги кунда техника воситалари билан ишлайдиган мутахассислар тайёрланмоқда.
Янгиланган талаб ва меъёрлар олий таълим муассасаларига кириш синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади ҳамда олий таълим муассасаларига ўқиш учун билимли, иқтидорли ва муносиб номзодларни танлаб олишга замин яратади.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири