Тил ўрганишда гуруҳ қандай шакллантирилади?
Савол: Сўнгги пайтда ишчи ўқув режа ва дастурларида мустақил таълим учун ажратилган ўқув соатлари ҳажми ортмоқда. Бу — ижобий ҳолат. Бироқ мустақил таълим учун берилган топшириқларни баҳолашда муаммолар юзага келмоқда. Чунки айни пайтда 1-курсдан ташқари барча курсларда 100 баллик баҳолаш тизими амал қилмоқда. Бунда 40 балл жорий назорат, 30 балл оралиқ ва 30 балл якуний назорат учун ажратилади. Мустақил таълимда қўшимча адабиётларни ўрганиб, мустақил иш, реферат ёки лойиҳалар тайёрлаган талабанинг топшириқларни бажарганини қайси назоратда инобатга олиш керак? Умуман олганда, мустақил таълим қай тартибда ташкил этилиб, баҳоланиши лозим?
Ҳ.АБДУРАҲМОНОВА, ЎзДЖТУ ўқитувчиси
Жавоб: Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида низомга кўра, талабаларнинг ўқув фани бўйича мустақил иши жорий, оралиқ ва якуний назоратлар жараёнида тегишли топшириқларни бажариши ва унга ажратилган баллардан келиб чиққан ҳолда баҳоланади. Ўқитувчи мустақил таълим топшириқларини беришда фан доирасида умумий ўзлаштирилиши керак бўлган материалларни инобатга олиши керак. Масалан, бирор фан учун 28 соат маъруза, 28 соат амалий машғулот мўлжалланган бўлса, мустақил таълим учун 38 соат ажратилади. Демак, талаба аудитория машғулотларидан ташқари изланишларга кўпроқ вақт ажратиши, талабага топшириқ ва уйга вазифалар берилаётганида бу нисбат инобатга олиниши керак. Мустақил таълим фан доирасидаги асосий ва қўшимча адабиётларни ўрганиш, конспект қилиш, улар асосида мустақил иш, реферат, портфолио, илмий мақола ва тезис тайёрлаш каби турли кўринишларда амалга оширилиши мумкин. Бу топшириқларнинг бажарилгани, аввало, жорий назоратда инобатга олинади. Қолаверса, низомда келтирилганидек, оралиқ ва якуний назоратлар жараёнида берилган топшириқларнинг қандай бажарилгани, талабанинг билим даражаси намоён бўлади. Демак, барча назорат турларида мустақил таълим топшириқларини бериш мумкин.
Модулли ўқитиш жараёнида бу борада бироз фарқ кузатилади. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, ўқув жараёни модул тизимига асосланган олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишли олий таълим муассасаси томонидан белгиланиши мумкин.
Савол: Бу йилгача ўзбек тили ва қорақалпоқ тили фанлари бўйича амалий машғулотлар гуруҳларни иккига бўлган ҳолда ўтиларди. Янги ўқув йилидан амалий машғулотлар гуруҳни бўлмасдан ўқитиляпти. Натижада педагогнинг ўқув соати билан бирга, талабалар билан индивидуал ишлаш имконияти ҳам қисқарди. Бу тўғрими? Тилларни ўқитишда неча кишилик гуруҳда машғулот олиб борган маъқул?
М.ҚЎШНАЗАРОВА,
Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2015 йил 9 сентябрдаги 5-2015-сонли буйруғи билан тасдиқланган Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, ташкилий-методик, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишлар юкламасини аниқлаш қоидаларига кўра, маъруза машғулотлари, одатда, 150 нафардан ошмаган бирлашган академгуруҳ(поток)ларда, амалий ва семинар машғулотлари талабалар сони, одатда, 25 нафаргача бўлган академгуруҳларда олиб борилади. Лаборатория ва чет тилини ўқитиш, тиббиёт олий таълим муассасаларида тиббий-биологик ва гигиеник фанлар(тиббиёт олий таълим муассасалари учун)ни ўқитиш, нофилологик йўналишларда фанни чет тилида ўқитиш, одатда, 12 нафаргача талаба бўлган кичик гуруҳларда ташкил этилади. Маданият, санъат ва спорт йўналишларида якка тартибдаги машғулотлар, одатда, 2—12 нафаргача талаба бўлган кичик гуруҳларда, тиббиёт олий таълим муассасаларида клиник фанларни ўқитиш, 8—10 нафаргача талаба бўлган кичик гуруҳларда ўтказилади. Юқорида келтирилган ҳолатда ўзбек тили ва қорақалпоқ тили фанлари чет тили ҳисобланмаслигини инобатга оладиган бўлсак, машғулотлар 25 нафаргача талаба бўлган академгуруҳларда олиб борилиши мумкин.
Саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасаларининг ўқув ва методик фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Барно РАЖАБОВ жавоб берди.