Дунёда ўхшаши йўқ университет
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши халқимиз маънавиятини юксалтириш, ўзлигини англатиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар силсиласида улкан тарихий воқеа бўлди. Ўтган йилнинг 23 декабрь куни таълим муассасамизнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Тадбирда шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этганидан жамоамиз аъзоларининг боши осмонга етди.
Иншоотнинг замонавий кўриниши, ташқи дизайни зиё масканига жуда мос. Бино аудиториялари, талабалар тураржойи, ахборот-ресурс маркази ва дам олиш ўринларидаги шарт-шароитларни кўрган киши талабаларга қарата Алишер Навоийнинг “Тухм ерга тушиб чечак бўлди, Қурт жондин кечиб ипак бўлди. Лола тухмича ғайратинг йўқму?! Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!” деган сатрларини бехос айтиб юбориши табиий. Бу сатрлар ёшларни ҳаёт деб аталмиш улуғ неъматдан баҳра олиб, берилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланишга ундайди.
Университетимизда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, хорижнинг (Япония, Жанубий Корея, Европа давлатлари) илғор олий ўқув юртлари тажрибалари ўрганилиб, янги ўқув режалари ишлаб чиқилди. Мавжуд таълим йўналишларидаги “Навоийшунослик”, “Таълим босқичларида Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш”, “Давлат тилида иш юритиш”, “Компьютер лингвистикасига кириш”, “Ўзбек тили ва адабиёти таълимида замонавий ахборот технологиялари”, “Ўзбек тилини ўқитишнинг психолингвистик асослари”, “Интеграллашган инглиз тили”, “Машина таржимаси” каби 45 та фан янгиланиб, қўшимча 25 та танлов фани киритилди. Бу миқдор ўқув режадаги фанларнинг 46 фоизини ташкил этади. Шунингдек, магистратура мутахассислигида 8 та (37 фоиз) фан янгиланди. Ҳар бир фан бўйича ишчи дастурлари, ўқув-методик мажмуалар ишлаб чиқилди.
Эътиборлиси, мазкур фанлар Ўзбекистон таълим тизимида илгари мавжуд бўлмаган. Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш бўйича эски услублардан воз кечилиб, бу соҳа бўйича дунёдаги етакчи методикалар (Кларк ва Гарднер) асосида ўзимизнинг миллий услуб ишлаб чиқилди.
2021 йилга бориб синхрон, бадиий, илмий-техникавий мазмундаги матнларни эркин таржима қила оладиган мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутиляпти. Бунга ҳозирдан пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Шунингдек, ўзбек тили ва адабиётини глобал ахборот тизимига киритиш, узлуксиз таълим тизими учун ўзбек тили ва адабиёти бўйича дарс ишланмаларини компьютер ўйинлари воситасида ташкил этиш, интернетда ўзбек тили корпусини яратиш, аудиоадабиётлар (аудиокитоблар) базасини ташкил этиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
Университетда бутун республика ёш филолог олимлар жамияти тузилди. Мақсад — муассасамиз иқтидорли ёшлари билан бирга ҳудудлардаги 14 университетнинг турдош факультетларида ўқиётган талабаларни илмий мактабларимизга жалб этиш, долзарб илмий муаммоларни ўрганишга қизиқтириш ва рағбатлантириб бориш. Маълумки, илмий мактаблар, аввало, долзарб илмий йўналишлар бўйича тузилган ўқув-илмий лабораторияларда шаклланади. Ўтган давр мобайнида муассасамизда тўртта лаборатория ташкил этилди.
Ўзбек шеваларини тадқиқ этиш лабораториясида диалектология илмий мактаби шакллантирилади. Талабалар узоқ туманларга чиқиб, амалиёт даврида ўзбек шеваларини ўрганади. Олинган натижалар компьютер дастурига киритилиб, ўзбек тили корпусига жойлаштирилади. Бунинг натижасида ўзбек адабий тилини бойитиш учун катта база яратилади. Дунёда барча йирик миллатлар ўзларининг тил корпусларини интернетга жойлаштирган. Масалан, инглиз тили корпуси 2 миллиард сўздан иборат. Тил корпуси муайян лисонга оид матнлар мажмуи бўлиб, турли сўз қўлланишларини ўз ичига олиб, аудио ва ёзма матн¬лардан иборат бўлади. Бошқача айтганда, ушбу лабораторияда ўзбек тили хазинаси тўпланади.
Адабий жараённи баҳолаш лабораторияси адабий танқидчилик илмий мактабини тиклашга хизмат қилади. Унда янги нашр этилган асарлар ўқилади, муҳокама қилинади ва савияси баҳоланади. Ушбу лабораторияда китобхонлик маданиятини ошириш ва нашрлар савиясини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижалари мониторинг қилинади. Интернетда махсус портал очилиб, унда барча китобхонлар онлайн овоз бериш, баҳолаш имкониятига эга бўлади.
Компьютер лингвистикаси лабораторияси ўзбек тилини жаҳон глобал ахборот маконига киритиш, ахборот-коммуникация технологияларини ўзбек тилига жорий этишга хизмат қилади. Бу соҳани ривожлантириш учун дастурчи ва филолог ихтисослиги бир шахсда мужассам бўлиши керак. Шундай мутахассисларни тайёрлаш учун бакалавриат ўқув режасининг табиий фанлар блокига ўзгартириш киритилиб, олий математика ўрнига математик мантиқ, дастурлаш асослари фанлари киритилди. Талабалар лабораторияда машина таржимаси, хусусан операцион тизимларнинг ўзбек тилида ишлаши учун имконият яратиш, таржимон, муҳаррир дастурларини такомиллаштириш бўйича илмий изланишлар олиб боради.
Матншунослик ва хаттотлик лабораториясида қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, ўзбек адабиёти мумтоз намуналарини ҳозирги ёзувга ўгириш билан боғлиқ илмий изланишлар олиб борилади. Таъкидлаш жоизки, қатағон йиллари юз минглаб бебаҳо асарларимиз йўқолиб кетди. Шарқшунослик институтидаги мавжуд асарлар ҳам тўлиқ ўрганилган эмас. Чунки қўлёзмалар устида тадқиқот олиб боришга сабри етадиган матншунос ёшлар анқонинг уруғи. Уларни тарбиялаш, ёзувларни ўргатиш, қўлёзмаларга меҳр уйғотган тақдирдагина педагог бу вазифани зиммасига олиши, уддалаши мумкин. Янги ўқув режасига матншунослик фанини киритиб, адабиёт бўйича қўлёзмаларни ўқиш ва ўрганиш ишлари бошлаб юборилди. Талабалар дарсда олган билимларини хаттотлик лабораториясида амалда синаб кўради.
Илмий натижаларни халқаро миқёсда эълон қилиб бориш мақсадида “Олтин битиклар” ва “Ўзбекистон: тил ва маданият” журналлари очилди. Келгусида “Uzbek studies” халқаро электрон ҳамда “Адабиётшунослик олами” журналлари очилади.
Университетни соҳа бўйича жаҳон марказига айлантириш диққат марказимизда турган асосий вазифалардандир. Бутун дунёда ўзбек адабиёти билан шуғулланадиган олимларни бирлаштирадиган ва тад¬қиқотларни Ўзбекистондан туриб мувофиқлаштиришга йўналтирилган Ўзбек адабиётшунослари бутунжаҳон ассоциациясини тузиш бўйича амалий ишларни бошладик. Хориждаги ҳамкор университетлар қошида ўзбек тили ва маданияти марказлари(Навоий институтлари)ни ташкил этиш бўйича олиб бораётган тизимли ишлар авж палласида. Яқинда Ҳиндистон Жомеа Миллия университетида марказ ўз фаолиятини бошлади. Канаданинг Торонто университети, Германиянинг Гумбольдт университети, Хитойнинг Мин Чжу университети билан келишув ишлари ниҳоясига етди. Япония ва Жанубий Кореядаги университетлар билан ўзбек тили ва маданияти марказларини очиш бўйича мулоқот олиб борилмоқда. Бундай марказлар ўзбек тили ва адабиёти билан бирга халқимиз маданияти ва маънавиятини чет элларда тарғиб этиш учун катта имкониятлар эшигини очади.
Университетимизда ўзбек тилининг халқаро миқёсда ўрганилиши ва бу жараёнга бутун дунё турколог олимларини жалб этиш мақсадида Ўзбекшунослик лингвистик илмий-тадқиқот марказини очяпмиз. Халқи¬миз маънавий ҳаёти тарихини ўрганиш ишларини юқори босқичга кўтариш ва халқаро миқ¬ёсда илмий тадқиқотларни олиб бориш мақсадида халқаро маънавият ва маданиятшунослик илмий тадқиқот маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида ҳам бош қотирилмоқда.
Филология соҳасида илгари мутлақо кузатилмаган, аммо ўзбек тили ва адабиётини ривожлантириш учун зарур бўлган қатор мутахассислик ва таълим йўналишларини очиш мўлжалланган. Масалан, кейинги йили “Инглиз тилли гуруҳларда ўзбек тили” таълим йўналишини очиш таклифи берилди. Боиси, ҳозир кўплаб хусусий мактаблар бор. Бундан ташқари, чет элдан кўплаб мутахассисларнинг Ўзбекистонга оқими тезлашиши кутилмоқда. Бир неча йилдан кейин инглиз тилидаги мактабларга эҳтиёж туғилиши мумкин. Шунда уларда дарс бериши мумкин бўлган, инглиз тилини мукаммал биладиган ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига талаб пайдо бўлади. Агар ҳозирдан ана шу талабга жавоб берадиган педагоглар ва ўқув-методик база тайёрлаб борилса, бу борада муаммо бўлмайди. Иккинчиси — компьютер лингвистикаси бўйича магистратура ва бакалавриат таълим йўналиши.
Маълумки, бугун ўзбек тилини жаҳон глобал ахборот маконига киритиш, ахборот-коммуникация технологияларини ўзбек тилига жорий этиш компьютер дастурлари ишлаб чиқишни талаб этади. Бу соҳада дунёдаги энг қолоқ давлатлар қаторидамиз. Сабаби, дастурчиларимиз тилшуносликдан, тилшуносларимиз эса дастурлаштиришдан бехабар.
Учинчиси — фольклористика бўйича магистратура. Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти Президентимиз фармонига биноан Фольклор институти деб ҳам аталадиган бўлди. Унда яхши илмий мактаб яратилган. Аммо уларни янги ёш олимлар ҳисобига кучайтириш давр талабига айланди.
Тўртинчиси — диалектология бўйича магистратура. Ўзбек тилининг шевалари кўп. Уларни ўрганиш ўтган асрнинг 60-йилларидан сўнг тўхтаб қолган. Илмий мактаблар йўқолиб кетган. Мутахассислар йўқ.
Бешинчиси — таржима назарияси ва амалиёти бўйича магистратура. Ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилиш ишларини жонлантириш учун очилган факультетда иккинчи йил талабалар қабул қилинди. Улар икки йилдан кейин ўқишни тугатишини ҳисобга олиб, 2019 йили магистратура босқичини ҳам очиш мўлжалланмоқда. Соҳа бўйича қалдирғоч педагог ўқитувчилар тайёр бўлиши билан синхрон таржима бўйича таълим йўналиши очишни мўлжаллаяпмиз.
2021 йилга келиб очиладиган яна бир муҳим магистратура мутахассислиги лексикография соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ. Лексикография луғатшунослик дегани. Бизнинг мавжуд луғатларимиз ўтган асрнинг 60-йилларида яратилган. Уларнинг барчаси русча терминларни ўзбек тилига киритишга мўлжалланган эди. Бу соҳа бўйича мустақиллик йиллари илмий тадқиқотлар олиб борилмади.
Эски луғатлар қайта-қайта чоп этиб келинмоқда. Уларни қайта кўриб чиқиш ҳамда она тилимиз хазинасидаги сўз ва атамаларни топиб, янги луғатлар яратиш учун малакали мутахассислар тайёрлаш лозим.
Она тилимиз ривожига юксак эътибор, миллий қадриятларимиз, адабиётимизни юксалтириш ва тарғиб этишга чексиз имкониятлар очиб берадиган, дунёда ўхшаши йўқ, энг замонавий таълим жиҳозларига эга олий таълим муассасаси кўринишидаги бебаҳо туҳфа учун чексиз миннатдормиз.
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори