Малакали ветеринарга талаб юқори
Ветеринария жамият учун энг муҳим соҳалардан бўлиб, унинг асосий вазифаси фақат ҳайвонлар касалликларини аниқлаш ҳамда даволаш эмас, балки одамлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган ўта хавфли касалликларни бартараф этишдир.
Кейинги йилларда республикамиз чорвачилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тизимли чора-тадбирлар натижасида 1991 йилга нисбатан қорамоллар сони 2,4, қўй-эчкилар — 2, отлар — 1,5 ва паррандалар — 1,9 баробар ҳамда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,8, сут — 2,7 ва тухум ишлаб чиқариш 3,3 марта ошди. Бу, албатта, ветеринария хизмати ходимлари зиммасига ҳайвонлар ва паррандалар касалликларини диагностика қилиш, даволаш, олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича янгидан-янги талабларни қўймоқда. Президентимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилишда сўзлаган нутқида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринария мутахассисларига талаб катта эканини таъкидлаб, Ветеринария институтини ташкил этиш таклифини билдирганида ҳақ гапни айтган эди.
Мамлакатимизда кундалик озиқ-овқатлар хавфсизлигини таъминлайдиган, ҳайвонлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертиза қилиш фани фақат Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг “Ҳайвонларнинг юқумли ва инвазион касалликлари” кафедраси амалиётида мавжуд. Ҳолбуки, ушбу йўналишда алоҳида факультет ташкил қилиш замон талабидир.
Шу кунгача махсус ветеринария-санитария экспертизаси ва ҳайвонлар касалликлари ташхиси бўйича махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилмаган. Республика ҳудудидаги деҳқон бозорларида ташкил қилинган 200 дан ортиқ ветеринария-санитария экспертизаси билан шуғулланувчи лабораторияларда ва булардан ташқари вилоят ҳамда туманларда фаолият юритаётган 150 дан ортиқ ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказларида ҳамон умумий билим ва кўникмаларга эга ветеринария врачлари ишламоқда. Ушбу мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳам талаб даражасида эмас.
Юртбошимиз асаларичиликни ва парҳез гўшт манбаи — қуёнчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда ушбу соҳаларни ривожлантириш учун интенсив технологиялар ва илғор хорижий тажрибаларни татбиқ қиладиган ҳамда замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали чорвадор мутахассислар, айниқса, мўйнали ҳайвонлар (қуён, қоракў¬зан, нутрия), паррандаларнинг курка, ўрдак, туя қуш каби турлари ҳамда балиқ ва асалариларнинг юқумли, юқумсиз ва инвазион касалликларини аниқлайдиган, даволайдиган ва олдини оладиган ветеринария врачларини тайёрлаш ҳам йўлга қўйилмаган.
Республикада ветеринария йўналиши бўйича ўқув жараёни билан амалиёт ўзаро боғлиқлиги талаб даражасида эмас. Уни имкон қадар кучайтириш, амалиётга юборилаётган талабанинг ҳам, амалиётни ташкил қилган корхона раҳбарларининг ҳам масъулиятини ошириш давр талабидир. Ҳозирги вақтда 4-босқич талабаларига белгиланган 8 ҳафталик амалиёт муддати ветеринария врачининг шаклланиши учун камлик қилади. Шунингдек, илмий-методик базани ишлаб чиқишда олий таълим фаолиятини мувофиқлаштириш, ўқитувчилар малакасини ошириш масалаларида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида узвий боғлиқлик талаб даражасида эмаслиги ветеринария соҳасида кадрларни етиштириш ва уларнинг малакасини оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз аҳолисини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, республика ҳудудини қўшни давлатлардан ҳайвон ва паррандалар, уларнинг маҳсулотлари орқали кириб келадиган ўта хавфли, одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган инфекцион касалликлардан муҳофаза қилиш, касалликни даволаш, тар¬қалишининг олдини олиш ва уни тезда бартараф этишга масъул ветеринария соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартириш талаб этилмоқда.
Кадрларни тайёрлаш мезонларидаги номутаносиблик оқибатида давлат ветеринария хизмати тизими бўйича 1396 нафар, чорвачилик, йилқичилик, қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликлари ҳамда чорвачилик маҳсулотларини (гўшт, сут, тухум, тери, жун кабилар) қайта ишлаш корхоналарида 7000 нафардан зиёд олий маълумотли ветеринария мутахассисига эҳтиёж юзага келган.
Давлат ветеринария тизими, идоравий ва шахсий ветеринария хизматларида ишлаётган 30 фоиздан ортиқ мутахассис ўрта махсус маълумотли эканини, яна 20 фоизга яқин олий маълумотли мутахассис нафақа ёшига яқинлашганини ҳисобга олсак, бу масала нақадар долзарб эканига ишонч ҳосил қиламиз.
Амалиётдаги олий маълумотли ветеринария мутахассисларига бўлган эҳтиёж, чорвачиликнинг барча тармоқлари учун юқори малакали ёш кадрларни тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, мўйнали ҳайвонлар, балиқ ва асалари касалликлари, шунингдек, ҳайвон ва парранда маҳсулотларининг ветеринария-санитария экспертизаси билан шуғулланувчи ва барча ҳайвон турлари бўйича касалликларга ташхис марказлари учун махсус ветеринария врачлари тайёрлашни йўлга қўйиш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий қилиш, илмий педагогик кадрларнинг мунтазам малакасини ошириш ҳамда ветеринария таълим тизимини халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш каби муаммолар ечими олий маълумотли ветеринария врачлари тайёрланадиган Ветеринария институтини ташкил этиш билан боғлиқ.
Ҳайит САЛИМОВ,
Ветеринария илмий-тадқиқот институти профессори, ветеринария фанлари доктори